Хавфли сулола: Асадлар оиласи Сурияда қандай юксалди ва қулади?

Asad oilasi kollaji

Сурат манбаси, GettyImages/AFP/Anadolu (kollaj)

Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Асадлар оиласи узоқ йиллар Сурияни қўрқув ва шавфқатсизлик билан бошқарган. Аммо мамлакатда бошланган исён ва ички низолар оқибатида бу сулола қудратдан қулади.

Сунний мусулмонлар кўпчиликни ташкил этадиган Сурия бошқаруви қандай қилиб озчилик Шиа Алавийлар вакили бўлган Асад оиласи назоратига ўтганди?

Оиланинг қудратдан қулатилиши нимага боғлиқ эди - уларнинг шафқатсиз бошқаруви усулларигами, мамлакатдаги ички муаммолар ва гуруҳларгами, ҳукмрон оиланинг мазҳабигами ёки Сурия ташқарасидаги йирик кучларга?

Уч қисмдан иборат "Хавфли сулола" махсус ҳужжатли филми Асадлар оиласининг юксалиши, мамлакатни бошқариши ва қудратдан қулатилишига эътибор қаратади.

Огоҳлантириш: Мақоладаги айрим ҳикоялар кўнгилни хира қилиши мумкин.

Оилавий бизнес

Отаси Ҳафиз ал-Асад ўрнида президент бўлишидан олдин Башар Лондонда кўз шифокори бўлиб ишлаган.

Башарни ўша пайтда билган одамлар уни камсуқум ва сирли деб таърифлашади.

Аммо қандай қилиб бу кўз шифокори ўз халқига қарши қурол қўллаган, ҳамюртларини заҳарлаган ва Суриядаги бутун бошли шаҳар-қишлоқларни вайронага айлантирган шафқатсиз ҳукмдорга айланди?

"Хавфли сулола" ҳужжатли филмининг биринчи қисмида худди шу саволларга жавоб топишга интиламиз.

Видео қуйидаги линкда:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Асадлар оиласи Сурияни 53 йилдан кўпроқ бошқарган. Олдин отаси Ҳафиз, унинг вафотидан сўнги ўғли Башар президент бўлди.

Бироқ мамлакат бошқарувида уларнинг кўплаб қариндош-уруғлари ҳам иштирок этишган.

Муҳим мансаблар ва амалларни эгаллаган қариндошлар рўйхати эса узун.

Унда ака-укалар, амаки-тоғалар, оила бекаси Аниса ва келини Асмо ҳам бор.

Сурияда расман президентлик бошқаруви бўлган, аммо амалда мамлакат Асадлар оиласининг қаттиққўл назорати остида эди.

Бунинг устига Ҳафиз ал-Асад президентликни ҳам мерос тарзида ўғилларидан бирига беришни режалаган.

Хусусан, ҳукмрон оиланинг тўнғич ўғли Басил "валиаҳд президент" сифатида танланганди.

Бироқ Басил 1994 йили автоҳалокатда нобуд бўлади.

Шу асно "валиаҳдлик" Лондонда беморларни даволаб юрган ўртанча ўғил Башарнинг чекига тушади.

Шафқатсиз оила

Оилабоши Ҳафиз ал-Асад сулола асосчиси саналади.

Ҳафизнинг қандай одам бўлгани ҳақида гап кетганда, Сурияда унинг истаги билан ташкил этилган ҳарбий парад ва томошалар эсланади.

Масалан, аскарлар президентнинг кўз ўнгида кучукчаларни ўлдиришга мажбур бўлишган.

Аёл ҳарбийлар эса тирик илонларнинг бошини тишлаб, узишлари керак эди.

"У ҳеч кимга ишонмасди" - Ҳафиз ал-Асадни таърифлайди 1993-2000-йиллари АҚШнинг минтақадаги тинчлик элчиси бўлган Деннис Росс.

"Бу одам доимий шубҳа ва паранойя оламида яшаган. Мен нимани таклиф қилмай, у ҳаммасидан қандайдир яширин маъно ё тузоқ изларди".

