Сунъий интеллект даврида касб танлаш: ёшлар нимани ўрганиши керак?

Сунъий интеллектнинг тез суръатларда ривожланиши меҳнат бозори ҳақидаги тасаввурларни ҳам ўзгартирмоқда. Бир неча йил аввалгача касб танлашда кўпроқ қайси соҳада иш ўрни кўплиги, маош қанчалик юқорилиги ёки мартаба имкониятлари муҳокама қилинар эди. Бугун эса бу рўйхатга яна бир савол қўшилган: сунъий интеллект менинг келажакдаги касбимга қандай таъсир қилади?
Бу савол айниқса фаолиятини энди бошлаётган ёшлар учун долзарб. Чунки СИ эндиликда шунчаки тажриба ёки келажак технологияси эмас. У аллақачон банкларда, юридик компанияларда, таълим муассасаларида ва хизмат кўрсатиш соҳасида кундалик воситалардан бирига айланиб улгурган.
Бироқ мутахассислар СИ ҳақидаги муҳокамаларда энг кўп учрайдиган хатолардан бири меҳнат бозоридаги ўзгаришларни фақат "касблар йўқолади ёки сақланиб қолади" деган ёндашув билан баҳолаш эканини айтади. Уларнинг фикрича, ҳозир кузатилаётган жараён анча мураккаб.
Касблар эмас, вазифалар ўзгармоқда
Ҳуқуқ соҳаси бу ўзгаришларни яққол намойиш этаётган йўналишлардан бири.
Бугунги кунда сунъий интеллект катта ҳажмдаги ҳужжатларни қисқа вақт ичида таҳлил қилиши, шартнома лойиҳаларини тайёрлаши ва айрим ҳуқуқий хатарларни аниқлашга ёрдам бериши мумкин. Бир неча йил олдин бу ишлар ёш юристлар ёки ёрдамчи мутахассисларнинг иш вақтининг катта қисмини эгаллаган.
Амалиётчи юристларнинг айтишича, СИ айнан шу турдаги такрорланадиган вазифаларни тезлаштирмоқда. Аммо бу ҳуқуқшуносларга эҳтиёж камаяди дегани эмас.
Аксинча, юристнинг асосий вазифаси энди ҳужжат ёзишдан кўра мураккаброқ масалалар томон силжимоқда. Мижозларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, СИ тайёрлаган натижаларни текшириш, хавфларни баҳолаш ва якуний профессионал қарор қабул қилиш ҳануз инсон зиммасида қолмоқда.
Бу эса бир муҳим хулосага олиб келади: келажакда мутахассиснинг қадри у қандай иш қилаётганида эмас, балки технологиялардан қанчалик самарали фойдалана олишида кўпроқ намоён бўлиши мумкин.
Инсоний муносабатларнинг аҳамияти ортяптими?
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Сунъий интеллектнинг айрим вазифаларни бажариши инсон омили аҳамиятини камайтиряптими?
Меҳмондўстлик соҳасидаги мутахассислар бунга қарама-қарши фикр билдиради.
Бугун меҳмонхоналарда бронларни бошқариш, мижозларга дастлабки жавобларни юбориш ёки маъмурий жараёнларни назорат қилиш каби вазифаларнинг бир қисми автоматлаштирилмоқда. Бироқ меҳмоннинг умумий таассуроти технологияга эмас, одатда инсонларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Меҳмонхона менежерлари таъкидлашича, меҳмонлар кўпинча муаммосига қандай ечим топилганини, ходимлар уларга қандай муносабатда бўлганини ва ўзини қанчалик қадрланган ҳис қилганини эслаб қолади.
Шу сабабли коммуникатсия, эмпатия, можароларни ҳал қилиш ва ишонч қозониш каби кўникмалар кўплаб соҳаларда ўз қадрини йўқотаётгани йўқ. Айрим экспертларнинг фикрича, технологиялар ривожланиши айнан шу кўникмаларнинг қийматини янада ошириши мумкин.
Чунки техник вазифаларнинг бир қисми автоматлаштирилгани сари, инсонлар ўртасидаги муносабатлар билан боғлиқ вазифалар кўпроқ аҳамият касб этмоқда.
Mehmonxona industriyasida eng asosiy omil har doim insoniy munosabatlar bo‘lib qoladi. Va buni sun’iy intellekt yaqin 20 yilda o‘zgartira olmasa kerak.
Молия секторида талаб нима томонга ўзгармоқда?
Шунга ўхшаш жараён молия ва финтех соҳаларида ҳам кузатилмоқда.
Бир неча йил олдин маълумот йиғиш ва ҳисобот тайёрлашнинг ўзи катта вазифа ҳисобланган бўлса, бугун бу ишларнинг муайян қисмини алгоритмлар ва сунъий интеллект воситалари бажариши мумкин.
Финтех мутахассисларининг таъкидлашича, компаниялар энди маълумотни йиғадиган эмас, уни тушунадиган ва ундан хулоса чиқара оладиган мутахассисларга тобора кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.
Маълумотларни таҳлил қилиш, натижаларнинг ишончлилигини баҳолаш, хавфларни олдиндан кўра билиш ва стратегик қарорлар қабул қилиш инсон омили муҳим бўлиб қолаётган йўналишлар сифатида кўрилмоқда.
Шунинг учун ҳам кўплаб иш берувчилар техник билимлар билан бир қаторда танқидий фикрлаш, муаммоларни ҳал қилиш ва янги технологияларни тез ўзлаштира олиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратмоқда.
СИ саводхонлиги янги кўникмага айланмоқдами?
Мутахассисларнинг аксарияти бир масалада якдил: Сунъий интеллект билан ишлашни билиш келажакдаги муҳим касбий кўникмалардан бирига айланмоқда.
Бу эса дастурчи бўлиш ёки мураккаб алгоритмлар яратишни англатмайди.
Кўпроқ сунъий интеллектнинг имкониятлари ва чекловларини тушуниш, унга тўғри савол бера олиш, натижаларини текшириш ва ундан оқилона фойдаланишни англатади.
Бир вақтлар компютер саводхонлиги ёки офис дастурларидан фойдаланишни билиш деярли барча соҳаларда талаб қилинган бўлса, бугун СИ воситалари билан ишлаш ҳам шундай кўникмага айланиб бормоқда.
Аммо экспертлар бир жиҳатни алоҳида таъкидлайди: Сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳим масала - технология берган жавобларни баҳолаш ва улар асосида тўғри қарор қабул қилишдир.

Келажак касби эмас, келажак кўникмалари
Сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсири ҳақидаги мунозараларда кўпинча "қайси касблар йўқолади?" деган савол янграйди.
Лекин тобора кўпроқ экспертлар бошқа савол муҳимроқ эканини айтмоқда.
Келажакда қайси касблар сақланиб қолишини аниқ айтиш қийин. Бироқ қайси кўникмалар қадрланиши ҳақида муайян хулосалар чиқариш мумкин.
Танқидий фикрлаш, ўрганишга тайёрлик, мослашувчанлик, мулоқот қилиш қобилияти ва технологиялардан самарали фойдаланиш шулар жумласидандир.
Шу маънода СИ давридаги асосий савол "сунъий интеллект мени алмаштирадими?" эмас, балки "мен ундан қандай фойдаланишни ўрганаман?" бўлиши мумкин.
Чунки бугунги тенденсиялар шуни кўрсатадики, келажакда устунликка эга бўладиганлар технологиядан қўрқадиганлар эмас, уни тушунадиган ва ундан самарали фойдалана оладиганлар бўлиши эҳтимоли юқори.































