"Сўзимдан қайтмайман". Ташиев президентлик сайловида иштирок этмаслигини билдирди

Qamchibek Tashiev va Prezident Sadir Japarov

Сурат манбаси, Social media

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси, туман суди томонидан тўрт йиллик жазога ҳукм қилинган Қамчибек Ташиев шахси атрофида энг кўп муҳокама қилинаётган ва турли тахминларга сабаб бўлаётган масалага, яъни яқинлашиб келаётган президентлик сайловида қатнашиши ёки қатнашмаслиги ҳақидаги гап-сўзларга нуқта қўйди.

16 июлда у ўзининг яқин тарафдорларидан бири Ўткурбек Раҳмонов орқали баёнот тарқатди. Мазкур мурожаат Раҳмоновнинг Facebook саҳифасида эълон қилинди.

Ташиев баёнотида шундай деган:

"Мен 2027 йилги президентлик сайловида иштирок этмайман. Бу ҳақда аввал ҳам бир неча марта аниқ айтганман. Бугун ҳам ўша қатъий қароримдан қайтмайман. Менинг позициям ўзгармаган ва ўзгармайди. Иккинчидан, 2027 йилги президентлик сайловида Қирғиз Республикаси Президенти ва Олий Бош қўмондон Садир Нурғожоевич Жапаровни тўлиқ қўллаб-қувватлайман".

Қамчибек Ташиев бундан аввал ҳам бир неча бор шундай мазмундаги баёнотлар билан чиққан эди.

Суд қарори ва сайловда қатнашиш масаласи

Биринчи май туман суди 2 июль куни Қамчибек Ташиев бошчилигидаги саккиз нафар шахсни "ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш" моддаси бўйича тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Бироқ уларга нисбатан уч йиллик пробация назорати қўлланиб, озодликда қолдирилди.

Собиқ депутат Исхақ Масалиев Ташиевнинг сўнгги баёнотига муносабат билдириб, унинг судланганини ҳисобга олганда сайловда қатнашиш ҳуқуқи барибир чекланганини таъкидлади:

"Хоҳласа ҳам сайловда қатнашолмайди, чунки у судланган. Бу маълум маънода мажбурий қарор. Агар Қамчибек Қидиршаевич сайловда қатнашмаса ва Садир Нурғожоевични қўллаб-қувватласа, демак сайловгача оқланиши эҳтимоли бор".

Ташиев ўз мурожаатида унинг номидан фойдаланиб, ёлғон маълумотлар тарқатаётганларга ҳам ишонмасликка чақирди:

"Менинг номимдан фойдаланиб, сохта маълумотлар тарқатаётган, миш-миш ва бўҳтонлар орқали одамларни адаштиришга уринган бузғунчи шахсларга ишонманглар".

 Isxaq Masaliyev 
Sobiq deputat
Google
Xohlasa ham saylovda qatnasholmaydi, chunki u sudlangan...
Isxaq Masaliyev
Sobiq deputat

Ташиевнинг таъсири ва лавозимдан олиниши

57 ёшли Қамчибек Ташиев Қирғизистонда президент Садир Жапаровдан кейинги энг таъсирли сиёсатчилардан бири ҳисобланар эди.

Жорий йилнинг 10 февралида Садир Жапаров уни кутилмаганда лавозимидан озод қилди. Бу қарордан олдин 75 нафар шахс президентлик сайловини муддатидан аввал ўтказиш ташаббуси билан чиққан эди. Айрим кузатувчилар бу воқеаларни шарҳлар экан, президент Жапаров эҳтимолий "давлат тўнтариши"нинг олдини олганини таъкидлашган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Жиноят иши тарихи

"75 кишининг мурожаати" деб аталган иш бўйича жиноят иши жорий йилнинг февралида қўзғатилган. Бунга 75 киши имзо чеккан мурожаат асос бўлган.

10 февралда президент Садир Жапаров Қамчибек Ташиевни Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан бўшатди. Ундан бир кун аввал, 9 феврал куни, жамоат ва давлат арбоблари бўлган 75 нафар шахс президент Садир Жапаров ва Жогорку Кенеш раиси Нурланбек Турғунбек уулу номига мурожаат йўллаган. Унда муддатидан аввал президентлик сайловини ўтказиш таклиф қилинган эди.

Мурожаат муаллифлари президент Жапаров 2021 йилда аввалги Конституция асосида сайланганини, мамлакат эса ҳозир янги Конституция асосида фаолият юритаётганини ва бу ҳолат турли ҳуқуқий баҳсларга сабаб бўлаётганини қайд этишган. Шу боис улар тез орада янги президентлик сайловини ўтказиш ташаббусини илгари суришган.

9 февралда Ички ишлар вазирлиги интернетда тарқалган маълумотлар юзасидан жиноят иши қўзғатиб, беш нафар шахсни ҳибсга олган. Милиция уларнинг ҳаракатлари мамлакатда сиёсий таранглик ва ижтимоий бўлинишни келтириб чиқариши мумкинлигини, шунингдек давлатдаги барқарорлик ва раҳбариятнинг ички бирлигига салбий таъсир кўрсатишга қаратилганини билдирган. Ҳибсга олинганларнинг яқинлари ва адвокатлари эса бу айбловларни рад этган.

Жапаров–Ташиев тандеми

Кузатувчилар фикрича, айнан шу 75 кишининг мурожаати сўнгги беш йил давомида мустаҳкам деб ҳисобланган Жапаров–Ташиев тандемининг парчаланишига сабаб бўлган.

Қамчибек Ташиев Садир Жапаровнинг яқин дўсти ва сиёсий ҳамкори сифатида давлат бошқаруви ҳамда муҳим қарорлар қабул қилинишида бевосита иштирок этиб келган. Ташиев лавозимидан олинганидан кейин унга яқин деб ҳисобланган бир қатор депутатлар мандатларидан воз кечди, айрим вазирликларнинг раҳбарлари эса ўз лавозимларини тарк этди ёки ишдан бўшатилди.