Ўзбек футболи спорт дипломатиясини шакллантирадими? Видео

    • Author, Санжар Эралиев
    • Role, bbc.com/uzbek
    • Reporting from, Бишкек
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон терма жамоасининг тарихда илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этиши Марказий Осиёда футбол кайфиятини кучайтирди.

Шу кунларда минтақа мамлакатларида ўзбек футболчиларига бағишланган видеолар, расмлар ва илиқ фикрлар кўпайди. Бу ҳолат Ўзбекистоннинг футболдаги ютуғи билан бирга, қўшни давлатлар ўртасида спорт дипломатиясига туртки бўлаётгани таъкидланмоқда.

Бишкекда футбол мухлислари 6 июн куни бўлиб ўтган Қирғизистон – Фаластин учрашувига Ўзбекистон байроғини ҳам кўтариб боришди. Бу орқали улар Жаҳон чемпионатида қўшни давлатни қўллаб-қувватлашини намойиш этдилар.

Шоумен ва телебошловчи Эркин Рисқулбеков Би-би-сига берган интервьюсида шундай деди:

"Мен аслида футболга умуман қизиқмайман. Аммо бу галги Жаҳон чемпионатини албатта кўраман. Сабаби, биродар ўзбекларни қўллаб, уларнинг ғолиб бўлишини истаймиз. Шунинг учун Ўзбекистонни қўллашга чақираман. Олға, Ўзбекистон терма жамоаси!".

Ўзбекистон ҳозирча Марказий Осиё давлатлари орасида футбол бўйича эркаклар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиққан ягона мамлакат ҳисобланади. Шу боис унинг муваффақияти қўшни давлатларда ҳам минтақа футболи учун муҳим воқеа сифатида қабул қилинмоқда.

Қирғизистонлик айрим блогер қизлар ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон байроғи рангларида пардоз қилиб чиқиб, ўзбекларга омад тилашди.

Sport.kg портали муҳаррири Гулжан Турдубоева ўтказган сўровномада кўпчилик Ўзбекистонга омад тилашини билдирди:

"Спорт дипломатияси ривожланганини кўряпмиз. Бунга эса ўзбек футболи туртки бўлди. Ўзбекистоннинг Португалия билан бир гуруҳда ўйнаши аслида катта ютуқ. Чунки Португалия сафида дунёнинг энг машҳур футболчиларидан бири Криштиану Роналду бор ва унинг ўйинларини бутун дунё кузатади. Агар Ўзбекистон ғалаба қозонса, ўзбек футболчилари жаҳон скаутлари ва мутахассислари эътиборига тушади. Ҳатто мағлуб бўлган тақдирда ҳам, Ўзбекистон футболи халқаро майдонда кенгроқ танилади. Шу маънода, бу имконият нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё футболи ривожи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга".

Турдубоева бундай жараёнлар аввал ҳам кузатилганини таъкидлайди. Унинг айтишича, 2002 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин Осиё футболига халқаро қизиқиш сезиларли даражада ортган, Жанубий Корея ва Япония футболчилари Европанинг етакчи чемпионатларига кўпроқ жалб қилина бошлаган.

Қозоғистонда ҳам Ўзбекистоннинг мундиалга чиқиши спорт муҳокамаларининг асосий мавзуларидан бирига айланди. Спорт таҳлилчиси Тимур Айтмуханбетовнинг таъкидлашича, мамлакатда кўплаб мухлислар Ўзбекистон терма жамоасининг иштирокини минтақа футболи учун ижобий воқеа сифатида қабул қилмоқда.

"Бу кайфият 2025 йили Ўзбекистон Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганидан кейин шакллана бошлаган. Албатта, очиқ ўйинларда рақобат ва таққослаш ҳолатлари бўлади. Лекин биродар Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатига чиқиши Қозоғистонда катта самимийлик ва чин дилдан хурсандчилик билан кутиб олинди. Кўпчилик қозоғистонликлар учун бу мундиалда Ўзбекистон терма жамоаси ўз жамоасидек бўлади, уларни бутун қалб билан қўллаб-қувватлашади".

Таҳлилчига кўра, Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатидаги иштироки қўшни мамлакатларда футболга қизиқишни кучайтириши ва шунга ўхшаш натижаларга эришиш истагини рағбатлантириши мумкин.

"Ишончим комилки, ўзбек футболидаги бу ютуқ бутун минтақада, яъни Марказий Осиёда футбол ривожига туртки беради. Чунки биродар ўзбеклар тўғри меҳнат ва тўғри ёндашув бўлса, ҳаммаси мумкинлигини кўрсатиб берди", – дейди Тимур Айтмуханбетов.

Шунингдек, Европа давлатларида яшаётган марказий осиёликлар ҳам турли ташаббуслар орқали ўз муносабатини билдирмоқда.

Чехия пойтахти Прагада яшовчи ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман ва тожик фаоллари иштирокида тайёрланган қўллов видеоси "Инстаграм" платформасида кенг тарқалди. Ташаббус ташкилотчиси Уланбек Асаналиевнинг айтишича, улар Ўзбекистонга омад тилаш орқали минтақа аҳолиси ўртасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш ғоясини намойиш этмоқчи бўлишди.

Skip Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз:

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик фаоллашаётгани фонида экспертлар минтақада ўзаро яқинлашув ва бирдамлик кайфияти кучайиб бораётганини таъкидламоқда.

Бу жараён спорт соҳасида ҳам кўзга ташланади. Хусусан, 2024 йилги Париж Олимпиадаси даврида қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига ўзбекистонлик мутахассис Акмал Ҳасановнинг мураббийлик қилиши икки мамлакат спортчилари ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин мисолларидан бири сифатида тилга олинган эди.