Таҳлил: Хитойнинг ўзгараётган энергия истеъмолидан Россия ютқазиб, Ўзбекистон ютадими?

Сурат манбаси, Getty Images
Хитойнинг анъанавий энергияга талаби тушиши Россия ва Марказий Осиёнинг энергия бозоридаги тартибини кескин ўзгартириб юбориши мумкин. Бундан кимлардир ютқазиши ва Ўзбекистон каби давлатлар ютиши мумкинлиги айтилмоқда.
Eurasianet.org нашри Хитойнинг қайта тикланувчи энергияга талаби ортиши, Россия, Туркманистон ва Қозоғистон каби табиий газ етказиб берувчилар учун яхши янгилик бўлмаслиги ҳақида ёзди. Бироқ бу Ўзбекистоннинг тоза энергия дастури учун ижобий таъсирларга эга бўлиши мумкин.
Сайт BloombergNEF томонидан яқинда нашр этилган "Energy Transition Supply Chains 2025" ҳисоботини таҳлил қилган. Унга кўра, Хитой, тоза энергия ишлаб чиқаришнинг ҳар бир асосий тури бўйича жаҳондаги ишлаб чиқариш салоҳиятининг 70 фоизидан кўпини назорат қилади.
Ҳисоботда таъкидланишича, "Хитой аккумуляторлар, қуёш панеллари ва шамол турбиналари каби тоза технология маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи заводларга сармоя жалб қилишда ҳам етакчи бўлиб, 2024 йилда бундай сармояларнинг 76 фоизи айнан маҳаллий заводларга тўғри келган".
Хитой нафақат ишлаб чиқаришда устунлик қилмоқда, балки қайта тикланувчи энергия, айниқса қуёш электр ишлаб чиқариш соҳасида жадал ўсиш қайд этмоқда. Ҳозирда қайта тикланувчи энергия манбалари Хитойнинг ўсиб бораётган энергия ва электр эҳтиёжининг 80 фоизини қоплай олади.
Ember таҳлил маркази хулосасига кўра, "Хитой 2030 йилгача камида 2461 ГВт қайта тикланувчи электр қуввати ўрнатиш йўлида, бу 2022 йилдаги кўрсаткичдан икки баробар кўп, қуёш қуввати эса қарийб уч баробар ортади".
Ҳозирги кунда Хитой энергия истеъмолининг тахминан 62 фоизи ҳали ҳам қазиб олинадиган ёқилғилар ҳиссасига тўғри келади. Бироқ келгуси йилларда бу улуш камайиши кутилмоқда.
Bu o‘zgarishlar, ehtimol, 2025 yil boshlarida Rossiyaning Qozog‘iston orqali Xitoyga qo‘shimcha gaz yetkazish rejasiga Xitoy qiziqish bildirmaganini tushuntirib beradi.
Бунинг асосий сабаблари: Хитой иқтисодиётининг секинлашиши, қайта тикланувчи манбаларнинг ўсиши ва Коммунистик партия раҳбари Ши Жинпингнинг мамлакатни 2060 йилгача углерод газидан ҳоли ҳолатга олиб чиқиш режасидир.
Eurasianet.org га кўра, бу омиллар Марказий Осиёдаги сўнгги энергия жараёнлари, хусусан табиий газ билан боғлиқ ўзгаришларни тушунтириб беради.
Шу вақтгача Хитой глобал газ талабининг асосий ҳаракатлантирувчиси сифатида кўриларди, аммо эндиликда унинг энергия сиёсати қайта тикланувчилар томон бурилмоқда.
"Бу ўзгаришлар, эҳтимол, 2025 йил бошларида Россиянинг Қозоғистон орқали Хитойга қўшимча газ етказиш режасига Хитой қизиқиш билдирмаганини тушунтириб беради. Шунингдек, "Сибир кучи–2" қувур лойиҳаси ҳануз осилиб ётганини тушунтириши мумкин", дейилади мақолада.
Нашрга кўра, Хитойнинг газга бўлган талабининг пасайиши Туркманистоннинг яқинда Туркия орқали газни ғарбга йўналтириш бўйича айирбошлаш шартномасига киришишига ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Ашхобод, эҳтимол, Хитой келажакда туркман газига бунчалик юқори ҳажмда муҳтож бўлмаслигини ҳис этган.
Хитой билан Ғарб ўртасидаги келажакдаги савдо уруши ҳам Хитойда қуёш панеллари ва бошқа тоза энергия маҳсулотларининг катта захирасини юзага келтиради.
Нашрнинг хулоса қилишича, бу ҳолат ўзининг қайта тикланувчи энергия салоҳиятини кучайтиришни мақсад қилган Ўзбекистон учун яхши имконият яратиши мумкин. Тошкент учун Хитой маҳсулотларининг арзонлашган нархларидан фойдаланиш имкони туғилади.
BloombergNEF таҳлилида шундай дейилади: "Кўплаб ривожланган иқтисодиётлар тарифлар орқали протекционизмни устувор деб билар экан, ривожланаётган бозорларда Хитойдан импорт ҳажмининг ортиши кузатилмоқда".
Ўзбекистоннинг салоҳияти қандай?
Ўзбекистон бир неча йиллардан бери энергия инқирозидан чиқиб кетиши қийин бўлмоқда.
Кунлар совиши билан энергия таъминотида чеклашлар одатга айланган.
Кузатувчилар етишмовчиликнинг асосий сабаблари сифатида, иқтисод жадал ривожланиши ортидан саноат соҳасида энергия талаблари ортаётгани, бироқ ушбу талабни қондириш учун мавжуд тизимлари қодир эмаслигини келтиришади.
Мамлакатдаги энергия тизими талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтириши учун мамлакатга катта маблағ керак бўлади.
Ҳукумат ушбу масалага ечим сифатида қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳам муқобил сифатида кўрмоқда.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Ўзбекистон 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга, умумий энергия ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи ва муқобил манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмини камида 40 фоизга ошириш ниятида.
Бу мамлакатга нафақат энергия ресурсларини диверсификация қилиш, балки, муҳими, атмосферага зарарли чиқиндиларни 34 миллион тоннага камайтириш имконини бериши айтилади.






























