"Тарбиявий тадбир": Чеченистонда пичоқ билан полициячиларга ҳужум қилганликда айбланган ўсмирнинг жасади шаҳар майдонида намойиш этилди
Гувоҳлар ўсмирнинг жасадини кўриш учун бюджет ташкилотлари ходимлари майдонга мажбуран ҳайдаб келинганини айтмоқда. Экспертлар эса бу эскича одатларга қаттиқ амал қилинадиган Чеченистондаги илк ўхшаш ҳолат экани ҳақида гапиради.

Сурат манбаси, Screenshot/Grozniy TV
2025 йил 7 апрель куни кечга томон номаълум шахс Чеченистоннинг Ачхой-Мартан туманидаги патруль-пост хизмати ходимларига пичоқ билан ҳужум қилган.
Бир нафар полициячи касалхонада вафот этган.
Эртасига ҳужумда гумон қилинган ўсмирнинг жасади шаҳарнинг марказий майдонига намойиш этилган, бюджет ташкилотлари ходимларини эса бу манзарани кўришга мажбурлашган.
Рамзан Қодиров ўсмирнинг қариндошларини Чеченистондан ҳайдаб чиқаришни талаб қилиб чиққан.
Ҳужум
7 апрель куни кеч соат 9 лар атрофида Ачхой-Мартан шаҳри яшовчиси ЙПХ (Йўл-патруль хизмати) постида навбатчилик қилаётган полициячиларга пичоқ билан ҳужум қилган.
Ҳужум кузатув камерасига тушиб қолган. Тасвирларда бир шахс дўкондан чиқиб, йўлнинг ўртасида турган полиция машинаси томон югургани ва машина яқинидаги уч полициячидан бирига ташлангани кўринади. У полициячини ерга қулатган пайтда ўқ узилган.
Ачхой-Мартан Грознийдан 50 кмча наридаги, тоғ этакларига яқин жойда жойлашган шаҳар типидаги аҳоли маскани. Аҳолиси тахминан 30 мингдан бироз кўпроқ.
Икки урушни бошдан кечирган Чеченистонда бундай воқеалар кутилмаган ҳолат эмас.
Республика ҳудудида "террорчиликка қарши кураш" режими ўн йилга яқин амал қилган ва 2009 йилда бекор қилинган бўлсада, кучишлатар тизим ходимларига ҳужумлар кузатилиб турилади.
Рамзан Қодиров авторитар усулда бошқариб келаётган Чеченистонда норозилик кайфияти вақти-вақти билан ана шундай алоҳида зўравонлик ҳаракатлари шаклида намоён бўлади.
Норози чеченистонликлар учун ЙПХ постлари нисбатан осон нишон, полициячилар эса ҳокимият "вакили" сифатида энг аниқ кўзга ташланадиган шахслардир.

Сурат манбаси, Official
7 апрель кунги ҳужумда бир полициячи оғир ярадор бўлиб, касалхонада вафот этди. Яна икки нафари жароҳат олди. Тергов қўмитаси "ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳаётига суиқасд қилиш" моддаси бўйича иш очди.
Ўрта асрларга хос одат
9 апрель куни Ачхой-Мартандаги бюджет ташкилотлари ходимлари шаҳар марказига мажбурий равишда олиб келинган.
Рус маҳаллий матбуоти билан гаплашганларнинг сўзларига кўра, тадбир тафсилотларини ҳеч ким аввалдан билмаган.
"… ҳеч ким, ҳатто, энг даҳшатли тушида ҳам у ерда нима кўришини ўйламаган эди. Тадбирга мактаб ўқувчиларини ҳам жалб қилишганинику, айтмаса ҳам бўлади", дея маҳаллий мактаб директоридан иқтибос келтирган Кавказский узел нашри.
Тадбирга мажбуран келтирилганлардан бирининг нашрга айтишича, тўпланганлар қаршисида аввал шаҳар маъмурияти раҳбари Хоза Бурсагов ва туманнинг қозиси (шариат бўйича қарор чиқарувчи исломий судья) Абдурашид Дадуев пайдо бўлган.
Ўша пайт майдонга келиб тўхтаган машинадан қон оқиб турган полиэтилен пакетга ўралган жисмни ерга туширишган.
Бу маҳаллий ҳокимият полициячиларга ҳужум қилганликда айблаган ўша ўсмирнинг жасади бўлган.
Йиғилганларга "тарбиявий аҳамиятга эга" дея тушунтирилган тадбирда олинган видеоёзувларни Чеченистон мухолифати Telegramдаги каналларда эълон қилган.

Сурат манбаси, NIYSO
Биринчи видеода, Ачхой-Мартан маъмурият биноси олдида, ёш йигитнинг жасади атрофида бир гуруҳ одамлар тўплангани кўринади, аёлларнинг йиғлаётган товушлари эшитилади.
Гувоҳларнинг хабар қилишича, ҳатто бир неча аёл ҳушидан кетган бўлса ҳам, митингдан кетишга ҳеч кимга рухсат берилмаган.
Telegram'даги мухолиф кайфиятдаги NIYSO канали ушбу видеони эълон қиларкан, митинг тугаганидан кейин ҳам жасадни шу ерда қолдиришганини ёзган.
Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган иккинчи видеода эса ўсмирнинг жасади бошқа жойда ётгани, атрофда машиналар ҳаракатланаётгани кўринади.
Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Ева Меркачева Ачхой-Мартандаги воқеани "ваҳшийлик" ва "ўрта асрларга хос амал" дея атаган.
Bu hech qanday huquq normalariga toʻgʻri kelmaydi va kelolmaydi ham... Mening nazarimda, bu hodisa madaniy va tamaddun jihatdan orqaga qadam.
"Бу ҳеч қандай ҳуқуқ нормаларига тўғри келмайди ва келолмайди ҳам. Инсоният қонли қасос, ўлим жазолари ва шафқатсизликни намойиш этишдан воз кечиш учун ривожланди. Менинг назаримда, бу ҳодиса маданий ва тамаддун жиҳатдан орқага қадам", дейди у Газета.ру нашрига берган интервьюсида.
Масъулият
Ачхой-Мартандаги ҳужумдан сўнг Рамзан Қодиров кучишлатар тизим ходимлари билан мажлис ўтказган.
У ўсмирнинг қариндошларини республикадан ҳайдаб чиқариш ташаббусини ўртага ташлаган.
Bu valadi zino masalasida gapirsam: ota-onasini, agar aka-ukasi boʻlsa – hammasini respublikadan chiqarish kerak. Ularning mulkini tortib olish lozim.
"Бу валади зино масаласида гапирсам: ота-онасини, агар ака-укаси бўлса – ҳаммасини республикадан чиқариш керак. Уларнинг мулкини, агар бўлса, Чеченистонда ҳам, Москвада ҳам, тортиб олиш лозим", таъкидлаган Қодиров чечен тилида.
У кучишлатарларга нисбатан бундай ҳужумлар уюштирганлар юз тутажак оқибатларни тилга олган.
"Биринчидан, мулки мусодара қилинади, сотилади ва тушган пуллар муҳтожларга ёрдам сифатида тарқатилади. Агар қариндошлари ҳужумчиларни тўхтата олмаса, бир ойдан кейин иккинчи босқич амалга оширилади: амакиваччалари Мулки ҳам тортиб олиниб, улар ҳам республикадан чиқариб юборилади".
Қодиров бундай ҳужумларнинг олдини масъулияти қариндошлар гарданига юкланишини таъкидлаган.
"… террорчиларнинг ота-оналари ва энг яқин қариндошларига алоҳида масъулият юкланади. Уларнинг ҳар бири билиши керак: агар яқинларнинг жиноятдан хабари бўла туриб чора кўрмаса, кўмаклашса ёки, бундан ҳам баттари, зўравонликни рағбатлантирса, бу ишлар учун жавоб беради," дейилади Қодировнинг Telegramдаги каналида чоп этилган хабарда.
Қодировнинг сўзларига кўра, ҳужум қилганликда айбланган ўсмир Рамазон Ҳайити муносабати билан Москвадан республикага келган.
Расмий маълумотларда йигитнинг исми айтилмаган, аммо Чеченистоннинг "Грозний" телеканали ўсмирнинг суратини эълон қилган.
"Чеченистонда жамоавий жавобгарлик амалиёти – бу янгилик эмас, у анчадан бери мавжуд", дейди Кавказ.Реалии журналисти Закир Магомедов.
"Чеченистонда кучишлатар идораларга ҳужумлар содир бўлгандан сўнг, Рамзан Қодиров деярли ҳар сафар гумон қилинганларнинг қариндошларига нисбатан репрессия бошлашни буюради. Аммо ўлдирилган одамнинг жасадини шаҳар майдонига олиб чиқиб кўрсатиш – бу энди янгилик. Бундай ҳолат на исломда, на чечен одатларида мавжуд эмас. Ўйлашимча, бу Қодиров режимининг янги "анъанасига" айланади. Бу, шубҳасиз, қўрқитиш ҳаракати, бошқаларга "шу кўйга тушасиз, оилаларингиз, қариндошларингиз ҳам азоб чекади" деган огоҳлантириш".
Яна Украина айбдор
Рамзан Қодиров полициячиларга пичоқ билан қилинган ҳужум ортида Украина турганини иддао қилган.
"Россия Ички ишлар вазирлиги ва Росгвардия ФСБ билан ҳамкорликда бу иш ортида турганларнинг оталарини, биродарларини республикадан чиқариб юбориши керак. Уларнинг бутун мол-мулкини мусодара қилиш лозим… Агар шундан кейин ҳам уларни молиялаб келаётган Украина бу йўлидан тўхтамаса, бошқа қариндошларини ҳам [республикадан] чиқариб юбориш керак", таҳдид қилган Чеченистон раҳбари.
Украина томони Қодировнинг бу даъвосига муносабат билдирмаган.
Одатда қариндошларни республикадан ҳайдаш (улар асосан Россиянинг бошқа ҳудудларига кўчиб кетишади) Чеченистонда кучишлатар тизимлар ходимларига қарши ҳужумлар олдини олишга ёрдам бермайди, дейди журналист Закир Магомедов.
"Пичоқ билан ҳужум қилган ўсмирнинг қариндошлари ҳанузгача полиция бўлимида сақланмоқда, у ерда улар билан нима содир бўлаётгани номаълум. Грознийдаги манбаларнинг хабар қилишича, қариндошларга масъулиятни урушга бориш орқали қисман енгиллаштиришни таклиф қилишяпти. Яъни бир нечта эркак қариндошлар Украинага қарши урушга ҳайдалмоқда", дейди Магомедов.
Вазиятга муносабат билдириши сўралган Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков "мухолифат каналлари тарқатган маълумотлар ишончли эмас"лиги сабабли бу масалада изоҳ беришдан бош тортган.





























