Ўзбек алифбоси ислоҳоти якунига етдими?

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси Лотин алифбосига ўтиш қонунини қабул қилиб Сенатга юборди. Орадан 33 йил ўтиб Ўзбекистонда алифбо ислоҳоти ўз якунига яқинлашгандек кўринаяпти.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси хабар қилишича, Ўзбекистоннинг Лотин алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топади.
Шунингдек, "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги қонун айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритди.
Қонун маъқулланиб кучга кирса, ҳозир икки белги билан ёзиб келинаётган Лотиндаги Ў, Ғ, Ч ва Ш ҳарфлари бир белги билан ифодаланади.
Қонунчилик палатасига кўра, янги қонун ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
"Хусусан, қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг амал қилиши сақлаб қолиниши, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлари ҳамда бошқа атрибутлардан белгиланган муддатгача фойдаланиш тартиби назарда тутилади", дейилади хабарда.
Қонунчилик палатасининг 7 июлдаги ялпи мажлисида қонун қабул қилинишидан олдин кузатилган муҳокамаларда айтилишича, бундай ёндашув давлат органлари ва ташкилотларида амалда фойдаланилаётган ҳужжатлар, бланкалар, пешлавҳалар, кўрсаткичлар ва бошқа моддий воситаларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш заруратини бартараф этади.
Натижада давлат бюджети маблағларининг асоссиз сарфланишининг олди олинади, қўшимча давлат харажатлари юзага келишига йўл қўйилмайди ҳамда алифбодаги ўзгаришларни амалга ошириш давлат органлари ва ташкилотлари учун молиявий жиҳатдан мақбул, босқичма-босқич тартибда таъминланади.

Сурат манбаси, Telegram/Oliy Majlis Qonunchilik palatasi
Бу Ўзбекистон алифбосининг сўнгги 100 йилдаги тўртинчи ўзгартирилиши бўлади.
Алифбо ўзгартирилиши аҳоли саводхонлиги учун доимо салбий ҳодиса бўлган, аммо ўзбекистонликларнинг кўпчилиги ёзиш-чизишни билмагани учун 1929 йилдаги Араб алифбосидан Лотин алифбосига ўтилиши жараёни унча оғриқли кечмаган.
1940 йили Ўзбекистонда яна алифбони алмаштиришга қарор қиладилар: Кирил алифбосига ўтилди.
1989 йили Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш қарори қабул қилинган вақтда яна алифбони ислоҳ этиш чақириқлари янгради.
Сиёсий раҳбарият рўйхушлик билдирмаса-да, "Бирлик" ва "Эрк" мухолиф сиёсий партиялари босими остида 1991 йили Лотин алифбосига ўтиш масаласини парламент муҳокамасига киритишга рози бўлди.
Мутахассислар, ёзувчилар ва жамоатчилик ўртасида Ўзбек ёзувини Кирилдан Лотин графикасига қайтариш масаласи муҳокамалари бир йилча давом этди.
1993 йил 2 сентябрда "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Қонун матнида бу қарор «кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишлар» ҳисобга олиниб қабул қилингани, бу қонун Ўзбекистоннинг "жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишга хизмат қилиши" таъкидланди.

Мактаб ўқувчилари Лотин алифбосида босқичма-босқич ўқитила бошландилар.
Биринчи синфга қабул қилинган болалар 1994–1995 ўқув йилидан бошлаб янги Лотин ёзуви асосидаги дарсликлар билан таълим ола бошладилар.
1997 йили Ўзбекистонда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди, Лотин алифбосидаги айрим ҳарфлар ноқулайлигини бартараф этиш зарурлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ўртага чиқди.
Аммо Лотин ёзувига узил-кесил ўтилишига боғлиқ қарор Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгунича ҳам қабул қилинмади.
2021 йил 16 мартида "'Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳада Лотин ёзувидаги Ўзбек алифбосини 28 ҳарф ва бир ҳарфлар бирикмасидан иборат қилиш таклифи илгари сурилди.
Ўзбекистонлик блогерлар уч йил олдинги муҳокамаларда ўртага ташланган саволларга бугун ҳам жавоб берилмагани ҳақида ёзмоқдалар.
Янги қонун лойиҳасини энди Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатии маъқуллаши ва Президент Шавкат Мирзиёев имзолаши талаб этилади, ана ундан кейин кучга кириши муддати белгиланади.
Ўзбекистон билан бир вақтда Лотин алифбосига ўтишни бошлаган Озарбайжон 2001 йили бу жараённи ниҳоясига етказди: ўша йили 1 августдан бошлаб расмий ҳужжатлар, матбуот, ташқи ёзувлар ва реклама фақат Лотин алифбосида бўлиши белгилаб қўйилди.




