Ҳафиз ал-Асад кўп болали қашшоқ оиладан чиққан.

У укаси Рифат билан бирга ҳам ҳарбийлик, ҳам шафқатсиз бошқарув сир-асрорини ўрганган.

Улар 1970 йилда тўнтариш уюштириб, фуқаровий раҳбарни ҳибсга олишади.

Шу асно Сурия назорати Асадлар оиласи қўлига ўтади.

Dennis Ross
BBC
Bu odam (Hafiz al-Asad) doimiy shubha va paranoyya olamida yashagan. Men nimani taklif qilmay, u hammasidan qandaydir yashirin ma’no yo tuzoq izlardi.
Dennis Ross
AQSh tinchlik elchisi, 1993-2000

"Асадлар бошқаруви социалистик ҳарбий диктатурага асосланган бўлса-да, ўзинг ҳам яша, бошқаларнинг ҳам яшашига йўл бер, деган ёндашувни ўз ичига олганди" - дейди Буюк Британия махфий разведкаси собиқ раҳбари Жон Сойерс.

"Ғарб элчилари мамлакат бўйлаб эркин ҳаракат қилишлари мумкин эди, лекин Сурия қаттиқ назорат этиларди".

Ҳафиз ал-Асад Суриядаги исён ё норозиликларни куч билан бостирган.

Масалан, 1983 йили Ҳамада "Исломий Биродарлар" гуруҳи ғалаён кўтаради.

Ҳафиз ва Рифат шаҳарга ҳужум қилишга буйруқ беришади ва натижада 20 минг киши ҳалок бўлади.

Хуллас, бу сулола куч ва қўрқитишга таянарди.

Мислсиз куч-қудрат таъмини татиган оила ҳокимиятда қолишни мақсад қилади.

Бунинг йўли эса демократик сайлов ё эркин танлов эмас, балки сиёсий меросхўрлик эди.

"Валиаҳд президент"

Bashar va Asmо

Сурат манбаси, DIMITAR DILKOFF/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Башар ва Асмо ҳокимиятга келгач, Сурияни замонавий мамлакатлар сафига қўшиш ниятларини билдиришганди.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Валиаҳд сифатида танланган тўнғич ўғил автоҳалокатда ҳалок бўлиши ортидан, Лондонда шифокорлик қиладиган ўртанча ўғил Башар валиаҳд сифатида танланади.

Дамашққа қайтган камтарин кўз шифокорига қандай қилиб диктатор бўлиш ўгитлари берилади, у ҳарбий ишлар билан таништирилади.

Отаси Ҳафиз бошқарувига мос тарзда халқаро дипломатия ўргатилади.

Ҳафиз ал-Асаднинг бошқарув йиллари давомида АҚШда олтита президент алмашган. У Оқ Уй мезбонларига яқин иттифоқчи бўлиш умидини бериб келган.

Аммо 2000 йили Сурияни узоқ йиллар бошқарган президент Ҳафиз ал-Асад оламдан ўтади.

Сурияда минглаб одамлар кўчаларга чиқишади, йиғлашади ва аза тутишади. Ҳатто Сурия парламенти депутатлари ҳам йиғлашган.

Унинг узоқ йиллик бошқаруви остида бошқа давлат раҳбарини кўрмай ўсган бутун бошли авлод шаклланганди.

Отасини сўнгги манзилга кузатган Башар президентликни олади.

Сурия қонунларига биноан 34 яшар Башарнинг президент бўлиш учун ёши етмасди. Хуллас, тезда мамлакат конституцияси ўзгартирилади.

Шунга қарамай, Сурия ичкарисида ҳам, ташқарида ҳам кўпчилик янгича, эркинроқ даврлар ва ўзгаришлар бошланишига умид қилишарди.

Бир қарашда бу амалга ошаётгандек эди.

