Сунъий интеллект инсоният бошига бало бўлиш эҳтимоли аслида қанчалик?

Сурат манбаси, GettyImages
Сунъий интеллект ривожланиши одамларда келажакдан қўрқув ҳиссини ҳам кучайтирмоқда. Сўровларга мувофиқ, инсониятнинг ярмидан кўпи наздида СИ қўрқинчли.
Шу ўринда айни хавотирлар нимага таянади, деган савол ўртага чиқади.
СИ билан боғлиқ ҳолда Anthropic ва OpenAI билан кечган ҳолатлар хавфсизлик масаласини олдинга қаторга олиб қўяди.
Таҳлилчиларга кўра, сунъий интеллектдан назоратсиз фойдаланишнинг вайронагарчиликка элтувчи хусусиятлари асосий таҳдидлардан биридир.
Айни эҳтимол ҳар қандай ҳолда ҳам 10% атрофида, деб кўрилади.
Аммо агар ҳеч нарсани чекламасдан, бошқармасдан давом этилса, СИ охирзамони эҳтимоли 20% атрофида бўлиши айтилмоқда.
Бундай хулосалар эса СИ бўйича махсус экспертлар билан ўтказилган сўров асосида ишлаб чиқилган.
Сўровни дунёдаги энг етакчи техника олий ўқув юртларидан саналадиган Массачусетс Технология институти олиб борган.
Қўрқувлар рўйхати
Тадқиқотчилар 24 хил эҳтимолий ҳолат рўйхатини тузишган ва ушбу ҳолларнинг ҳар бири 2030 йилга қадар қанчалик "ҳалокатли" тарзда ривожланиши мумкинлигини аниқлаганлар.
Ҳалокатли оқибат деганда, масалан, 1 миллиондан кўпроқ одамнинг ҳалок бўлиши ёки 100 миллиард доллардан ортиқ иқтисодий зарар етиши кўзда тутилади.
Шунингдек, демократик меъёрларнинг қулаши ёки шахсий ҳаёт ҳуқуқининг барбод бўлиши эҳтимоллари ҳам бор.
Энг катта қўрқувлардан бири бўлмиш оммавий ишсизлик эса СИ зарарлари рўйхатида тўртинчи ўринда келади.
Ekspertlarning qo‘rqishicha, eng xavflisi - nazoratdan chiqib ketgan sun’iy intellektdir. Bunday holatda SI mustaqil tarzda insoniyatga katta zarar etkazishi mumkin.
Экспертларнинг қўрқишича, энг хавфлиси - назоратдан чиқиб кетган сунъий интеллектдир.
Бундай ҳолатда СИ мустақил тарзда инсониятга катта зарар етказиши мумкин.
Дейлик, техник муаммолар сабабли, ёвуз ниятли одамлар ҳаракати оқибатида ёки СИ мақсади одамзоднинг манфаатларига мос келмай қолган ҳолатларда бу юз бериши мумкин, дейилмоқда.
Айнан қандай зарар? Бу ўринда, масалан, алдов, қурол-аслаҳа яратиш, одамларни манипуляция қилиш, сиёсатга аралашиш, киберҳужумлар ва ёки анчайин мукаммал СИ тизимини яратиш санаб ўтилган.
Ҳатто, ўзининг қандай ишлашини ва кўпайиши мумкинлигини англаш ҳам қайд этилади.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Кейинги хавфлар ҳам биринчисига боғлиқ.
Хусусан, СИ ёрдамида қурол-яроғ яратиш бўлиб, бу ҳам киберҳужум учун, ҳам одамларни оммавий қирғин қилиш мақсадида яратиладиган қуролларни назарда тутади.
Шу қаторда, "СИ ҳокимият вертикали" ҳам хавф сифатида кўрилади.
Булар - захираларнинг ўта кам сонли одамлар қўлида тўпланиши ва уларнинг энг илғор технологияларни ишлата олиш имконияти ҳамда ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликнинг кучайиши, дейилаётир.
СИ жилови кимнинг қўлида?

Сурат манбаси, GettyImages
Масалан, Stanford AI Index ўтказган сўнгги глобал сўровга биноан, сунъий интеллектни "хавотирли" деб билувчилар улуши 2022 йилда 39 фоиз бўлса, 2025 йилга келиб 52 фоизга кўтарилган.
Шу билан бирга, СИ ривожланишидан қўрқмасдан, аксинча ундан руҳланганлар улуши деярли ўзгармасдан, 53–54 фоиз даражасида қолган.
Бироқ, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, жамоатчилик орасида ортиб бораётган бу хавотир сунъий интеллектга нисбатан ҳеч қандай чекловлар жорий этилишига олиб келмаяпти.
Бунинг сабаби нимада? Қарор қабул қилиш ваколатига эга шахслар сунъий интеллект ривожланишидан манфаатдор ва жараённи назорат қилувчилардир.
Ҳолбуки, ҳаёти ушбу технология туфайли энг кўп хавф остида қолиши мумкин бўлган инсонларнинг бу жараённи ўзгаритирш учун бирон кучга эга эмаслар.
"Заифлик ва жавобгарлик ўртасидаги бундай тафовут янгилик эмас. Масалан, авиация ҳалокатлари, саноатдаги офатлар ёки сифатсиз дори воситалари оқибатларидан оддий одамлар жабр кўришади, буларнинг олдини олиш учун эса ишлаб чиқарувчилар ва тартибга солувчи идоралар масъулдир" - деб ёзишади таҳлилчилар.
"Бироқ, бу соҳалар қатъий андазалар, назорат механизмлари ва ҳуқуқий жавобгарлик тизимлари асосида фаолият юритади" - давом этишади улар.
"Сунъий интеллект соҳасида эса шунга ўхшаш механизмлар ё энди шаклланиш босқичида, ё умуман мавжуд эмас. Натижада, энг заиф гуруҳлар амалда ҳимоясиз қолмоқда, уларнинг хавфсизлиги учун масъул бўлганларда эса хавфларни камайтириш учун етарли истак-ирода этишмайди".
Қаерда ишлаш керак?

Сурат манбаси, EPA
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Экспертлар иқтисодиётнинг 14 тармоғида йигирма тўрт хил аниқ хавфга нисбатан заифлик даражасини баҳолашган.
Энг ёмон кўрсаткичлар ахборот технологиялари ва миллий хавфсизлик соҳаларида қайд этилган.
Ахборот соҳаси дезинформация, жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш каби таҳдидларга юз тутиши мумкин.
Миллий хавфсизлик тизими эса киберҳужумлар ва қуролланишнинг янги турлари қаршисида қолади.
Молия соҳаси ҳам шунга ўхшаш ҳолатга яқин.
Бу жабҳада, бир томондан, сунъий интеллект фирибгарлик ва бозор манипуляциясига қарши курашишни қийинлаштирса, иккинчи тарафдан, унинг барча даражаларда кенг жорий этилиши тизимдаги носозликларнинг эҳтимолий оқибатларини кучайтиради.
Аммо сунъий интеллект барча соҳаларга бир хилда хавф солмайди.
Хавф-хатар таҳлилининг кўрсатишича, сунъий интеллект ҳали СИ кам ишлатиладиган соҳаларга катта зарар етказа олмайди.
Масалан, меҳмонхона ва ресторан бизнеслари, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ҳамда маданият ва кўнгилочар соҳалар ҳозирча СИ хавфидан анчайин ҳимояланган, деб кўрилади.
































