Қўш Тепа каналининг Термиз яқинидан ўтадиган қисмида сув тўпланган. Қирғоқ ёрилдими ё режали сув чиқариш?

Сурат манбаси, NDC.Gov.Af
Afghanistan International веб-нашри сунъий йўлдош тасвирларини эълон қилди, нашрга кўра, Афғонистон шимолида барпо этилаётган Қўш Тепа каналининг биринчи босқичи сувга тўлдирилиши билан Мозори Шариф яқинида канал деворида ёрилиш рўй берган, ўнлаб квадрат километр майдонни сув босган.
Afghanistan International сунъий йўлдош тасвирларига асосланган таҳлилини шу кунларда эълон қилди.
Afghanistan International ёзишича, каналнинг биринчи босқичи сув билан тўлдирилганидан икки ҳафта ўтар-ўтмас, Мозори Шариф шаҳридан шимолдаги Горгижак деб номланган жойда канал деворларидан сув сизиб чиққан. Оқибатда аввалига тахминан олти квадрат километр майдонни сув босган.
Кейинчалик сув босган ҳудуд қарийб 38 квадрат километргача кенгайган.
Энг сўнгги сунъий йўлдош тасвирларини таҳлил қилиб ҳануз 24 квадрат километр майдон сув остида қолаяпти, деб ёзади Afghanistan International.
Бугун Google Map да Термиз шаҳри қидирилса, Афғонистон ҳудудининг Амударё соҳилидан 20 километрча жануби-ғарбида саҳро ўртасида катта ҳудудни сув босганини кўриш мумкин.
Аммо Afghanistan International нашри мақоласи ва ижтимоий тармоқлардаги постларга изоҳ берган Қўш Тепа канали қурилишига масъул Афғонистон Миллий Тараққиёт корпорцияси, сув сизиб чиқиши ёки девор шикастланиши ҳодисаси рўй бергани йўқ, дейди.
Лойиҳа раҳбари Абдул Раҳмон Атташга кўра, Қўш Тепа каналининг 75-километрида ҳосил бўлган улкан кўл қурилишга халақит бераётган ер ости сувларини ҳайдаш оқибатида юзага келган сув ҳавзасидир.
Қурувчилар канал бошланишидан кўплаб мушкулликларга дуч келаётганларини айтадилар, булар орасида энг қийини канал ўтиши мўлжалланган жойда ер ости сувларининг юзага чиқаётганидир.
Каналнинг 43-километригача бу сувлар фаоллиги кузатилган.
Ер ости сувларини канал бўйлаб оқизишга, 75-километрига борганда эса режаланган равишда далага оқизишга қарор қилинган.
Токи ён-атрофни сув босмасин, чунки "95-километрда Давлатобод туманини шимол билан боғлайдиган йирик кўприк бор", дейилади Миллий Тараққиёт корпорацияси тарқатган баёнотда.

Сурат манбаси, https://www.afintl.com/
Миллий Тараққиёт корпорациясига кўра, канал қурилиши "техник аниқлик ва инженерлик стандартлари" асосида амалга оширилаяпти, ҳозирга келиб узунлиги 177 километрни ташкил этадиган иккинчи босқичда режаланган ишларнинг 98 фоизи ниҳоясига етказилган.
BBC Ўзбек хизматига гапирган канал қурилишида банд муҳандиснинг айтишича, ҳозир каналнинг асосий ўзанини қазиш ишларидан ташқари ундан сув оладиган кичик каналларни тортиш, улар атрофини бетонлаштириш ишлари кечасию-кундузи тинмаяпти.
Afghanistan International ўз таҳлилий мақоласида ёзишича, ирригация, мелиорация мутахассислари Қўш Тепдан сизиб чиққан сувнинг оқибатлари фақат сув йўқотилиши билан чекланмаслигини таъкидлаганлар.
Соҳа мутахассислари ер ости сувлари сатҳининг кўтарилиши, тупроқ шўрланиши ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган сув миқдорининг камайиши хавфидан огоҳлантирадилар.

Экспертларга кўра, Қўш Тепанинг энг катта хавфларидан бири тупроқ шўрланишидир.
Каналдан сув сизиши ва дренаж тизимларининг етарли эмаслиги ер ости сувларини юқорига кўтариши мумкин.
Бу эса айрим ҳудудларда тупроқ унумдорлигини пасайтириши мумкин.
Яна бир муаммо Амударёнинг лойқаси кўп дарё эканидир.
Қум, шағал ва лойқалар канал тубига тўпланиб, унинг сув ўтказиш қобилиятини камайтириши мумкин.
Мутахассислар канални доимий тозалаш катта маблағ талаб қилишини, шунинг учун лойқаларни киритмаслик чоралари муҳимлигини таъкидлайдилар.
Толибон қўшнилари хавотирини аритолдими?
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Дунёда ҳали 1990 йилларда Толибон ҳақида шаклланган, замонавий тараққиёт ютуқларини инкор этадиган гуруҳ деган қараш бугунга келиб ҳам ўзгаргани йўқ.
Чунки илк бор Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган Толибоннинг телевизор ва магнитофонларни бузиб намойишкорона ёқиб юборганлари тасвирлари кўпчиликнинг ёдида, 2021 йил августида яна пойтахт Кобулни босиб олганларидан кейин ўзларининг олдинги "қолоқ Толибон эмасликларини" айтган бўлсалар ҳам кейинги беш йил ичида кузатилган ҳодисалар "Толибон ҳамон ўша эски Толибон экан" деган фикрни шакллантирди.
Шу боис, мураккаб ирригация каналини барпо этиш учун талаб қилинадиган олий маълумотли мутахассис ё экспертлар Толибон қўли остида Афғонистонда қолишга кўнганмиканлар, деган савол ҳам ўртага чиққан.
Қўш Тепанинг умумий узунлиги 285 км бўлиб, у Афғонистон шимолидаги Балх, Жузжон ва Фарёб вилоятлари орқали ўтиши режалаштирилган.
Мақсад - Амударё сувини буриш орқали Афғонистон шимолидаги 550 минг гектар чўл ҳудудларини суғориладиган экин майдонига айлантириш.
Толибон лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, қарийб 200 минг иш ўрни яратилиши мумкин, дейди.
Бироқ иқтисодчилар фикрича, сувнинг ўзи кифоя эмас.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун уруғчилик, ўғитлар, техника, молиявий хизматлар, қайта ишлаш саноати ва сотув бозорлари ҳам ривожланиши лозим. Акс ҳолда, лойиҳадан асосий фойдани кичик деҳқонлар эмас, йирик сармоядорлар кўриши мумкин.
Қўш Тепанинг мироблик соҳаси талабларига қанчалар жавоб берадиган сифат билан барпо этилаётганидан ташқари Амударёдан олинадиган сув камайиши хавотири ҳам қўшни мамлакатларни жиддий ўйлантиради.
Шу боис Қўш Тепа канали бугунга келиб нафақат муҳандислик, балки минтақавий сиёсат масаласига ҳам айланган.
Афғонистон узоқ йиллар давомида урушлар ва сув инфратузилмасининг етишмаслиги сабаб Амударё сувидан тўлиқ фойдалана олмаганини таъкидлайди.
Бироқ Амударё ҳавзаси мамлакатлари ўртасида сувдан фойдаланиш бўйича ягона ва кенг қамровли механизм мавжуд эмас.
Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон лойиҳани диққат билан кузатмоқдалар.
Мутахассислар Афғонистон сув ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини тан олар экан, лойиҳа муваффақияти қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ва "сув дипломатияси"га ҳам боғлиқлигини таъкидлайдилар.
Толибон Қўш Тепа лойиҳаси қийматини 680 миллион доллар деб баҳолайди.
Бироқ тадқиқотчилар тўлиқ суғориш тармоқлари ва қўшимча инфратузилмалар билан бирга умумий харажат 1,5 миллиард долларгача етиши мумкин деб тахмин қиладилар.
Шу йил март ойи охирида Тошкент шаҳрида сув форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда соҳа экспертлари, халқаро тадқиқотчилар, шунингдек, Толибоннинг юқори мансабдаги расмийлари ҳам иштирок этдилар.
У ерда Ўзбекистоннинг катта майдонларни пахтазорга айлантириш сиёсати Орол денгизи қуришига етаклагани эслатилиб, Толибонга Қўш Тепа қурилишида Ўзбекистон хатоларини такрорламасликлари учун ёрдам беришлари мумкинлиги айтилди.
"Қўш Тепа канали қурилиши масаласидаги ҳамкорлигимиз тизимли экспертлар мулоқоти форматига ўтди. Доимий фаолият юритувчи қўшма ишчи гуруҳи тузилди, бу эса муҳокамаларни сиёсий текисликдан соф профессионал даражага ўтказиш имконини берди", деб айтди ушбу форумда Ўзбекистон Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳузуридаги Минтақавий тадқиқотлар маркази раҳбари Мурод Узоқов.
Тошкент сув форумида қатнашган Афғонистон Толибон ҳукуматининг сув масалалари бўйича ўринбосар вазири Мужибур Раҳмон Умар Охундзода ўзининг ҳукумати қўшни давлатларнинг сув ҳуқуқларига риоя қилишга содиқ эканини таъкидлади.
У адолатли сув тақсимоти, сув дипломатиясини кучайтириш ва иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашишга чақирди.





























