Наврўз: Президент афви, бизнесменларга ўгит ва шундоқ касалхонада ёзилган дастурхон - Navro‘z, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами сабаб расмий афв билан чиққан ягона Марказий Осиё давлати президенти бўлди. Тожикистон раҳбари ўзининг байрам нутқида бизнесманларни сахий бўлишга чақирди. Озарбайжонда эса, Наврўз куни Тоғли Қорабоғ урушида қурбон бўлган ҳарбийлар хотирланди. Наврўз яна қаерда, қандай байрам қилинди?
Наврўз ёки баҳорий тенгкунлик форс ва турк халқларининг энг қадимий байрамларидан бири ҳисобланади, тарихи минг йилларга бориб тақалади.
Мазкур айём ҳар йили 21 март куни Хитойдан то Болқон қадар, Марказий Осиё, Эрон, Афғонистон, Покистон, қисман Туркия, Россия ва яна айрим Кавказ давлатларида байрам қилинади.
Давлат миқёсидаги тадбирлар, халқ сайиллари, қадимий урф-одатлар ва миллий анъаналар билан нишонланади.
Аммо бу йилги Наврўз байрами ҳам глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.
Бу ҳам айём шукуҳига таъсир қилмай қўймаган, Наврўзни расман байрам қилувчи аксарият давлат ҳукуматлари оммавий тадбирларни чеклашган.
Одамлардан эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишлари, байрамни асосан ўз уйлари ва маҳаллаларида байрам қилишни сўрашган.
Ўзбекистондаги асосий байрам тантаналари пойтахт Тошкентдаги энг ҳашаматли мажмуалардан бири - Humo Arena да, шахсан мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган.

Сурат манбаси, official
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан расман табриклаган, "кенг кўламли ислоҳотларини бундан кейин ҳам жадал давом этдиришлари"ни айтган.

Сурат манбаси, official
"Бизнинг ютуғимиз эртанги кунга бўлган юксак ишончимиздадир", - деркан, Ўзбекистон президенти, "Бу адолатли ҳақиқатни бошимиздан кечирган синовли кунлар яна бир бор исботлади", - деб айтган.

Сурат манбаси, official
Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами муносабати билан расмий афв билан чиққан ягона Марказий Осиё давлати президенти бўлган. Ўзбекистон президенти байрам арафасида "жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 140 нафар шахсни афв этиш"га қарор қилган.

Сурат манбаси, official
Қирғизистон пойтахти Бишкекда ҳам карантин чоралари ортидан, Наврўз тантаналарини чеклашга қарор қилинган. Бишкекда байрам тантаналарига бағишланган оммавий тадбирларни ўтказишдан воз кечилган. Сўнгги кунларда Қирғизистонда ҳам коронавирус билан боғлиқ кундалик рақамларнинг яна ортаётгани кузатилади. Аммо, хабарларга кўра, шунда ҳам миллий от ўйини - кўпкари ёки "кок-бору" барибир ўтказилган.

Сурат манбаси, ANADOLU/GETTY IMAGES
Президент Эмомали Раҳмон ҳам Тожикистон халқини Наврўз байрами билан расман қутлаган. Тожикистон президенти ўзининг байрам нутқида бизнесманларни сахий бўлишга ҳам чақирган. Уларга айём кунларида ночорларга кўмак қилишни эслатган. Президент Раҳмон бундан аввал бу йилги Наврўзни камхарж ўтказишга буйруқ бергани ҳам хабар қилинган.

Президент иштирокидаги кенг кўламли театрлаштирилган чиқишлар бекор қилинган. Аммо шунда ҳам пойтахт Душанбеда Наврўзнинг тўрт кун байрам қилиниши айтилган. Оммавий тадбирлардан воз кечилмаслиги маълум бўлган.

Бу йил ҳам пойтахт Душанбеда янги унган буғдой бошоқларидан тикланган 30 метрлик Наврўз тимсоли ўрнатилган. Тожикистон сўнгги йилларда пойтахт ва шаҳарларида бу каби анъанага қўл уриб келаётган ягона минтақа мамлакати экани кўрилади. Тожикистон яқинда ковид устидан ғалаба қозонганликларини расман баён қилиб чиққан биринчи Марказий Осиё давлати ҳам бўлганди.

Наврўз Эронда энг катта байрамлардан бири саналади. Аммо Эронда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳалича жиддий ўнгланмаган. Мамлакатда жами коронавирусга чалинганлар сони қарийб икки миллионга яқинлашган.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу Эрон пойтахти Теҳрондаги касалхона бўлими. Наврўз дастурхони шундоққина касалхонанинг ўзида ёзилган. Байрамни шифокорлар беморлар билан бирга нишонлашган.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо Теҳрондаги энг гавжум майдонларнинг биридаги мана бу очиқ бозорда анча-мунча харидорлар кўзга ташланади. Одамлар байрам дастурхони учун турли озиқ-овқатлар харид қилишмоқда. Байрам дастурхонига ғўр бодом тортиш ҳам Эронда бир одат.

Сурат манбаси, Getty Images
Эронда Наврўз дастурхонида олтин балиқ, буғдой майсаси, шам ва кўзгунинг бўлиши эса, шарт, деб кўрилади.

Сурат манбаси, ANADOLU/GETTY IMAGE
Озарбайжонда Наврўз куни бокуликлар сўнгги Тоғли Қорабоғ урушида қурбон бўлган ҳарбийларнинг қабрларини зиёрат қилишган. Дуои фотиҳа ўқишган.

Сурат манбаси, Getty Images
Туркияда Наврўзни минглаб курдлар турли куй-қўшиқ ва рақслар билан байрам қилишган. Истанбул кўчаларига чиқишган.

Сурат манбаси, Reuters
Ироқнинг ўзида эса, курдлар байрамни машъалалар ва мушакбозликлар билан нишонлашган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистонда Наврўзни форсийлар байрам қилиб келишади. Шу куни улар зардўштийлик ибодатхоналарига боришади. Ушбу расмда Мўмбайдаги ибодатхона яқинидаги ота ва ўғил тасвирланган.

Сурат манбаси, Getty Images
Кашмирнинг Ҳиндистон назорати остидаги Шринагар шаҳрида эса, ҳар йил Наврўз пайтида табиблар одамларга зулук қўйишади. Зулуклар инсондаги нопок қонни сўриб олиши ишонилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































