Беларус: Ўзбекистонликлар дуч келган ишда ишламайдими? Видео

Published
Ўқилиш вақти: 10 дақ

Янги хабарлар олинди.

Ўзбекистон ва Беларус президентлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон ҳукумати диққат-эътиборидаги энг долзарб масалалардан бири бўлади.

Ўзбекистон ва ташқи меҳнат миграцияси

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири

Сурат манбаси, Dmitry Beliakov/Bloomberg via Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги янгилик Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаролари учун ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш ҳаракатида бўлган бир пайтда олинди.

Ўзбекистонликлар учун муқобил ташқи меҳнат бозорларининг сони яна биттага ортди.

Уларнинг сафига энди Беларус ҳам қўшилди.

Сўнгги янгилик Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаролари учун ташқи меҳнат бозорларини турфалаштириш ҳаракатида бўлган бир пайтда олинди.

Ташқи меҳнат миграцияси Ўзбекистон ҳукумати диққат-эътиборидаги энг долзарб масалалардан бири бўлади.

Бу мамлакатнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий барқарорлиги учун муҳим, деб кўрилади.

Ўзбекистон минтақанинг энг катта сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Жами олганда уларнинг сони бугун ҳам бир неча миллионларга нисбат берилади.

Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ҳар йил ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмининг салмоқли қисмини ташкил қилади ва йилларки, ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг самарали воситалардан бири сифатида кўрилади.

Шу пайтгача Россия қолган аксарият минтақа давлатлари мисолида бўлгани каби ўзбекистонликлар учун ҳам энг йирик меҳнат бозори бўлиб келади.

Россиядан кейин Қозоғистон, Жанубий Корея ва Туркия катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари қонуний ва ноқонуний меҳнат муҳожирлигида банд давлатлар сифатида тилга олинади.

Ўзбекистон ҳукуматининг сайъ-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда бу рўйхат қатор Европа, Осиё ва араб давлатлари ҳисобидан янада кенгайган.

Шу йил бошида эълон қилинган расмий маълумотларда бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари ташкилий миграция асосида 30 дан ортиқ давлатда меҳнат фаолиятини олиб бораётгани айтилган.

Январ ойида президент Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказган.

Йиғилишда ташқи меҳнат миграциясини тизимли йўлга қўйиш, ўзбекистонликларни хорижда юқори даромадли ва қонуний иш ўринларига йўналтириш бўйича ишлаш ҳудуд раҳбарлари ва Ўзбекистоннинг чет мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг асосий вазифалари этиб белгиланганлиги расман хабар берилган.

Буларнинг барчаси, бошқа томондан, Россиянинг Украина билан уруши ва мамлакатда кучайиб бораётган аксил-миграцион кайфиятлар ўзбекистонликларнинг ҳам ёппасига ортга қайтишига оид хавотирларни пайдо қилиб бўлган бир пайтга ҳам тўғри келган.

Ташқи меҳнат миграцияси ишсизлик бўладими ёки камбағаллик - кўпчилик Марказий Осиё давлатлари учун улар ҳали-ҳануз тўқнаш келиб турган энг долзарб ижтимоий, иқтисодий муаммоларнинг энг имконли, энг самарали ва энг амалий ечими вазифасини бажариб келади.

Ишлаш учун бугун Россия яхшими ёки Беларус? Видеони кўриш учун қуйида илова қилинган линкни босинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Янги меҳнат бозори

Ўзбекистондаги бозорлардан бири.

Сурат манбаси, Giovanni Mereghetti/UCG/Universal Images Group via Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон аҳолисининг сони жиҳатидан минтақадаги энг йирик давлат. Аҳолисининг катта фоизини айнан ёшлар ташкил этади.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик давлати бўлади.

Сўнгги расмий рақамларда аҳолиси сонининг 40 миллионга яқин экани айтилади.

Аҳолисининг катта фоизини айнан ёшлар ташкил этади.

Ўзбекистонликларни ишга шахсан президент Александр Лукашенконинг ўзи чақирди.

Аввалига "Ўзбекистонда сув етишмаслиги"ни тилга олди, кейин "ер ҳам кўпроқ бўлгани маъқул"лигига тўхталди, сўнгра "Беларусда буларнинг барчаси борлиги"ни айтди.

Лукашенко ҳатто бутунбошлик Ўзбек оилаларини Беларусда кўриш истагида эканини айтди.

