Россиянинг Татаристон Республикасига Украина дрон ҳужуми оқибатида 8 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган (видео)

Сурат манбаси, t.me/sotavisionmedia
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистон Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, 10 август куни Россиянинг Татаристон Республикасидаги Нижнекамск шаҳрига Украина дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони 8 нафардир.
Улар шу ҳудуддаги қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган шахслар, дея айтилган.
Шунингдек, вазирликка кўра, турли даражада тан жароҳати олган бир неча Ўзбекистон фуқароси шифохонага ётқизилган.
Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари О. Раматов бошчилигида махсус Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинганини ҳам маълум қилган.
Ушбу Ҳукумат комиссиясига ҳодиса оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлган фуқароларни ҳаво транспортида махсус рейс орқали олиб келиш ва тегишли манзилларга етказиш, шунингдек уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилган.
Бундан ташқари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги вакилларидан иборат Махсус ишчи гуруҳ Россия Федерациясига юборилиб, барча зарур чора-тадбирларни амалга ошираётгани билдирилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон президентларига Татаристон раҳбари таъзияси
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов Нижнекамскга қилинган дрон ҳужуми оқибатида фуқаролари ҳалок бўлган Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевга ҳамдардлик билдирди.
Бу ҳақда республика раҳбари матбуот хизмати журналистларга маълум қилгани ҳақида ТАСС агентлиги хабар берган.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ҳаётдан кўз юмган инсонларнинг шахсини тўлиқ ошкор қилмаган.
Татаристон расмийларининг айтишларича, Нижнекамскда ҳалок бўлганлар орасида бир нафар ёш бола ҳам бор. Дронлар Украина чегарасидан 1100 километрдан ортиқ узоқликда жойлашган Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилиши оқибатида яна 75 киши жароҳат олган. Украина Қуролли кучлари шаҳардаги Танеко нефтни қайта ишлаш заводи нишонга олинганини билдирди.
Бу 2022 йилда Москва Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери Россия ҳудудидаги энг қонли ҳужум сифатида кўрилмоқда.
Россиянинг РИА агентлиги хабарига кўра, қурбонларнинг аксарияти ҳужум пайтида ётоқхонада бўлган. Россия Тергов қўмитаси эса дронлар зарба берган жойда "ҳеч қандай ҳарбий амалиётларда иштирок этмаган фуқаролар бўлганини" маълум қилди.
BBC бу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлай олган эмас.
Украинанинг Россияга ҳужумлар суръати ошган
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Кейинги пайтларда Киев Россиянинг Украинага қарши уруши учун даромад ва логистик таъминот манбаи бўлиб хизмат қилаётганини айтган объектларга узоқ масофадан зарба беришни кучайтирди.
Маҳаллий манбаларга кўра, Нижнекамскка 10 августга ўтар кечаси қилинган ҳужум тун давомида бошланиб, эрталабгача бир неча соат давом этган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва ҳақиқийлиги тасдиқланган тасвирларда кундузи осмонга кўтарилаётган қуюқ тутун ва алангани кўриш мумкин. Шаҳар узра ҳаво ҳужуми сиреналарининг садоси янграган.
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов ҳужум бўлганини тасдиқлаб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган. Нижнекамск шаҳар ҳокими Радмир Беляев эса бу ўлимларни "барчамиз учун улкан қайғу" деб атаган.
Россия томони маълумотига кўра, 10 август тунида Россия ҳудуди бўйлаб 450 дан ортиқ украин дрони ҳаво мудофаа тизимлари томонидан урдириб туширилган.
Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам ҳужумлар кузатилган. Маҳаллий расмийларга кўра, Сибирдаги Тюмен вилоятида бир нечта дрон қулаб тушиши оқибатида саноат объектида ёнғин чиққан.

Ҳужумнинг асосий нишони сифатида Татаристоннинг Нижнекамск шаҳридаги саноат ҳудудидаги нефт ва нефт-кимё объектлари тилга олинаяпти.
Хусусан, Украина Бош штаби "Танеко" нефтни қайта ишлаш заводига зарба берганини хабар қилди.
Қатор халқаро ва маҳаллий нашрларга кўра, завод ҳудудида ёнғин келиб чиққан.
Бу Украина ҳарбийларининг "Танеко" заводига биринчи ҳужуми эмас.
12 июнда ҳам "Танеко" ва ҳам ТАИФ нефтни қайта ишлаш заводлари нишонга олингани хабар қилинган эди.
Июл ойида ҳам Нижнекамскдаги ТАИФ икки марта ҳужумга тутилган эди.
Татаристон ҳокимияти маълумотига кўра, 10 август ҳужумларидан сўнг 75 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 21 нафари шифохонага ётқизилган.
Татаристон Президенти Рустам Минниханов республика бўйлаб мотам эълон қилди, байрам тадбирлари бекор қилинди.
Россиянинг бошқа ҳудудларидаги сингари Татаристонда ҳам дронлар ҳужуми олдини олиш мақсадида мобил телефон алоқаси ва Интернет узилган, кўплаб инсонлар яқинларининг қаердалигини билолмай қийналганлар.
Расмийлар портлашлар рўй берган иншоотлар ва жойларини эълон қилмаяптилар.
Бироқ ижтимоий тармоқларда дрон ҳужумлари Нижнекамск шаҳрининг Школный булвар деб номланган кўчасида кузатилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Бу кўчада "Ковёр" Ёшлар ташаббус маркази, талабалар меҳнат отрядлари маркази, ётоқхона, "Кама" меҳмонхонаси жойлашгани хабар қилинади.
Расмийлар Школный булвардаги мактаб биноси шикастланганини маълум қилдилар.
InKazan Телеграм канали Нижнекамск шаҳри расмийларига таяниб хабар қилишича, Школный булвардаги портлашдан кейин уй-жойи шикастланган инсонларни 3-лицей биносига вақтинча жойлаштиришга қарор қилинган.
93 одам вақтинча бошпана сўраб мурожаат қилгани ушбу кўчадаги вайрона миқёси қанчалар катталигини кўрсатади.
Украина мавқеи
Украина ҳукуматининг Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко "Россиядаги ҳар бир фуқаро ўлими учун президент Путин жавобгар" эканини айтди ва "россияликлар ўз норозиликларини Путин ҳамда ўз мамлакатларида қабул қилинаётган қарорларга қаратсин", деди.
"Путин бўлмаганида тажовуз ҳам бўлмас эди. Тажовуз бўлмаганида эса бу одамлар ҳозир тирик бўларди", деди у.
Киев Россия ҳудудига узоқ масофадан зарба беришда тобора самарали бўлиб бормоқда. Бу ҳужумлар кўпинча омборхоналар ёки энергетика инфратузилмасига қаратилса-да, фуқаролар орасида қурбонлар ҳам кўпаймоқда.
Москва эса ўз навбатида Украина шаҳарлари ва турар жой ҳудудларига қарши мунтазам йирик ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда. Ўтган ҳафта Киевга қилинган дрон ва ракета ҳужуми оқибатида 21 киши ҳалок бўлган эди.
Москва "ҳужумларга алоқадор барча шахслар муқаррар ва қаттиқ жазога тортилади", деб билдирди.
Нижнекамскдаги нефтни қайта ишлаш заводлари аввал ҳам, 12 июн куни ҳужумга учраган эди.
"Украина нишонга олаётган объектлар Украинага қарши ҳужумлар уюштириш, қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва Россиянинг уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланилади", деди Украина Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко.
Татаристон Президенти Минниханов Нижнекамск саноат зонасига борди

Сурат манбаси, t.me/eveningkzn
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов дронлар ҳужумига учраган Нижнекамск саноат ҳудудига борган.
Бу ҳақда Татаристон президенти матбуот котиби Лилия Галимова маълум қилди.
"Вечерняя Казань" Телеграм канали воқеа жойидан олинган суратларни эълон қилди.
"Ушбу ҳудудда турар жой объекти, яъни хостел ҳужумга учради. У ерда тўққиз киши ҳалок бўлган. Ҳозирда воқеа жойида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», деди Галимова.
"Украинага қарши ҳужумларда Шимолий Корея ракеталаридан фойдаланилган"

Сурат манбаси, Getty Images
Айни вақтда Россиянинг Украинага қарши ҳаво ҳужумлари ҳам давом этмоқда.
Ўтган кеча Киев, Запороже ва Днепропетровск шаҳарларга ҳужумлар оқибатида 9 инсон ҳалок бўлган ва ўнлаб киши жароҳатланган.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг айтишича, ўтган кеча Россия Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган баллистик ракеталар билан ҳаво ҳужумларини амалга оширган.
Кеча кечқурун қилган мурожаатида жаноб Зеленский Россия Шимолий Кореядан кўпроқ ракеталар олаётганига ишонишини айтганди. Унга кўра, "кўринишича, Россия Шимолий Корея қўлловисиз ҳужум қила олмай қолган".
Президент Зеленский шунингдек, шу ҳафта бошида Россия ҳудудларини ҳимоя қилиш мақсадида яна 50 минг Шимолий кореялик аскар юборилганини ҳам айтган.
































