Марказий Осиё ва сиёсат: Келажаги буюк давлат ёки радикал ислоҳотларсиз давлат барибир ўзгармайдими – президент нима дедию одамлар-чи?

Марказий Осиё харитаси
Сурат тагсўзи, Ўз вақтида минтақадаги "Демократия оролчаси", дея таърифланган Қирғизистонда сўнгги 20 йилда уч марта халқ инқилоби юз берган. Ҳозирда мамлакатни олтинчи президент бошқармоқда.
Published
Ўқилиш вақти: 9 дақ

Қирғизистон қилмоқчи бўлаётган янги ўзгариш Ўзбекистонда ҳам эътибордан четда қолмади. Ўзбекистондаги етакчи нашрларда сарлавҳаларга чиқди. Қирғизистоннинг ўзида эса, бир хилда қарши олинмади. Кескин баҳс-мунозараларга замин яратди. Нима бўлди?

Қирғизистон мадҳияси ҳам ўзгаради

Шоҳруҳ Соипов

Мустақил журналист

Қирғизистон президенти

Сурат манбаси, president.kg

Сурат тагсўзи, Давлат мадҳиясини ўзгартириш таклифини президент Садир Жапаров ҳам қўллаб-қувватлаган.

Қирғизистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида мустақиликка эришганидан бери мадҳиясини иккинчи марта алмаштираётган ягона давлат бўлиб қолмоқда. Қарийб бир йил аввал давлат байроғи ҳам алмашган эди.

Ўз вақтида минтақадаги "Демократия оролчаси", дея таърифланган бу давлатда сўнгги 20 йилда уч марта халқ инқилоби юз берган. Ҳозирда мамлакатни олтинчи президент бошқармоқда.

Давлат мадҳиясини ўзгартириш таклифини президент Садир Жапаров ҳам қўллаб-қувватлаган.

“Мадҳияни ўзгартирсак яхши бўларди. Уни янгилашнинг нимаси ёмон? Ҳозирги мадҳиямиз бундан 33 йил аввал озодлик ва мустақиллик даврида ёзилган. Энди биз озод бўлдик, мустақил давлатмиз, қирғиз халқи тақдирини ўз қўлига олган, олға интил, дея мадҳия муаллифлари қувонч ва ҳаяжон билан чорлайди. Ўшандан бери 33 йил ўтди. Биз давлат сифатида тўлиқ шаклландик ва бутун дунёда тан олиндик. Яна юз йил ўтса ҳам биз озод бўлдик, суверен давлат бўлдик, деб куйлайверамизми?”, дея савол беради Жапаров “Кабар” нашрига берган интервьюсида.

У Қирғизистон мустақиллиги ва унинг беш минг йиллик тарихини нишонлайдиган, ёшлар ва келажак авлодларни руҳлантирадиган мадҳия ёзишни таклиф қилади.

Президентга кўра, амалдаги мадҳия ҳам ёддан чиқарилмайди ва у тарихнинг бир қисми ўлароқ сақлаб қўйилади.

Шунингдек, Жапаров мадҳияни ўзгартиришга қаршилар ҳақида гапираркан, Қирғизистон давлат байроғини ўзгартириш билан боғлиқ вазиятни мисол тариқасида келтирди.

“Баъзи демагог ва популистлар байроқни янгилаш ғоясига қарши чиқишди. Бугунги байроғимиз ёмонми? Бу аввалгисидан бир поғона баланд бўлиб, эскисида қуёш тасвири ё кунгабоқар ё арра тишларига ўхшарди. Энди булар қуёш нурлари экани дарҳол кўзга ташланади”, деган президент Садир Жапаров.

Қирғизистон давлат байроғининг янги таҳрири 2023 йил декабр ойида тасдиқланган. Уни ўзгартириш ташаббускори Садир Жапаровнинг ўзи бўлган ва у байроқда тасвирланган қуёш нурларини тўғрилашни таклиф қилган.

Президентнинг таклифи жамиятда турли акс-садоларга сабаб бўлган, ҳатто байроқни ҳимоя қилган фаол Афтандил Жоробеков ҳибсга олиниб, тергов изоляторига ташланган. Кейинчалик у уй қамоғига чиқарилган.

Жорий йилнинг 1 ноябр куни Бишкекнинг Ленин туман суди фаол Афтандил Жоробековни 70 минг қирғиз сўм жарима тўлашга ҳукм қилган. Суд уни оммавий ахборот воситалари ёки ахборот-коммуникация тармоқлари орқали очиқча ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олишга чақирганликда айбдор, деб топган.

Қирғизистон мадҳиясини ўзгартириш таклифи 25 октябр куни парламент (Жогорку Кенеш) спикери Нурланбек Шакиев томонидан билдирилган.

“Биз аллақачон озодликни қўлга киритдик ва йўлни босиб ўтдик. Ҳозир Қирғизистон ривожланаётган, келажаги буюк давлат. Энди мамлакат оёққа туриб, тараққиёт йўлидан бормоқда. Шунинг учун биз матнни ўзгартиришимиз керак. Бир пайтлар собиқ президентлардан бири хорижга борганида ва у ерда мадҳиямиз янграганида дарахтларда ўтирган қушлар учиб кетганини эшитгандим. Мадҳияни 5 ёшдан 95 ёшгача одамлар бемалол куйлаши учун қайта ёзамиз,” деган Шакиев.

Маълумот ўрнида: Қирғизистон мадҳияси бастакорлар Носир Давлесов ва Калий Молдобасанов томонидан шоирлар Жалил Содиқов ва Шабданбек Кулуев сўзлари асосида яратилган. Мадҳия 1992 йил 18 декабрда тасдиқланган. У дастлаб уч куплет ва нақоратдан иборат бўлган. 2012 йил декабрь ойида ундан иккинчи куплет олиб ташланган: унда “бейкуттук” (тинчлик, осойишталик) сўзи мавжуд бўлиб, унда мадҳияни ўзгартириш тарафдорлари “бей” инкор префикси “кут” (бахт, омад) сўзига нисбатан қарама-қарши маъно беришини таъкидлашган.

Парламент спикери Нурланбек Шакиевнинг давлат мадҳиясини ўзгартириш ташаббуси ва уни президент тарафидан дастакланиши қирғиз жамияти орасида кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Акс-садолар

Қирғизистон давлат байроғи

Сурат манбаси, Getty Images

Садир Жапаров ҳокимияти давлат мадҳиясини нима сабабдан ўзгартирмоқчи ва ундан кўзланган мақсад? Бу саволлар билан таҳлилчи ва оддий одамларга мурожаат қилдик:

Қирғизистон
AFP/GETTYIMAGES
Bayroq, gimn, yangi bino va yo‘llar bu davlatni rivojlantirmaydi. Faqat radiakal islohotlar orqali o‘zgarishlarga erishish mumkin. Shunda davlat boy bo‘lib, xalq yaxshi yashaydi...
Mavlyan Askarbekov
Siyosiy tahlilchi, Qirg‘iziston (batafsil: bbc.com/uzbek da)