Уларни ўзларига кўчиб келишга чақиргани Ўзбекистондаги айрим нашрларда сарлавҳаларга ҳам чиқди.

Беларус раҳбари сўнгги бир неча ойнинг ўзида бу масалага кетма-кет икки бор қайтди.

"Айнан ўзбекистонликлар"ни ишлаш учун қабул қилишдан "доим мамнунмиз", деди.

Александр Лукашенко "келувчилар учун ҳатто яшаш, таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари яратилиши"ни ҳам ваъда қилди, "ривожланишларини исташлари"ни ҳам қўшимча қилди.

"Келинг, бирга ишлаймиз. Беларуслар Ўзбекларга нисбатан жуда яхши муносабатда, жуда яхши", деди.

"Беларус ерларининг бўшаб қолмаслиги учун" бу ўзларига "жуда зарур" эканини айтди.

Лукашенко, "президентларнинг иродаси, қўллаб-қувватлаши бор"лиги, "ҳаракат қилиш керак"лигини таъкидлади.

"Тез ҳаракат қилмасак, кеч қолсак, бошқаси келади", деб ҳам шоширди.

Бунақа ошкора даъват, бошқа томондан, ўзбекистонликлар бугун катта сонда вақтинчалик ташкилий меҳнат миграциясида банд дунёнинг аксарият давлатлари мисолида кўрилмагани ҳам бор гап.

Мутахассис баҳоси

Ботиржон Шермуҳаммад.
facebook
Misol uchun, mana, Turkiya bilan solishtirsak yoki, deylik, hatto sharqiy Yevropaning ba’zi mamlakatlari bilan qiyoslaganimizda ham, sharoitlar yomon emasligini ko‘rishimiz mumkin.
Botirjon Shermuhammad
migrant.uz portali asoschisi va rahbari, huquqshunos (batafsil: bbc.com/uzbek da).

"Энди, умуман олганда, Беларус бозори биз учун янги бозор. Яъни, очиқ манбаларда ҳозиргача бир қандайдир иқтисодий таҳлиллар йўқ. Беларус ҳозирги кунда аниқ қанча ўзбекистонликни қабул қила олади, деган саволимизга жавоб йўқ. Лекин, биламизки, ўша собиқ СССР пайтидан ҳам Беларус саноатлашган, бундан ташқари аграр соҳада ҳам ривожланган давлат ҳисобланган", - дейди migrant.uz портали асосчиси ва раҳбари, ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад BBC Ўзбек хизмати билан суҳбатида.

Унинг Беларусда аллақачон ишлаётган ўзбекистонлик тадбиркорлар билан суҳбатларига таяниб айтишича, ҳозир кўпроқ аграр соҳада, чорвачилик, деҳқончилик, қурилиш, саноат ва хизмат соҳаларида кўплаб ишчи кучига эҳтиёж бор".

"Ўртача 1000 АҚШ доллари атрофида даромад олиш имконияти" йўқ эмас.

"Мисол учун, мана, Туркия билан солиштирсак ёки, дейлик, ҳатто шарқий Европанинг баъзи мамлакатлари билан қиёслаганимизда ҳам, шароитлар ёмон эмаслигини кўришимиз мумкин", - дейди у.

"Масалан, Болгарияга ўхшаган давлатларда ҳам ўртача 1000 АҚШ доллари атрофида даромад олиш имконияти айтилаяпти. Лекин албатта бориш қийин. Европа мамлакати. Виза олиш керак ва уни олиш жараёни жудаям қийин, мураккаб, узоқ вақт кутиш керак".

Аммо, Беларус ҳукумати имконият яратишга тайёрлигини айтаркан, суҳбатдошимиз "у ердаги баъзи бир, балким қаттиқроқ жавобгарлик чораларини ҳам ҳисобга олиш керак"лигини таъкидлайди.

"Албатта, боргандан кейин уларнинг қонунларини ўрганиб, шу қонун доирасида ишлашга ҳаракат қилиш керак. Яъни, Россияга ўхшаб, катта бир оммавий равишда ноқонуний ишлаш ва юришга ҳаракат қилмаслик лозим....У ердаги режимни, тартибни ҳисобга олиш керак, албатта".

Янгича алоқалар

Ўзбекистон ва Беларус президентлари.

