Толибон ҳукмронлиги остида ўтган 5 йил. Афғон аёллари: "Ҳаётимиз таниб бўлмас даражада ўзгарди"

Оқ рўмол ўраган ёш қиз камерага қараб турибди.

Сурат манбаси, SAMIULLAH POPAL/EPA

Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Афғонистонда Толибон ҳокимиятни қўлга олганига беш йил тўлар экан, аёл ва қизлар режим бошқаруви остида уларнинг ҳаёти таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини айтишади.

Қаттиқ қўл исломий гуруҳ 2021 йилда ҳокимиятни қайта эгаллаганидан буён мамлакатдаги 22 миллион аёлнинг ҳуқуқларини босқичма-босқич чеклаб келмоқда.

BBC Толибон ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг ҳам Афғонистонда фаолият юритиш имконини сақлаб қолган оз сонли оммавий ахборот воситаларидан биридир. BBC Кобул марказидан тортиб турли қишлоқ ҳудудларидаги аёллар билан суҳбатлашди.

Улар Толибоннинг 12 ёшдан катта қизларни мактаб таълимидан маҳрум қилгани, эркак ҳамроҳсиз сафар қилишни чеклагани ва балоғат ёшига етмаган қизлар никоҳига ҳуқуқий асос яратадиган қонунни жорий этгани оқибатларини бошдан кечириб келишмоқда.

BBC мухбири Лиз Дусет Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳидни саволга тутмоқда.
Сурат тагсўзи, Толибон ҳокимиятга қайтган дастлабки пайтда аёллар ишлаш ва таълим олишда давом этиши мумкинлиги ҳақида берилган ваъдаларга нима бўлгани ҳақидаги BBC саволига Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид "масъул идоралар мазкур масала устида иш олиб бормоқда", дея жавоб берган.

BBC Афғон хизмати аёллар дуч келаётган чекловлар ҳақида савол берганида, Толибон ташқи ишлар вазири шундай жавоб берди:

"Аёллар ҳаёти барча соҳаларида тўлиқ чекланган эмас".

Аммо ушбу чекловлар аёллар ҳаётининг деярли ҳар бир жабҳасига таъсир кўрсатмоқда ва овозларини эшитишни қийинлаштирмоқда. Суҳбатлашган кўплаб аёллар эҳтимолий таъқиблардан қўрққани учун ҳақиқий исмларини ошкор қилмаган.

Кобуллик Эланинг айтишича, одамлар қашшоқлик ва кундалик қийинчиликлардан шу қадар эзилганки, кўпчилик таълимни, орзуларини ва келажак ҳақидаги умидларини бир четга суришга мажбур бўлган.

"Бугун тирик қолиш энг устувор вазифага айланган ва кўпчилигимизда келажак ҳақида ўйлаш учун вақт ҳам, куч ҳам қолмаган", дейди Эла.

Ушбу мақолада кўнгилни хира қилувчи тафсилотлар бор.

Учувчи бўлишни орзу қилган Шекибо

Рўмол ўраган афғонистонлик қиз йиғлаб суҳбат қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images/Ahmad Sahel Arman

Сурат тагсўзи, Афғонистонда қизлар ўрта ва олий таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум (Иллюстратив сурат)
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Айни пайтда Афғонистон қизлар ўрта ва олий таълим олишдан расман маҳрум этилган дунёдаги ягона мамлакат ҳисобланади.

Шекибонинг айтишича, 15 август, аввалги ҳукумат қулаган кун, ҳаётидаги энг ёмон ва энг азобли кун бўлган.

"Ҳар йили шу сана келганда, гўё эски ярам яна очилаётгандек ва қалбимни янги мағлубият ҳисси қоплаётгандек бўлади. Ўша куни кўп йиллар давомида қалбимда асраб келган орзуларимнинг кўпи бир лаҳзада тортиб олинганини ҳис қилдим", дейди Шекибо.

Шекибо интернет орқали ўрта таълимни тугаллашга муваффақ бўлган. У буни "жуда муҳим ғалаба", деб баҳолайди. Аммо у бутун умри давомида орзу қилган учувчилик касбига эришиш эндиликда имконсиз эканлигини англашини айтади.

"Ҳар сафар осмонга қараганимда ўзимни самолёт бошқариб, дунёни юқоридан томоша қилаётгандек тасаввур қилардим. Мен эркин парвоз қилишни ва чегараларсиз дунёни ҳис қилишни истардим", дейди у.

BBC Толибон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақийдан Афғонистонда қизлар таълими ҳақида сўраганда "аёллар учун ҳамма нарса тақиқланган, дейиш тўғри эмас. Ҳозир уч миллион қиз мактаб ва мадрасаларда таҳсил олмоқда", дея жавоб берди.

Диний таълим муассасалари мамлакат учун қандай қилиб шифокорлар тайёрлаши мумкинлиги ҳақидаги саволга эса Муттақий "аёллар ҳаёти барча соҳаларида тўлиқ чекланмаган... Фақат баъзи соҳаларда кичик бир қисми лозим қарорлар қабул қилингунига қадар чекланган", дея айтди.

Бомиёнлик журналист Зуҳал ҳикояси

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, Афғонистонда аёлларнинг атиги 7 фоизи иш билан таъминланган. Бунга аёлларнинг кўплаб иш жойлари ва таълим соҳаларидан четлатилгани сабаб бўлган.

Телебошловчи Зуҳал Толибоннинг бир қатор фармонларидан кейин ишидан маҳрум бўлди.

"Мен ўз ишимни жуда яхши кўрардим ва уни меҳр билан бажарардим. Ҳар сафар камера қаршисида ўтириб, янгиликларни ўқиганимда ўзимни ғурурли ва бахтли ҳис қилардим. Бу менинг шахсиятим ва ҳаётимнинг ажралмас қисми эди.

Эрталаб уйғониб, телеканалга бориш учун тайёрланадиган кунлар энди эрталаб уйғониб, бутун кунни уйда ўтказишимни билиб бошланадиган кунларга айланди", дейди Зуҳал.

Пушти кўйлак ва оқ рўмолдаги аёд фарзанди билан.

Толибон Ташқи ишлар вазирининг айтишича, 2020 ва 2021 йилларда Афғонистонда 30 минггача аёл тадбиркор фаолият юритган бўлса, шундан буён уларнинг сони 120 минг нафарга етган.

"Аёллар ўқитувчи, давлат хизматчиси ва тадбиркор сифатида фаолият юритмоқда. Аёлларнинг фаолият ва жамоат ҳаётидаги иштирокининг барча шаклларига тўлиқ тақиқ жорий этилмаган", деди Муттақий.

"Оломон ўнгида 50 та қамчи уришди"

Толибон омма ўнгида жисмоний жазони қўллаш амалиётини қайта тиклаган. Расмий маълумотларга кўра, 2021 йилдан буён юзлаб киши қамчи билан жазоланган, аммо аслида бу рақам анча юқори бўлиши мумкин.

Шайманинг BBC га айтишича, уни 50 марта қамчи уриш билан жазолашган. Бу жазо танасида оғир жароҳат изларини қолдирган ва бутун оиласини руҳий зарбага дучор этган.

"Улар бир қоғоз олиб келиб, мени айбларга иқрор бўлишга мажбур қилишди. "Мен диндан қайтган аёлман. Кофирлар билан ҳамкорлик қиляпман ва маҳрам бўлмаган эркаклар билан гаплашганман" деган айбловлар эди", дейди Шайма.

"Атрофга тахминан 200 нафар маҳаллий аҳоли тўпланди. Улар орасида эркаклар, ўсмир болалар ва ёш болалар ҳам бор эди. Уларнинг барчаси эркак эди. Мен овоз чиқариб "тавба қилдим, дея айтишим керак эди", дея хотирлайди Шайма.

Шайманинг сўзларига кўра, унинг катта қизи ҳозир деярли ҳар кеча қўрқиб уйғониб, "Онажон, сизни уришяптими?" ёки "Онажон, сизни ўлдиришяптими?", деб сўрайди.

"Мени энг кўп азобга соладиган нарса шу", дейди у.

"Яшашни истамай қолдим"

Манижа эркак дўсти билан муносабатда бўлгани учун омма олдида 39 марта қамчи билан жазоланган ва шундан кейин қамоққа ташланган.

"Биз турмуш қурмоқчи эдик, аммо афсуски, қўлга олиндик. Толибон жосуслари бу ҳақда қандай билганини ёки кимдир биз ҳақимизда хабар берган-бермаганини билмайман.

Қамоқда онамга ҳам ҳеч қачон айтолмайдиган ҳолатларни бошдан кечирдим. Яшашни истамай қолгандим. Мен қамоқдан чиққач қиладиган биринчи ишим ўз жонимга қасд қилиш бўлади, дердим."

"Мен оилам ва дўстларим учун шармандаликка айлангандим... Турмуш қуриш ҳақида ўйлай олмасдим", дейди Манижа.

Она ва бола саломатлиги ҳам хавф остида

Оқ халатли эркак шифокор ўта озғин гўдакка тиббий ёрдам етказмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images/NOORULLAH SHIRZADA

Сурат тагсўзи, Эркак шифокорлар томонидан даволанишга оид чекловлар туфайли кўплаб аёл ва қизлар тиббий хизматдан фойдалана олмайди.

Афғонистон оналар ўлими кўрсаткичи энг юқори бўлган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Эркак шифокорлар томонидан даволанишга оид чекловлар туфайли кўплаб аёл ва қизлар тиббий хизматдан фойдалана олмайди.

Доя-ҳамшира Марзиянинг айтишича, у олис тумандан клиникага келган, олти фарзанднинг онаси бўлган 45 ёшли аёлнинг кўз ўнгида вафот этганига гувоҳ бўлган.

"Биз чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Аммо ҳозир ҳам доимо унинг ва қолган олти фарзанднинг келажаги ҳақида ўйлайман. Онасиз уларнинг аҳволи нима кечади? Бутун оилага нима бўлади?

Биз барчамиз қаттиқ қайғурдик. Беморни йўқотиш ҳар доим ишимизнинг энг оғир қисми ҳисобланади. Бу бизни ҳам жисмонан, ҳам руҳан чарчатади", дея ҳикоя қилади Марзия.

Марям эса қиз фарзанд кутаётганини ва қизининг келажаги ҳақида хавотирда эканини айтади.

"Агар вазият шу тарзда давом этса, унга нима бўлади? У ҳатто мен каби мактабни битириш имкониятига ҳам эга бўлмайди, университетда ўқиш ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Агар бир куни турмушга чиқиб, ҳомиладор бўлса ва туғруқ пайтида аёл шифокорга муҳтож бўлса-ю, бундай шифокор топилмаса-чи?"

"Овозимизни эшитинг, бизга қулоқ тутинг"

Биз суҳбатлашган афғон аёлларининг айримлари ҳали ҳам келажакдан умидларини узмаганликларини айтишди.

24 ёшли Нурийнинг айтишича, у аёлларга овоз бериш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни истагани учун ҳуқуқшунослик ва сиёсатшунослик соҳаларини танлаганди.

Толибон ҳокимиятни эгаллагач, у олий таълимни тугаллай олмади. Бироқ шунга қарамай, аёлларга ёрдам бериш йўлини топишга муваффақ бўлган.

"Мен умидни йўқотмадим. Ишлаш ва молиявий мустақил бўлишга қарор қилдим. Мураббо ишлаб чиқарувчи ширкатга ишга кирдим. Ҳозир у ерда ишлаётганимга уч йил бўлди."

"Энди бошқа аёллар учун ҳам иш ўринлари яратиш мақсадида ўз ширкатимни ташкил этишга қарор қилдим. Мен уларнинг мен каби мустақил, кучли ва муваффақиятли аёлларга айланиши, яхши келажакка эга бўлишини истайман.

Ҳозирда ширкатимда 10 нафар жасур аёл ишламоқда", дейди Нурий.

Оқ халат ва рўмол ўраган, чўмич билан мураббони идишларга солаётган аёлга чап томонда ўтирган аёллар қараб туришибди.
Сурат тагсўзи, Нурийнинг айтишича, аёллар учун имкониятлар яратиш йўлида ҳаракат қилмоқда.

13 ёшли Асма шифокор бўлишни орзу қилади ва бир куни албатта бу мақсадига етишига ишонади.

"Бир куни ҳамма нарса ўзгаради... аммо биз сабр қилишда давом этишимиз ва умидни йўқотмаслигимиз керак", деди у BBC га.

Стоматология клиникасида ёрдамчи бўлиб ишлайдиган Эла халқаро ҳамжамиятни афғон аёллари ва қизларини унутмасликка чақирди.

"Афғон аёллари ҳақида гапиринг, уларнинг таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқини қўллаб-қувватланг", дея илтижо қилди у.

"Дунё эътиборини уларнинг аҳволига қаратиб туринг. Бизга сукут эмас, ҳамкорлик ва қўллов керак", деди Эла.