Мавлян Аскарбеков, сиёсий таҳлилчи

Бунгача байроқ ўзгарди, кейин янги Оқ уй биноси қурилди. Энди эса мадҳияни янгилашмоқчи.... Собиқ президентлар Қурмонбек Бакиев, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жээнбековлар давлат рамзларини ўзгартириш бўйича ўйланишмаган. Давлат рамзлари бировга ёқадими ёки йўқ, бу тарихий, дахлсиз мамлакатнинг ядро тизими бўлиши керак, яъни улар халқ энергиясини бирлаштиради. Уларни ҳадеб алмаштириш нотўғри. Сабаби, байроқ оз бўлса-да тарихий ўринга эга, эски Оқ уй ёки гимн бўладими, қисқа тарих ичида қирғизистонликларнинг энергиясини бирлаштирган, ёдлаб, куйлаган, фахрланган давлат рамзларимиз ҳисобланади. Уларни кимгадир ёқмай қолса ёки бир мотивация билан ўзгартириш нотўғри. Сиёсий мотив бўлиши мумкин. Улардан бири Туркия давлатига асос солган, Усмонли империясини республикага ўзгартирган, янги давлат қомуси ва рамзларини қабул қилиб, замонавий мамлакатга айлантирган Мустафо Камол Ота Турк йўлини давом эттирамиз деган мақсад бўлиши мумкин. Бироқ давлат рамзларини ўзгартириш, янги Оқ уйни солиш, байроқни 100 метрга юқори кўтариб қўйиш билан давлатда ҳақиқий ўзгаришлар бўлмайди. Фақат кенг фикрловчи, замонавий ва профессионал мутахасислар жамоаси ислоҳотларни амалга оширади. Мен ҳар доим у ислоҳотларни амалга ошириш таклифини айтаман. Бу жуда муҳим. Бироқ, менимча, президент атрофидагилари баъзиларининг салбий таъсири ва маслаҳати сабаб давлат раҳбарининг вақти, фикри ва энергияси ҳам бошқа тарафга сарфланаётгандай. Сабаби, бугун давлатда зудлик билан ислоҳ қилиниши керак бўлган соғлиқни сақлаш, таълим ва суд тизимлари мавжуд. Шунингдек, ҳуқуқ тартибот идораларини ислоҳ қилиш талаб қилинади. Президент зудлик билан замонавий ёндошувчи жамоани тўплаб, ислоҳотларни амалга ошириши керак. Байроқ, гимн, янги бино ва йўллар бу давлатни ривожлантирмайди. Фақат радиакал ислоҳотлар орқали ўзгаришларга эришиш мумкин. Шунда давлат бой бўлиб, халқ яхши яшайди ва ҳокимиятга ишонч кучаяди.

Абдумўмин Мамараимов, журналист - таҳлилчи

Қирғизистон давлат мадҳиясини ўзгартиришга зарурият, эҳтиёж бор эди деб ўйлайман. Сабаби, давлат мадҳиясини ўзгача бир жанр деб ҳисоблайман, шундай тушунилади. Унда давлатни, ватанни мадҳ этиш, кўп миллатли ватанда, айниқса, ҳалқнинг бирлигини, яхши, ёрқин келажак қуриш учун биргаликда интилиш керак эканлигини, дўстлик, биродарлик муҳимлигини, кейин давлат ўз тарихига, ўрнига эга бўлган, ана шу ўрнини янада мустаҳкамлаш керак деганга ўхшаш ғоялар бўлиши керак. Мадҳия масаласида аввал ҳам кўп мунозара бўлган. Шоир Тумўнбай Байзақов қаламига мансуб “Қирғиз ери” шеъри қўшиқ қилиб айтилган, ўшани гимн қилсак бўлмайдими деган таклиф айтилган. Менимча, жуда зўр қўшиқ, гимн деса бўладиган, бироқ унда айрим мен айтган ҳолатлар йўқ бўлиб қолган. Менинг тасаввуримда, мадҳия марш кўринишида бўлиши керак. Давлат раҳбари ва бошқа расмийлар нима сабабдан мадҳияни ўзгартиришга мажбур бўлаётганликларини айтишди. Мавжуд, шунча йилдан бери қўлимизни кўксимизга қўйиб куйлаган мадҳия ҳақида ёмон гап айтгим келмайди. Қалбимизга сингиб қолган нарса. Баъзида ўзим ҳам уни хиргойи қилиб тураман. У шунчалик қалбимизга ўрнашган.

Гимн матни ўзгартирилса ҳам, лекин мусиқаси ўз ҳолича қолиши керак. У яхши ёзилган. Сўзларини ўзгартиришга эҳтиёж бор. Матнда юқорида айтилган ғоялар бўлиши керак.

Давлат рамзларини ўзгартириш билан президент Садир Жапаров ҳокимияти қандайдир бир сиёсий нарсага интиляпти деб ўйламайман. Асли жамият ўзи умуман янгиланишга муҳтож бўлгандик, жумладан давлат рамзларини янгилашга эҳтиёж бор эди. Байроқни ўзгартираётганда бу ғоя менга ҳам ёқмаганди, лекин ҳозирги янги байроқ чиройлироқ кўринади. Одамларда консерватизм деган нарса бор. Эски нарсага кўникиб қоламиз, янги нарсани қабул қилолмаймиз. Гимн масаласида ҳам шунақа, уни ўзгартиришга эҳтиёж бор. Фақат бир нарса, мен хоҳлаган нарса, тилак шуки, очиқ, катта танлов эълон қилинса, унда истаган одам иштирок этса. Албатта, бастакорлар иттифоқи аъзоси бўлиши шарт эмас, бастакор деган номи бўлиши ёки шоир бўлиши шарт эмас. Оддий бир талантли одам ҳам яхши мадҳия ёзиши мумкин. Одамлар танловда ўзларини синаб кўришсин. Жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш билан, энг муҳими, Қирғизистонда яшаётган барча миллатлар бирлигини, ранг- баранглигини тараннум қиладиган бир мадҳия бўлса деган тилагим бор.

Садир Жапаров ҳокимияти барча соҳаларда ислоҳотларни тенг амалга оширишга киришди. Мен аввал бир соҳани битириб, кейин бошқасига киришса бўлмасмикин, ҳаммасига бирданига киришса, кейин қийин бўлади, деб ўйлардим. Айниқса, маъмурий бирликлар ислоҳоти бошланди, шаҳарларни катталаштириш. Шу нарсаларни тўхтатиб турса бўлмайдими, ҳозир шартмиди деб ўйлайман. Лекин одам ўзгараман деса, бутунлай ўзгариш керак, фикрини, онгини, сўзини, юриш- туришини, соғлигини, ҳаммасини, комплекс қараганда, менимча, натижа яхши бўлса керак. Ҳозир қилинаётган ташаббуслар ўринли деб ўйлайман. Фақат шу очиқ танлов асосида ўтказилса, бу нарса жуда ҳам яхши бўлади. Россияга қарамлик дегандан мен йироқман. Айримлар шундай фикр айтяпти. Сиёсий очко тўпламоқчи ёки халқаро миқёсда яна бир ўринга эга бўлмоқчи, ўз ўрнини кўрсатиб қўймоқчи, деган ҳар хил гаплар бўляпти. Лекин, менимча, оддий сабаби шу. Мадҳия чиройли, яхши, ҳозирги кунга жавоб берадиган ва асрлар давомида куйланадиган бўлиши керак.

Одилжон Дадажонов, қаламкаш

Қирғизистон гимнини ўзгартириш керакми ёки йўқ, бу савол кўп жиҳатдан баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Баъзилар гимннинг мазмуни ва мусиқасида ўзгартиришлар керак деб ҳисоблашади, бошқалар эса унинг тарихи ва анъанавийлигини сақлаб қолишни исташади. Мен ҳам ўзгартириш керак деган фикрдаман. Нега? Сабаби, Қирғизистон мустақил бўлганига 33 йил бўлди. Ҳозир Қирғизистон ривожланаётган, келажаги буюк давлат. Мусиқа ва матндаги баъзи камчиликларни тўлдириш замон талаби. Менинг фикрим, гимн бошланиши жуда қўпол ва шовқинли. Кўпроқ мусиқасига эътибор бердим, Совет давридан қолган анъана бор, яъни оркестр билан айтиш. Уни бошқачароқ қилса бўлади. Масалан, қирғиз миллий мусиқаси билан бошланадиган қилиб.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон давлат мадҳиясининг иккинчи вариантини эшитдим. Ўша ерда бошқачароқ, яъни биринчи доира ва карнай сурнай билан бошланган экан. Қирғизистон гимни ҳам Совет анъанасидан воз кечган ҳолда, мусиқаси миллий оҳанг билан бошланса мақсадга мувофиқ бўлади.