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ва Беларус муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Икки давлат ўртасида биринчи марта миграцияга оид келишувнинг ҳам алмашилгани расман хабар берилди.

Ўзбекистон президентининг 8-9 июл кунлари Беларусга қилган икки кунлик расмий ташрифи чоғида ҳар икки давлат мустақиллиги тарихида илк бор стратегик шериклик алоқалари ўрнатилди.

35 йил деганда икки ўртада расман "Стратегик шериклик тўғрисида"ги шартнома имзоланди.

Ўзбекистон ва Беларус муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Икки давлат ўртасида биринчи марта миграцияга оид келишувнинг ҳам алмашилгани расман хабар берилди.

Янги келишув Беларус ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этишни кўзда тутиши айтилди.

Бунгача бу икки давлат ўртасида бунақанги бир битим амал қилмаган.

Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида мамлакатнинг Беларус билан муносабатлари ҳам яқин эмаслиги билан ажралиб турган.

Ўзбекистон ҳозир миллий манфаатларга асосланган кўп қутбли ташқи сиёсат олиб бориш ва яхши қўшничиликка асосланган дипломатия юритиш ҳаракатида.

Ўзининг савдо-иқтисодий ҳамкорлари, ташқи бозорларини турфалаштириш илинжида.

Агар, сўнгги расмий маълумотларга таянилса, Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми сўнгги беш йилда қарийб 3 баробар ошган.

Ўтган йил якунига кўра салкам $1 миллиард АҚШ долларига етган.

Томонлар пойтахт Минскда ўзаро савдо ҳажмини $2 миллиард АҚШ долларига етказиш ниятини ҳам изҳор этишган.

Айнан иқтисодий ҳамкорлик соҳаси эса МДҲ доирасида Беларус манфаатлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани айтилади.

Беларус

Бугунги Беларус.

Сурат манбаси, OLESYA KURPYAYEVA/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Беларус ишлаб чиқариш саноати, хизмат кўрсатиш соҳаси ва қишлоқ хўжалиги яхши ривожланган, экспортга йўналтирилган мамлакат.

Агар, 2025 йилги маълумотларга таянилса, Беларус аҳолиси 10 миллионга яқин.

Беларус ишлаб чиқариш саноати, хизмат кўрсатиш соҳаси ва қишлоқ хўжалиги яхши ривожланган, экспортга йўналтирилган мамлакат.

Иқтисоди асосан давлат назорати остида.

Мамлакат иқтисодиёти асосан Россия билан савдога таянади.

Россия молиявий ёрдам ва субсидияланган энергия таъминотини таъминлайди.

30 йилдан ошиқки, мамлакатни якка Лукашеконинг ўзи бошқариб келади.

Беларус 2020 йилда йирик сиёсий инқирозни бошидан кечирган.

Бунинг ортидан мамлакатни кўп одам тарк этган.

Уларнинг орасида ҳали меҳнатга лаёқатли ва юқори малакалиларининг ҳам оз бўлмагани айтилади.

Беларус, бошқа томондан, Украинага қарши урушида Россиянинг яқин иттифоқчиси сифатида ҳам кўрилади.

Ҳозир шу боис Ғарбнинг кўплаб санкциялари остида. Россияни қўллаётганликда айбланади.

Беларусда Россиянинг тактик ядровий қуроллари ҳам жойлаштирилгани айтилади.

Аммо Украина урушига тўғридан-тўғри аралашмаган.

Беларус уруш ичидаги Украинага бевосита чегарадош.

Бу омиллар эса, ўз навбатида, Беларуснинг ташқи меҳнат бозори ўлароқ қанчалик хавфсиз ва барқарор эканига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

"Албатта хавотирлар бор. Биз ҳам биринчи берган саволларимиздан бири мана шу уруш билан боғлиқ бўлди. Ҳозирча Беларус ҳукумати ҳар доимгидек иккала томонга ҳам бир урушга бевосита, фаол қатнашмасдан туриш имкониятига эга бўлаяпти. Умид қиламизки, шундай бўлиб қолади. Ҳозиргача катта бир хавфни кўрганимиз йўқ. Лекин бу хавф йўқ эмас, албатта", - дейди migrant.uz портали асосчиси ва раҳбари Ботиржон Шермуҳаммад BBC Ўзбек хизмати билан суҳбатида.