Янги ва ёш президент Башар ал-Асад Ғарбда яшаган, касби одамларни даволайдиган шифокор. Унинг рафиқаси Асмо ҳам Лондонда улғайган.

Дарвоқе, Асмо "биринчи хоним" бўлиш олдидан яширин тарзда Сурия бўйлаб кезади.

"Президент саройига ўтишдан олдин Сурия халқи билан суҳбатлашишни режалаштирдим" - дейди Асмо ал-Асад.

"Одамлар менинг кимлигимни билишмаган ва шу тариқа очиқлик пайдо бўлган".

Башар ва Асмо ҳокимиятга келгач, Сурияни ўзгартиришни ва уни жаҳондаги замонавий давлатлар қаторига олиб чиқишни ваъда қилишади.

Инглизча гапирадиган, нафақат ғарбона, балки ўта қимматбаҳо кийинадиган эр-хотин опера театрларини очишар, дунёвий давлат унсурларини тарғиб этардилар.

Аммо Сурияни олдинда қора кунлар кутаётган эди.

Ҳокимиятни қўлга олган Башар тинч ва рақсу мусиқа янграётган мамлакати 14 йилдан кейин вайронага айланишини тасаввур этмаганди.

Башар Сурияси ва Ғарб

Башар отасининг ўрнида Сурияда ҳокимиятга келганидан бир йил ўтгач, бутун дунёда, хусусан, Яқин Шарқда кескин ўзгаришларга туртки берадиган воқеалар рўй берди.

2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан кейин АҚШ бошчилигидаги иттифоқ террорга қарши уруш эълон қилади.

Башар бир тарафдан Ғарбга иттифоқчилик қилади, бошқа томондан ичкарида урушларга қаршилигини айтиб келади.

Лекин нега унинг ниятлари амалга ошмади ва не боис Ғарб билан ўртасида зиддият юзага келди?

Бу борадаги видео қуйидаги линкда:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

2004 йилга келиб, Яқин Шарқ минтақаси урушлар ва исёнлар гирдобида қолганди.

Суриянинг ён қўшниси Ироқда АҚШ кучи билан Саддам тузуми қулатилади ва ҳокимият ўзгаради.

Башар кейинги навбат Сурия бўлиши мумкин, дея қўрқади.

Президент Башар АҚШ босқинини секинлаштириш мақсадида диний экстремизмда айбланганларни Сурия қамоқларидан озод қилиб, Ироққа юборади.

Бундан хабар топган АҚШ Сурияни ёвузлик ўчоғи давлатлари қаторига киритади.

Башар учун илк синов

Daraa shahrida odamlar o'qqa tutiladi

Сурат манбаси, YouTube/AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Илк норозиликлар чиққан Дараа шаҳрида Башар одамларга қарши куч ва қуролни ишга солади.

Қадим маданият бешикларидан бўлган Сурияни улкан вайронагарчилик ва узоқ урушлар кутаётганди.

Асад ҳукумати ўз мухолифларини қамаш ё ўлдиришда айбланарди.

Башар ва Асмо эса айбловларни рад этар, аксинча, сурияликларга кўпроқ эркинликлар беришларини айтишарди.

Аммо бутун минтақада Араб баҳори эпкинлари эсаётган эди.

Тунисда мева сотувчи исён сифатида ўзини ўлдириши ортидан бошланган исёнлар кўплаб Араб давлатларини қамраб олаётганди.

Ўша йиллари Башар билан бирга ишлаган ва учрашган одамлар Сурия раҳбарияти хавф-хатарни тан олишни истамаганини айтишади.

"Хавф яқинлашиб келаётганини Башар ал-Асад дарҳол сезди, аммо у буни тан олишни истамасди" - эслайди собиқ Маданият вазири Риад Нассан Оға - "Аксинча, у Сурия Тунис эмас, деди".

"Инқилоб Ливияга етиб боргач, Сурия Ливия эмас, деб айтди".

Аммо 2011 йили Дараа шаҳрида мактаб ўқувчилари деворга "Кейинги навбат сизга, доктор" деб ёзиб кетишади.

Башарнинг қариндоши Атиф эса болаларни ҳибсга олади, уларни қийноққа тутади.

Бундан ғазабланган одамлар кўчаларга чиқишади ва адолат талаб қилишади.

Атиф эса уларга қарата "хотинларингизни менга олиб келинг, мен уларга болалар совға қиламан" деб масхаромўз гапиради.

Дараа шаҳрида янада кўпроқ одамлар кўчаларга чиқишади.

Улар бошида Президент Асадга мурожаат қилишади ва "бу инқилобга етакчилик қилинг, коррупцияга қарши ўзингиз курашинг" дейишади.

Бироқ Башар одамларни ўққа тутади.

У президент сифатида инсонларга қулоқ тутмайди, ўз халқи синовидан ўта олмайди.

Қуйидаги линкда батафсил кўринг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 3
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 3

Сурияда Башардан норозилик ортарди. Аммо ҳукумат тепасидагилар Башарни олқишлаб, чапак чалишарди.

Айримлар ҳамон Башарга умид боғлашган, у балки истеъфо берар, деб кутишарди.

Аммо Башар чекинмайдиган кўринарди. У дунёвий президент бўлса-да, исёнчиларга қарши муқаддас китобга ҳам мурожаат қилади.

"Қуръони Каримга кўра, исён қотилликдан ҳам ёмонроқдир" - дейди Башар ал-Асад парламентдаги нутқларидан бирида.

"Чунки исён иштирокчилари билиб-билмай бўлса ҳам ўз ватанларини вайрон қилишга ҳисса қўшадилар".

Асад ортга қайтмаслигини, муроса қилмаслигини айтади. У исённи фитна деб атайди.

"Биз ўз манфаат ва тамойилларимизни ҳимоя қилишдан бош тортмаймиз. Бу учун жанг қилиш керак бўлса, жанг бўлади" - дейди у.

Қудратдан қулаш

Basharning yirtilgan surati

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Хуллас, Башар ислоҳотлар йўлидан кетмайди. У урушни танлайди. Қасос йўлини танлайди.

Аммо Сурияда норозилик янада кучаяди, исён тўхтамайди.

Одамлар озодлик исташларини айтишади.

Исёнкорларга қарши кураш ниқоби остида Асад одамлар устига бир неча бор зарин гази септиради.

АҚШ эса Яқин Шарқдаги яна бир урушга аралашмасди.

Бу борада ИШИД ё Исломий Давлат гуруҳи ўртага чиқади ва Асад Суриясини нишонга олади.

Асад иттифоқчисиз қолгандек эди. Аммо Россия Президенти Владимир Путин унинг халоскори сифатида ўртага чиқади.

Аксар исёнкорларни ташкил этган, деб ишонилган Сунний мусулмонлар яшайдиган шаҳарлар Россия ёрдамида бомбардимон қилинади.

Москванинг аралашуви ортидан бир муддат урушда устунлик посангиси Асад тарафга оғади.

Аммо бу Асадни ва унинг сулоласини инқироз ҳамда таназзулдан қутқармайди.

Сурияга ваҳшат солган Асадлар сулоласи қулатилади. 2024 йил декабрида эса Башар ал-Асад қудратдан кетказилади.

У оиласи билан биргаликда Россиядан бошпана топади.

Бироқ 2011 йилдан бери Сурияда ярим миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлди. БМТ Сурияни ер юзидаги дўзахга ҳам қиёслаган.

Ярим асрдан кўп Сурияни бошқарган Асадлар сулоласи қўрқитиш, куч ва шафқатсизликка таянган.

Сулола 2024 йил декабрида хунрезлик, парокандалик ва вайронагарчилик манзарасида хотима топди.

Оила бугун қудратда бўлмаса-да, аммо уларнинг узоқ йиллик бошқаруви ҳали анча вақт Сурияга ҳам бевосита, ҳам билвосита таъсир этиш эҳтимоли катта.