Соҳибжон Мамиров, банк ходими

Қирғизистон гимнини ўзгартириш заририяти йўқ деб ўйлайман. Нима сабабдан, қандай мақсадда қилинаётганини билмайман. Балки яхши ниятда қилинаётгандир. Тарихда қолиш учун қилинаётган бўлиши ҳам мумкин. Лекин парламент спикери, гимн бошланганда қушлар учиб кетди, деганига кулишдан бошқа илож йўқ. Бу гимн 33 йилдан бери айтилиб келиняпти. Ҳозир муҳокама қилинаётган “Бейкуттукту берет кыргыз жерине” дегани, бир неча йил аввал гимндан олинган. Ҳозир у куплет йўқ. Гимн матни, мусиқаси ҳам халққа ёд. Уни ёдлашга қийин бўляпти, ёдлашга осонроқ, мусиқаси ёқимлироқ бўлиши керак дегани, у шунчаки бир баҳона. Аслида давлат мадҳиясини парламент депутатларининг айримлари ҳам билмайди. Уларга журналистлар микрофон тутганида гимнни айтиб беролмаган. Лекин оддий одамлар, халқ гимнни ёддан билади. Гимнни ўзгартиришга сарфланадиган маблағни давлатни ривожлантириш учун турли соҳаларга сарфласа яхши бўлади. Янги гимнни халққа етказиш, уни ҳозирги гимн даражасига олиб чиқиш учун кўп меҳнат талаб қилинади. Давлат мадҳияси ҳар бир ўқув китобларида ёзилган. Давлат муассасаларида бор. Уларнинг ҳар бирини ўзгартиришга кўп харажат қилинади.

Феруза Шамшиева, менежер

Гимн ўзгаради, дейилганида аввалига мен ҳам қарши бўлдим. Чунки гимнда чиройли жумлалар бор. Масалан:

Ак мөңгүлүү аска зоолор, талаалар,

Элибиздин жаны менен барабар,

Сансыз кылым Ала-Тоосун мекендеп,

Сактап келди биздин ата-бабалар.

Қирғизистон ҳақиқатан ҳам шунақа рельефда жойлашган. Бу табиат халқ руҳияти билан сақланади. У жонимиз билан баробар, яхши кўрамиз. Неча асрлардан бери сақлаб келиняпти. Ватансиз қолган нечта миллатлар бор. Масалан, уйғурлар, уларнинг ўз макони йўқ.... Бунақа нечта автономиялар бор. Лекин биз кичик халқ бўлсак ҳам, Қирғизистон давлати бор. Гимндаги бу гаплар чуқур маънога эга деб ўйлардим. Шунинг учун ҳам мен аввалига гимн ўзгартирилишини истамадим. Яқинда Ибрагим Жунусовнинг “Ота юрт” (Ата журт) қўшиғини эшитдим. Унда ҳам бирдамликка чақирган яхши сўзлар бор экан. Шу қўшиқни гимн қилса ҳам бўларкан, деб ўйладим. Ундан ҳам янада чуқурроқ маънога эга гапларни ёзиб, гимн қилиб чиқарса бўларкан, яъни гимн ўзгарса ҳеч нарса бўлмайди. Қайтанга, халқни ҳамжиҳатликка чақиряпти. Шундан кейин гимннинг ўзгаришини қўллаб қувватладим. Фикрим ўзгаргандан кейин президент ҳам бу ташаббусни қўллашини эшитдим. Нимадир ўзгарса, ўша инсоннинг фикри, дунё қараши ўзгариши керак, сўзи ўзгариши керак, дейилади. Қирғизистон янада ривожланиши учун балки шу гимн сўзлари ҳам таъсир қилар, ростдан ҳам. Гимн ўзгаргани билан Қирғизистон ёмон бўлиб қолмайди, фақат яхши бўлади. Халқнинг қолипланиб қолган онги ривожланиб, фикр ва дунёқарашлари ўзгаради. Бу ерда ёмон мақсад йўқ деб ўйлайман. Қирғизистонни ижобий тарафлама ривожланиши учун берилаётган таклиф, деб ҳисоблайман.

