Туркия Ҳаво кучларида илк аёл генерал: НАТОнинг йирик армияларидан бирида тарихий тайинлов

Ayol generalning surati

Сурат манбаси, X @FatmaSahin

Published
Ўқилиш вақти: 1 дақ

Туркияда Олий ҳарбий кенгаш (YAŞ)нинг 4 август куни бўлиб ўтган йиғини мамлакат ҳарбий тарихида муҳим воқеани олиб келди. Ҳаво кучлари қўмондонлигида хизмат қилган полковник Ўзлем Карапинар бригада генерали унвонига кўтарилиб, Туркия Ҳаво кучларининг биринчи аёл генерали бўлди.

YAŞ йиғилишида қатор юқори даражадаги тайинлов ва лавозимга кўтариш қарорлари қабул қилинди. Бироқ маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган янгиликлардан бири айнан Карапинарнинг генераллик рутбасини олгани бўлди.

Бу тайинловнинг аҳамияти шундаки, Туркия НАТОнинг энг йирик армияларидан бирига эга давлат ҳисобланади. Ҳаво кучлари эса мамлакат мудофаа тизимининг энг муҳим бўғинларидан бири саналади. Шу боис аёл офицернинг айнан шу тизимда генераллик даражасига чиқиши нафақат Туркия, балки минтақа миқёсида ҳам эътибор қозонди.

Туркия қуролли кучларида аёллар ўнлаб йиллардан бери хизмат қилиб келади. Бироқ юқори қўмондонлик лавозимларига кўтарилиш ҳолатлари кам учрайди. Шу нуқтаи назардан, Ўзлем Карапинарнинг генералликка тайинланиши ҳарбий соҳада аёллар учун янги босқич сифатида баҳоланмоқда.

Марказий Осиё мамлакатларида ҳам аёлларнинг хавфсизлик соҳасидаги иштироки ошиб бормоқда. Қозоғистон ва Қирғизистонда ички ишлар тизимида генерал даражасига етган аёллар бор. Бироқ уларнинг аксарияти қуролли кучлар эмас, балки полиция ва ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида фаолият юритган.

Ўзбекистонда эса сўнгги ойларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги тизимида бир қатор аёл офицерлар раҳбарлик лавозимларига тайинланди. Улар турли бошқарма ва бўлимларга бошчилик қилиб, хавфсизлик соҳасида масъул вазифаларни бажармоқда.

Кузатувчилар фикрича, Туркия Ҳаво кучларида биринчи аёл генералнинг пайдо бўлиши нафақат бир шахснинг хизмат йўлидаги муваффақияти, балки ҳарбий тизимларда аёлларнинг имкониятлари кенгайиб бораётганининг ҳам муҳим белгиси сифатида кўрилмоқда. Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларида кейинги йилларда кузатилаётган аёл раҳбарлар тайинлови эса бу жараённинг минтақа бўйлаб секин-аста тарқалаётганини кўрсатади.