You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Жаҳон чемпионатида ғалабалар: тарихдан кутилмаган сабоқлар
- Author, Фернандо Дуарте
- Role, BBC Жаҳон хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Футбол бўйича эркаклар ўртасидаги Жаҳон чемпионати натижаларини башорат қилишга уринишлар ривожланди. Ҳозирги кунда суперкомпютерлар букмекерлар, билимдон мухлислар ва фолбинлар билан рақобатлашмоқда.
Аммо сўнгги учта турнир ғолибини тўғри топгани билан машҳур бўлган немис молиявий таҳлилчиси Йоахим Клемент ҳам кучли жамоалар ўртасидаги ўйинларда кўп нарса омадга боғлиқ, деб ҳисоблайди.
Жамоанинг ўша кундаги спорт формаси, ҳакам қарори ёки тўпнинг устунга тегмасдан дарвозага кириб кетиши каби ҳолатларни "умуман башорат қилиб бўлмайди", дейди у Би-би-си га.
Бироқ ўтмишга назар ташласак, соврин учун курашаётган жамоалар ёдда тутиши керак бўлган бир нечта омил бор ва уларнинг баъзилари анча ҳайратланарли.
Тор доирадаги ғолиблар
Жаҳон чемпионатларида иштирок этган 84 та жамоадан атиги саккизтаси кубокни қўлга киритган: Аргентина, Бразилия, Англия, Франция, Германия, Италия, Испания ва Уругвай.
Жаҳон чемпионати финалида бор-йўғи 13 та миллий терма жамоа ўйнаган ва уларнинг баъзилари буни бир неча бор уддалаган. Германия саккиз марта, Бразилия етти марта, Аргентина ва Италия эса олти марта финалга чиққан.
Ғолиблар сафига қўшилиш қийин – бу рўйхатга энг охирги бўлиб 2010-йилда Испания кирди.
Уч марта финалда ўйнаб, бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган Нидерландияни ҳам эслаб ўтиш жоиз. Аммо Клемент улар 2026-йилда ниҳоят совринни кўтаради, деб тахмин қилмоқда.
Шунингдек, мусобақа тарихида Африка ёки Осиё қитъасидан фақат икки жамоа – 2002-йилда Жанубий Корея ва 2022-йилда Марокаш ярим финалга чиққан.
География муҳим омил
1930-йилда Уругвайда ўтказилган илк ФИФА Жаҳон чемпионатидан тортиб, 2022-йилда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги мусобақагача жамоаларнинг ўз қитъасидан ташқарида ғолиб бўлиши жуда кам учрайдиган ҳолат.
22 та турнирда атиги олти мартасида шундай бўлган ва бунга фақат Бразилия (1958-йилда , 1994-йилда ва 2002-йилда ), Испания (2010-йилда ), Германия (2014-йилда ) ва Аргентина (2022-йилда ) эришган.
Агар мусобақани Жанубий Америка ёки Европа ҳудудида ўтказилганлари билан чекласак, бу географик анъана 19 та Жаҳон чемпионатида фақат икки марта бузилган.
Жамоалар ўз қитъасида яхшироқ натижа кўрсатишига сабаб улар иқлимга кўпроқ мослашган, сафар чарчоғини камроқ ҳис қилади ва мухлислар қўллаб-қувватлови кучлироқ бўлади. Дарҳақиқат, олтита Жаҳон чемпионатида мезбон жамоа ғолиб чиққан.
Географик тенденция турнирнинг дастлабки босқичларида ҳам кузатилган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Масалан, 2014-йилда Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионатида Лотин Америкасининг етти мамлакати 16 жамоалик плей-офф босқичига чиққан. Европадан эса бор-йўғи олтита жамоа бу натижани қайд этган. Ваҳоланки, одатдагидек, турнирга Европадан бошқа қитъалардан кўра кўпроқ жамоа йўлланма олган эди.
Орадан тўрт йил ўтиб, Россиядаги мундиалда нимчорак финалнинг 10 та ўрнини Европа жамоалари эгаллаган бўлса, Лотин Америкасидан атиги бешта жамоа бу босқичга чиққан. Шунингдек, ярим финалга чиққан тўрттала жамоа ҳам Европа вакиллари бўлган.
Бироқ 2026-йилги Жаҳон чемпионати янги саҳифа очади. У илк бор учта давлат (АҚШ, Канада ва Мексика) мезбонлигида ўтади ва унда одатдаги 32 та эмас, 48 та жамоа иштирок этади. Тўртта жамоа - Кюрасао, Кабо-Верде, Иордания ва Ўзбекистон мусобақада дебют қилади. Балки бу турнир тарихий тенденцияларни ўзгартирар.
ФИФА рейтинги бехосиятми?
Сўнгги пайтларда энг яхши натижа кўрсатаётган жамоа Жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли қатнашишини кутиш мантиқан тўғри. Аммо бу муваффақият кафолатланган эмас.
1992-йилда жорий қилинган ФИФА Жаҳон рейтинги турнир фаворитларининг дастлабки босқичларда ўзаро тўқнаш келиши олдини олиш мақсадида жамоаларни саралаш учун ишлатилади. Рейтинглар, теннис каби бошқа спорт турларида бўлгани каби, жамоанинг кўрсаткичи ФИФА тан олган футбол ўйинлари, жумладан, ўртоқлик учрашувлари натижаларига кўра ҳисобланади.
Жаҳон чемпионати ғолиблари деярли ҳар доим рейтингнинг кучли 10-15 талигидаги жамоалар орасидан чиқади. Аммо Жаҳон чемпионати вақтида ФИФА рейтингида биринчи ўринни эгаллаб турган ҳеч бир жамоа ҳали турнирда ғолиб бўлмади.
8-июн ҳолатига кўра, бу тенденция ҳозирги пешқадам Аргентина учун шумхабар бўлиши мумкин.
Якуний рейтинглар кўплаб жамоалар ўртоқлик учрашувларини ўтказиб бўлганидан сўнг, 2026-йилги Жаҳон чемпионати старт оладиган кун, яъни 11-июнда янгиланади.
Амалдаги чемпионлар учун кураш оғир кечади
Бир неча бор Жаҳон чемпиони бўлган давлатлар бор – Бразилия, Германия, Италия ва Аргентина ҳисобида жами 16 та чемпионлик мавжуд. Аммо совринни сақлаб қолиш жуда қийин.
Мусобақанинг бутун тарихи давомида фақат икки давлат – Италия (1934-йилда ва 1938-йилда) ҳамда Бразилия (1958-йилда ва 1962-йилда) кетма-кет икки марта ғалаба қозонган.
Зафар кўпинча таназзулдан олдин келади
Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда Жаҳон чемпионати амалдаги чемпионлар учун анча омадсиз кечмоқда.
2002-йилдан бери аввалги турнирнинг олти ғолибидан тўрттаси ҳатто гуруҳ босқичидан ҳам ўта олмаган. Бразилия (2002-йилги чемпион ва 2006-йилги чорак финалчи) ҳамда Франция (2018-йилги ғолиб ва 2022-йилги иккинчи ўрин соҳиби) бундан мустасно.
Хорижлик мураббийлар ҳали бу ишни уддалай олмади
Жаҳон чемпионатида хорижлик мураббийларни ёллаш янгилик эмас, бироқ сўнгги ўттиз йилда хорижлик мутахассисларга таянадиган жамоалар сони ортди. Бу кўрсаткич 2026 йилда ўзининг энг юқори чўққисига чиқади: бунда иштирокчи 48 мамлакатдан 27 тасида хорижлик мураббий ишлайди.
Улар қаторида собиқ ғолиблар Бразилия ва Англия ҳам бор, бу жамоаларни мос равишда италиялик Карло Анчелотти ва германиялик Томас Тухел бошқаради.
Муаммо шундаки, шу пайтгача хорижлик мураббий қўл остидаги бирорта ҳам жамоа Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлмаган.
"Бавария" ва "Интер"нинг ғалати таъсири
"Бавария" ёки Италиянинг "Интер" клуби ўйинчиси, баъзан эса ҳар иккаласидан ҳам футболчи бўлган.
1982-йилдан бери фақат икки марта (1986 ва 2010-йилларда) ушбу икки клубдан бирортасининг вакили бўлмаган жамоа совринни қўлга киритишга муваффақ бўлган.
ФИФА томонидан эълон қилинган ўйинчиларнинг расмий рўйхатига кўра, 2026-йилги турнирда қатнашадиган 48 жамоадан 15 таси таркибида "Бавария" ёки "Интер" футболчиси, ёхуд ҳар иккала клубдан ҳам ўйинчилар бўлади. Булар қаторида Германия, Франция, Англия ва амалдаги чемпион Аргентина каби юқори савиядаги жамоалар бор.