Минтақада нималар ўзгармоқда?

Афғонистонда Толибон байроқлари

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Халқаро ҳамжамият орадан уч йил ўтиб ҳам, на Толибон ҳаракати асос солган ҳукумат ва на унинг байроғини тан олган.

Қолган минтақа давлатлари, яъни Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Турманистон бугунги кунгача давлат рамзларидан биронтасини ўзгартиргани йўқ.

Фақат шу йил бошида Қозоғистон президенти давлат герби ва байроғини ўзгартиришни таклиф қилгани, бу қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганига оид хабарлар олинган.

Бироқ уларда айрим пойтахт ва шаҳар номлари ўзгартирилганини кузатиш мумкин.

1997 йили Қозоғистон пойтахти Олма-отадан Остонага кўчирилган.

Қозоғистонни 28 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йилнинг мартида президентликдан истеъфога чиқиб, ҳокимиятни Қасим Жомарт Тоқаевга бериши ортидан, пойтахт Остона унинг шарафига, яъни Нур-Султонга ўзгартирилган.

Бироқ 2022 йилнинг январида Қозоғистон жанубида юз берган тартибсизликлардан сўнг, собиқ президент ўз позицияларини бой берган ва пойтахт Нур-Султон қайта Остона, дея номланган.

Остона эса, бунгача Ишим, Акмолинск, Целиноград ва Акмола деб аталган, таъбир жоиз, дунёда номи энг кўп ўзгартирилган пойтахт шаҳарлардан бири.

2016 йилнинг сентябрида вафот этган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг исми ҳам Тошкент халқаро аэропортига берилган.

Шунингдек, бир нечта кўчалар ҳам марҳум президент исм-шарифи билан номланади.

Ўзбекистон сўнгги йиллари қадимий Тўйтепа шаҳрини Нурафшонга, Бўз туманини эса Бўстонга айлантирди.

Тожикистонда қатор ўзбекча туркий номлар ўзгартирилган.

Дейлик, Ўратепа ё Қўрғонтепа каби шаҳарлар номлари алмаштирилди ва эндиликда Истарафшан ва Бохтар, деб аталади.

Тожикистондаги бу ўзгартиришлар минтақада ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди, нега экани мазмунида матбуотда чиқишларга ҳам туртки берди.

2021 йили Толибон Афғонистонда ҳокимият тепасига келгач, давлат рамзларини, жумладан байроқни ҳам ўзгартирди.

Аммо халқаро ҳамжамият орадан уч йил ўтиб ҳам, на Толибон ҳаракати асос солган ҳукумат ва на унинг байроғини тан олган.

Қирғизистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг нисбатан қашшоқ икки мамлакати саналишади.

Аҳолиси 7 миллиондан сал ошади, аммо улардан юз минглаби, йилларки, асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд.

Мамлакатда қолган аксарият минтақа давлатлари каби ишсизлик ҳануз долзарблигича қолаётган муаммолардан бири.

Диний радикализм, диний экстремизмнинг "кучайиб бораётгани" яқин-яқингача масъуллар томонидан хавотирга молик масала ўлароқ кўрилган.

Skip Телеграм каналимиз: and continue readingТелеграм каналимиз:

End of Телеграм каналимиз: