Алламжонов Президент Мирзиёевнинг беш соҳадаги вазифаларига изоҳ берди - Ўзбекистон, янгиликлар

Published

«Гап шундаки, юртимизда муаммо кўп, унинг ечими учун имконият кам. Ўзимизни қанча ўққа-чўққа урмайлик, чегараланган имконият билан масалани охирига етказа олмаймиз. Ишларимиз натижаси чала-чулпа бўлиб қолаверади», - деб ёзади Комил Алламжонов «5 та соҳани 5 га!» сарлавҳали мақоласида.

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов ўз Telegram-каналида Шавкат Мирзиёевнинг Мустақиллик байрамига бағишлаб қилган нутқига изоҳ берди.

Ўз нутқида Президент Мирзиёев «…2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида кейинги ишларимизни 5 та асосий вазифалар бўйича ташкил этамиз», деди ва таълим, суд, тадбиркорлик, тиббиёт, ҳамда ичимлик сувини алоҳида ажратди.

«Биз бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини жадал амалга оширмоқдамиз», - деди президент ўз байрам нутқида.

Алламжонов ўз изоҳида «Нега айнан шу 5 та соҳа?» деб сўрайди.

«Кечаги Президент маърузаси нимаси билан фарқ қилади? Ундаги масалалар доим айтиб келинарди-ку. Бунинг ечим қандай, деган саволга кеча Президент жавоб берди. У 5 та соҳани устувор қилиб ажратиб, ҳозирги бор имконият билан шу 5 та соҳани 5 га бажарамиз, унинг устига ўтириб олиб, ёйилиб кетмасдан ишлаймиз, демоқчи бўлаяпти», - деб ёзди Алламжонов.

«Таълим ривожланса, билимлилар кўпаяди. Билимлилар юрти ҳеч қачон қолоқ бўлмайди. Бизнес ортидан одамлар, жамият бой бўлади. Камбағаллик қисқаради. Бойлари кўп юртда турли соҳалар, сервис хизматлар, умуман яхши ҳаётга интилиш кучаяди ва барпо бўлади.»

Алламжоновнинг айтишича, суд кучли бўлса, бошқа тўртта соҳада ҳам — ҳамма соҳада «беспредел» (бошбошдоқлик) кам бўлади.

«Бизнесменлар ҳуқуқларини шахслар эмас, қонун, одил суд ҳимоя қила олса, улар пулини четга олиб чиқиб кетмайди, четдан кирадиган инвесторлар сони ҳам шунга қараб кўпаяди, чунки уларда ҳам ишонч бўлади. Аслида, ҳамма муаммонинг ечими бу — одил суд. Суд кучли бўлса, оддий айтганда таълимда ҳам, бизнесда ҳам, медицинада ҳам, сувда ҳам — ҳамма соҳада «беспредел» кам бўлади. Ҳамма ўзининг ўрнини билиб юради. Эртага сув қуриб қолса, ислоҳотлар ҳам кўнгилга сиғмайди. Ҳозир сув камайиши тезлашган. Яқин йилларда айрим ҳудудлар чўлга айланиб, қурғоқчилик кучайиб кетиши хавфи ортиб бораяпти. Медицина муҳимлигини-ку гапирмаса ҳам бўлади. У ердаги коррупция ва сифатсиз хизматга ҳар биримиз доим тўқнаш келамиз. P.S.: Бир сўз билан айтганда, айнан шу 5 та соҳани 5 га бажара олишимиз шарт».

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek