Глобал исиш ва аёллар саломатлиги: Нега Марказий Осиёдаги жазирама иссиқлар аёлларга оғирроқ таъсир қилиши мумкин?

Толиқиш, жиззакилик, бош айланиши, шишиш ва ҳолдан тойиш.
Сўнгги йилларда Марказий Осиёда кузатилаётган ғайриоддий иссиқлар фонида кўплаб аёллар айнан шу аломатлардан шикоят қилмоқда. Ёзнинг бошидаёқ 40 даражадан ошган ҳароратлар кузатилган минтақада навбатдаги иссиқ кунлар хавотир уйғотмоқда.
Кучли иссиқ ҳар қандай одамнинг саломатлигига таъсир қилиши мумкин. Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, аёллар организми, айниқса юрак-қон томир тизими, экстремал ҳароратларга бошқача жавоб беради. Шу сабабли жазирама иссиқлар аёллар учун ўзига хос саломатлик синовига айланиши мумкин.
Тадқиқотчилар аёлларнинг иссиқ билан боғлиқ соғлиқ муаммоларига, айрим ҳолларда эса ўлим хавфига эркакларга нисбатан бироз кўпроқ моил бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ бу боғлиқликни тўлиқ тасдиқлаш учун қўшимча илмий тадқиқотлар талаб этилади.
Олимлар глобал исиш туфайли дунёнинг кўплаб ҳудудларида бўлгани каби Марказий Осиёда ҳам жазирама иссиқлар кучайиб бораётганини таъкидламоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва қўшни мамлакатларда рекорд даражадаги ҳароратлар тобора кўпроқ қайд этилмоқда. Шу боис мутахассислар аёлларнинг ҳаддан ташқари иссиқларга нисбатан ўзига хос заифликлари ҳақида хабардорликни ошириш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича мақсадли чораларни кучайтиришга чақирмоқда.
Гормонлар ва организмнинг иссиққа жавоби
Мутахассисларнинг айтишича, аёлларнинг ҳаддан ташқари иссиқларга нисбатан кўпроқ сезувчан бўлиши бир неча биологик омиллар билан боғлиқ. Улардан энг муҳими гормонлар даражасининг табиий ўзгариши ҳамда организмнинг иссиқликни бошқариш механизмларидир.
Тадқиқотлар аёллар эркакларга нисбатан камроқ терлашини ва терлаш жараёни нисбатан юқори ҳароратда бошланишини кўрсатади. Бу эса организмнинг ортиқча иссиқликдан тезроқ қутулиш имкониятини чеклайди. Натижада тана қизиб кетаётганини вақтида сезиш қийинлашади.
Шунингдек, айрим тадқиқотлар аёлларда тана ички ҳарорати ва ёғ тўқималари улуши ўртача эркакларникидан юқорироқ бўлиши мумкинлигини қайд этади. Ёғ қатламлари эса қўшимча изоляция вазифасини бажариб, иссиқликнинг танада сақланиб қолишига ёрдам беради.
Бунга аёллар ҳаёти давомида юз берадиган табиий гормонал ўзгаришлар ҳам қўшилади. Ҳайз цикли, перименопауза, менопауза, ҳомиладорлик ва эмизиш даврларида эстроген ҳамда прогестерон миқдори ўзгариб туради. Бу эса организмнинг ҳароратни назорат қилиш қобилиятига таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундай жараёнларнинг барчаси юрак-қон томир тизимига қўшимча юк туширади. Айниқса, глобал исиш таъсирида Марказий Осиёда тобора кўпроқ кузатилаётган узоқ давом этувчи жазирама кунларда бу юк янада ортади.

Ижтимоий омиллар ҳам хавфни кучайтиради
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Аёлларнинг жазирама иссиқларга нисбатан сезувчан бўлиши фақат биологик омиллар билан изоҳланмайди.
Аёллар кўпинча эркакларга қараганда камроқ даромад олади, шунингдек болалар, кексалар ёки бошқа оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш масъулиятини кўпроқ зиммасига олади. Натижада улар жазирама кунларда ўз саломатлигига етарлича эътибор қаратиш ёки ўзини иссиқдан ҳимоя қилиш имкониятига камроқ эга бўлиши мумкин.
Бу ҳолат Марказий Осиёда ҳам долзарб. Айниқса қишлоқ ҳудудларида аёллар уй юмушлари, томорқа ишлари ва қариндош-уруғларга ғамхўрлик қилиш каби вазифаларни давом эттиришга мажбур бўлади. Ҳарорат узоқ вақт юқори бўлиб турган пайтларда бу уларнинг организмига тушадиган юкни янада оширади.
Ёш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Киши ёши улғайгани сари иссиққа нисбатан сезгирлик ортади. Аёллар ўртача ҳисобда эркаклардан узоқроқ умр кўргани учун уларнинг жазирама оқибатларидан зарар кўриш эҳтимоли ҳам юқорироқ бўлиши мумкин.
Кексаларда деменция каби касалликлар чанқоқ ҳиссини сезишни қийинлаштириши мумкин. Шунингдек, юқори қон босимини даволашда қўлланадиган айрим дори воситалари сувсизланиш хавфини ошириб, организмнинг иссиққа бардош бериш қобилиятини сусайтиради.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳайз даврида жазирамага чидаш янада қийинлашиши мумкин
Аёллар организмининг иссиққа сезгирлиги ҳайз циклининг турли босқичларида ўзгариб туради.
Ҳайз бошланишидан олдинги даврда прогестерон гормони миқдори ортади. Бу тана ички ҳароратининг кўтарилишига олиб келиши мумкин. Натижада ташқи муҳитдаги юқори ҳарорат янада оғирроқ сезилади.
Ҳайз бошланганидан кейин эса организмдаги эстроген даражаси энг паст нуқтага тушади. Эстроген тана ҳароратини бошқаришда муҳим рол ўйнайди. Унинг камайиши юрак-қон томир тизимига қўшимча юк тушириб, организмнинг совиш жараёнини қийинлаштириши мумкин.
Қон йўқотилиши билан бирга темир ҳам камаяди. Айниқса ҳайзи кўп келадиган аёлларда бу ҳолат чарчоқ, бош айланиши, уйқу бузилиши ва ҳолсизликни кучайтириши мумкин. Темир танқислиги организмга кислород етказиб берилишига ҳам таъсир қилади.
Менопауза давридаги аёллар учун ҳам хавф юқорироқ
Эстроген миқдорининг камайиши сабабли перименопауза ва менопауза давридаги аёлларда иссиқ босиши ва тунги терлаш кенг тарқалган ҳолат ҳисобланади.
Мутахассисларнинг фикрича, ҳаддан ташқари иссиқлар бу аломатларни янада оғирлаштириши мумкин. Айрим тадқиқотлар иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳарорат ортиши менопауза давридаги ноқулайликларни кучайтиришини кўрсатмоқда.
Натижада аёллар нафақат кундузги жазирамадан, балки тунлари ҳам етарлича дам ололмасликдан азият чекиши мумкин. Уйқу сифати пасайиши эса умумий саломатликка қўшимча салбий таъсир кўрсатади.
Ҳомиладор аёллар иссиқдан кўпроқ азият чекиши мумкин
Илмий тадқиқотларга кўра, ҳомиладорлик даврида организмнинг тана ҳароратини бошқариши қийинлашади. Бунга модда алмашинувининг кучайиши, суюқликка эҳтиёжнинг ортиши ва гормонал ўзгаришлар сабаб бўлади.
Ҳомиладор аёл организми нафақат ўз танаси, балки ривожланаётган ҳомилани ҳам қўллаб-қувватлаши керак. Шу сабабли юрак-қон томир тизимига тушадиган юк ортади.
Мутахассисларнинг айтишича, ҳаддан ташқари иссиқлар ҳомиладор аёлларда иссиқлик зўриқиши хавфини ошириши мумкин. Айрим тадқиқотлар бундай шароитлар она ва бола саломатлиги учун ҳам нохуш оқибатлар эҳтимолини кўпайтиришини кўрсатмоқда.
Марказий Осиёда ёзги ҳарорат кўпинча 40 даражадан ошадиган ҳудудларда бу масала алоҳида аҳамият касб этади.
Qishloq joylarda ayollar uy ishlari, tomorqa va yaqinlariga g‘amxo‘rlikni davom ettiradi. Uzoq davom etgan issiq esa organizmga tushadigan yukni kuchaytiradi.
Бу фақат аёллар муаммоси эмас
Мутахассисларнинг фикрича, аёлларнинг жазирама иссиқларга нисбатан ўзига хос биологик ва ижтимоий заифликлари иқлим ўзгариши муҳокамаларида кўпроқ инобатга олиниши керак.
Глобал исиш натижасида Марказий Осиёда рекорд даражадаги ҳароратлар ва узоқ давом этувчи жазирама даврлари тобора кўпроқ кузатилмоқда. Шундай экан, мутахассислар иссиқликни оддий ноқулайлик эмас, балки юрак-қон томир тизими учун жиддий синов сифатида қабул қилишга чақирмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, бу фақат аёллар муаммоси эмас, балки бутун жамиятга тааллуқли масаладир. Иқлим ўзгаришига мослашиш сиёсатлари ишлаб чиқилаётганда ҳомиладор аёллар, менопауза давридаги аёллар, кексалар ва парвариш юкини кўпроқ зиммасига оладиган гуруҳларнинг эҳтиёжлари ҳам ҳисобга олиниши керак.
Аёллар учун хавфсизроқ муҳит яратиш эса охир-оқибат бутун жамиятнинг тобора исиб бораётган иқлим шароитларига мослашишига ёрдам беради.




