"Агар, мабода, уруш яқин вақтда тезроқ тугаб қолса, албатта, бу Беларус бозори, Украина меҳнат бозори ҳам бизникилар учун анча қизиқарли бозорлар бўлиб қолган бўлар эди".

АҚШ ўтган йили қатор сиёсий маҳкумларни озод этиш эвазига Беларусга қўллаган санкцияларини юмшатган.

Сўнгги халқаро ҳисоботларда Беларус иқтисоди жонлана бошлаганига оид таҳлилларни ҳам ўқиш мумкин бўлган.

Беларус ва меҳнат бозори

Бугунги Беларус.

Сурат манбаси, Gabriele Fromm/ullstein bild via Getty Images

Сурат тагсўзи, Агар, айрим беларус нашрларидаги рақамларга таянилса, 2025 йилда Беларусга келган мигрантларнинг сони 48 мингдан ортган.

Хабарларга кўра, Беларус ҳозир жиддий ишчи кучи тақчиллигига юз тутган.

Беларус меҳнат бозорида юзга келган бу каби вазиятга оммавий эмиграциядан ташқари туғилишнинг камайиши ҳам сабаб бўлгани айтилади.

Беларус ҳукумати сўнгги йилларда буни фаол четдан қоплаш ҳаракатида.

Талаб кучли бўлган соҳаларда хорижликларни ҳатто соддалаштирилган тартибда ишга ёлламоқчи бўлаётгани билан ҳам эътиборга тушган.

Агар, айрим беларус нашрларидаги рақамларга таянилса, 2025 йилда Беларусга келган мигрантларнинг сони 48 мингдан ортган.

Бунинг 2024 йилгиси билан солиштирганда, 42 фоизга кўп экани ҳам айтилган.

Бу каби нашрларда кечаётган йилда ҳам Беларусга келаётган мигрантлар сони ўсишда давом этаётгани таъкидланган.

Агар, ушбу нашрлардаги маълумотларга таянилса, Туркманистон Беларусга ишчи кучининг асосий таъминотчиси бўлади.

Дейлик, 2025 йилда ушбу мамлакат фуқаролари Беларусдаги барча янги хорижий ишчиларнинг деярли ярмини ёки 48 фоизини ташкил этган.

Улардан кейинги ўринларни Россия ва украиналиклар эгаллаган.

Ўзбекистонликлар эса, 3618 нафар эканликлари билан юқори тўртликни тўлдирганликлари кўрилган.

Бу тўрттовлондан кейин эса хитойликлар келган.

Бу ҳақда belsat.eu нашри хабар берган.

Худди шу нашр Беларус президентининг Покистондан "150000" ишчи ёллаш режасига ҳам алоҳида эътибор қаратган.

Амалдаги рақамлар эса "таққослаб бўлмас даражада" экани, ўтган йили Беларусга бор-йўғи "561 нафар Покистон фуқароси ишлаш учун келгани"ни тилга олиб ўтган.

Аммо, мазкур нашрга кўра, меҳнат миграцияси жўғрофияси кенгайиб бормоқда, Ветнам бўладими, Мянма, Камерун, Кот-д'Ивуар ёки Конго – ўнлаб давлатлардан одамлар Беларусга ишлаш учун келмоқда.

Худди шу манзарада талаб катта бўлган соҳаларда Беларусда иш ҳақларининг Ғарбий Европа давлатлариникидан анча орқада эканига оид танқидлар ҳам бор.

Бошқарувнинг "авторитар" экани меҳнат мигрантлари назарда тутилганида ҳам назоратнинг кучли экани талқинида интернетда муҳокамаларга сабаб мавзулардан бири экани кўрилади.

Тошкентда нима гап?

Андижон вилояти ҳокими Беларус президенти билан.

Сурат манбаси, social media

Сурат тагсўзи, Маълум бўлишича, ушбу пилот лойиҳага Андижон вилоятидан ташқари Миграция агентлиги ва Беларуснинг Витебск вилояти Меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя қўмитаси ҳам бош қўшган.

Минскка икки кунлик расмий ташрифидан бир ҳафта ўтар-ўтмай, Беларус билан ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масаласига шахсан Ўзбекистон президентининг ўзи эътибор қаратди.

15 июл кунги расмий хабарларда Шавкат Мирзиёев бу хусусда эришилган келишувлар ижросига доир тақдимот билан танишгани айтилди.

Пойтахт Тошкентдаги йиғин Беларусга ишлашга юборилган бир гуруҳ ўзбекистонликнинг, айниқса, иш ҳақининг камлиги юзасидан ижтимоий тармоқларда бўй кўрсатган норозилиги манзарасида бўлиб ўтгани билан ўзига эътибор тортди.

13 июл куни 200 дан ортиқ ўзбекистонликнинг Беларусга Андижон вилояти ҳокимлигининг пилот лойиҳаси доирасида ишга юборилган айтилган.

Орадан икки кун ўтиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларида улардан айримлари таклиф этилаётган маошнинг бор-йўғи $500 доллар ва барча сарф-харажатларнинг ўзларидан эканини айтиб, мурожаат билан чиқишган, ўзларини Ўзбекистонга қайтаришларини сўрашган.

Ўзбекистон Миграция агентлиги муаммонинг ўша куни кечга қадар ҳал қилинишини билдирган, орадан қисқа вақт ўтмай ижтимоий тармоқларда тарқалган видео муаллифларидан бири ўзларининг $700 долларлик бошқа ишга ўтказилганликлари, қолган шарт-шароитларнинг ҳам энди яхши эканини айтиб, бошқа видеомурожаат билан чиққан.

У ўзининг янги мурожаатида бошқалардан дастлабки видеосини ўчириб ташлашларини ҳам сўраган.

Беларус ички ишлар вазири ҳам 16 июл куни ўзбекистонлик ишчиларнинг рўйхатдан ўтиши, жойлашуви ва меҳнат шароитлари билан боғлиқ барча масалалар ҳал этилганини айтган.

Аммо бу ҳар икки видеомурожаат ҳам ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган, Беларусга ташкилий асосдаги илк вақтинчалик меҳнат миграциясининг қандай ташкиллаштирилгани савол остига олинган, бу ўша кунлари трендга чиққан мавзулардан бирига ҳам айланган.

Бунақаси ўзбекистонликлар вақтинчалик ташкилий миграция асосида ишлашга бораётган бошқа бирор бир давлат мисолида кузатилмагани билан ҳам ўзига эътибор тортган.

Ижтимоий тармоқларда уларнинг қандай жўнаб кетишганидан тортиб, нега норози аҳволда эканликларигача савол остига олинган.

Муҳокамаларга ўзбекистонликларнинг ўзларидан ташқари бошқа минтақа давлатлари фуқаролари ва беларусларнинг ўзлари ҳам қўшилишгани кўрилган.

Мавзу Ўзбекистондаги барча етакчи нашрларнинг ҳам эътиборларига тушган, кенг ёритилган.

Жумладан, daryo.uz нашрининг бу хусусда Ўзбекистон Миграция агентлиги билан боғлангани ҳам кўрилган.

Мазкур агентлик матбуот котиби нашрга "Беларусга ўзбекистонлик инвесторларнинг фермер хўжаликларини ташкил этиш учун борган"ликларини маълум қилган.

Гулруҳ Тўлаева, "шартнома шартларига кўра, ўртача ойлик иш ҳақининг 900-1000 доллар этиб кўрсатилгани, энг юқори ойликнинг эса 1200 доллар этиб белгиланган"лигига ҳам тўхталиб ўтган.

У, "агар иш берувчи мигрантларга шартномада кўрсатилган иш ҳақини беришдан бош тортса ёки шартларга амал қилмаса, ишчилар бошқа ишга ўтказилиши, муаммонинг худди ўша куни кечга қадар ҳал қилиниши"ни билдирган.

Маълум бўлишича, ушбу пилот лойиҳага Андижон вилоятидан ташқари Миграция агентлиги ва Беларуснинг Витебск вилояти Меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя қўмитаси ҳам бош қўшган.

Лойиҳанинг уч томонлама келишув асосида соддалаштирилган тартибда амалга оширилаётгани айтилган.

Йиғин тафсилотлари

Ўзбекистон президенти

Сурат манбаси, rasmiy

Сурат тагсўзи, Расмий хабарларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев уларни қисқа муддатда амалий натижага айлантириш, янги корхоналар ва иш ўринларини ташкил этиш, тадбиркорлар учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидлаган.

Тошкентдаги йиғин тафсилотларидан маълум бўлишича эса, Минскда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, ёғочни қайта ишлаш ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 2 миллиард долларлик 310 та лойиҳа ва чора-тадбирни рўёбга чиқариш бўйича муҳим келишувларга эришилган.

Расмий хабарларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев уларни қисқа муддатда амалий натижага айлантириш, янги корхоналар ва иш ўринларини ташкил этиш, тадбиркорлар учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидлаган.

Айтилишича, Беларусда инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш учун таклиф этилаётган саноат объектлари, давлат мулки ва кенг қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд.

Яъни, мамлакат ҳудудининг 40 фоизини ёки 8 миллион гектарини қишлоқ хўжалиги майдонлари ташкил этади.

"Бу имкониятлар қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, аграр кооперацияни ривожлантириш, тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш ва фуқароларни ташкилий асосда иш билан таъминлаш учун мустаҳкам замин яратади".

Бунда Беларусда ишлаш ёки бизнес юритиш истагидаги фуқаролар ва тадбиркорлар рўйхатини шакллантириб, Беларус томони билан олдиндан келишиб, иш жойи, яшаш шароити, лойиҳа учун зарур бино ва ер масалаларини ҳал этган ҳолда уларнинг боришини ташкил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Маълум бўлишича, Андижон ва Витебск ўртасида шаклланган ҳамкорлик модели бошқа ҳудудлар - яъни Ўзбекистон ва Беларуснинг бошқа қатор вилоятлари кесимида ҳам шакллантирилади.

Саноат ва аграр объектлар негизида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, тадбиркорлик лойиҳаларини жойлаштириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида "йўл хариталари" тасдиқланади.

Расмий хабарларда айтилишича, президент Мирзиёев ҳар бир келишув аниқ лойиҳа, янги корхона, қўшимча савдо ҳажми ва муносиб иш ўрнига айланиши шартлигини таъкидлаган.

Мутасаддиларга эса, эришилган натижаларни тизимли назорат қилиш ва "йўл хариталари" ижросини танқидий таҳлил қилиб бориш топширилган.

Фуқароларни ташкилий тартибда ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Агар, президент матбуот хизматининг расмий хабарида келтирилган маълумотларга таянилса, биринчи босқичда Витебск ва бошқа ҳудудлардаги 13 та корхонага 1100 нафар Ўзбекистон фуқаросини танлов асосида ишга жойлаштириш режалаштирилган.

Шу йил сентябр ойидан бошлаб ҳар ойда 500 нафардан, жами 5 минг андижонликни Витебск вилоятида доимий иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бунинг учун Витебск шаҳрида Ўзбекистон Миграция агентлигининг ваколатхонаси ҳам очилади.

Беларусдан нима гап?

Шу кунларда олинган хабарларга кўра, президент Лукашенко маъмуриятининг раҳбари ҳам ўзбекистонлик ишчиларнинг Беларусга келиши билан боғлиқ баҳсларга муносабат билдириб, уларнинг инвестиция лойиҳаларида ишга жойлаштирилишини айтган.

"Бу ҳеч қандай назоратсиз миграция эмас. Бу — Ўзбекистон президенти таъкидлаганидек, амалда унинг шахсий назорати остида бўлган миграциядир", — дея Дмитрий Крутойнинг сўзларидан иқтибос келтирган "Позирк" веб-сайти 18 июл куни.

Крутойнинг айтишича, Лукашенко ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги яқиндаги музокаралар меҳнат миграциясига эмас, балки инвестицияларга қаратилган.

"Бу масала мутлақо асоссиз бўлиб, ахборот майдонида сунъий равишда бўрттириб кўрсатилди. Табиийки, бу — чет элдаги мухолифатимиз учун шов-шувли мавзу," — дея қўшимча қилди Крутой.

Айтилишича, хорижлик ишчилар Беларус иш берувчиларининг талабига биноан ёлланади; улар мамлакатга киришдан олдин текширувдан ўтади ҳамда иш ҳақи, меҳнат шароитлари ва турар жой масалалари белгиланган меҳнат шартномаларини имзолайди.

Кеча, 20 июл куни эса Беларус Бош вазирининг ўринбосари бошчилигидаги ҳайъатнинг пойтахт Тошкентга келгани, Ўзбекистон президенти билан учрашгани расман хабар берилган.

Расмий хабарларга кўра, учрашув чоғида Ўзбекистон президентининг Минскка расмий ташрифи, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада самарали натижалар бергани "мамнуният" билан қайд этилган.