Ўзбекистон: Президент Мирзиёев бизнес қонун-қоидаларидаги ўзгаришларни эълон қилди O'zbekiston Yangiliklar

Published

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда тадбиркорлар билан ўтказган мулоқотида бизнес муҳити ва қонун-қоидаларига оида қатор янгиликларни эълон қилди.

Мулоқотни кузатган davletov.uz канали хабар қилишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб микро бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади.

Ёки, улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.

"Корхоналарни тоифага ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашув зарур. Бу нима дегани? Бунда корхоналарнинг йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади. 1 миллиардгача - микробизнес, 10 миллиард сўмгача- кичик бизнес, 100 миллиард сўмгача - ўрта бизнес", - деди Шавкат Мирзиёев:

President.uz

Шунингдек, жумладан, учрашувда қуйидаги ўзгаришлар эълон қилинди:

•Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади.

•Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Жарималар миқдори ҳам тадбиркорларнинг тўлаётган солиғидан ошиб кетмаслиги керак.

•Савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади (Жиноят кодексининг 189-моддаси).

•2023 йил 1 январдан кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди.

•2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) 12 фоизга туширилади.

•Президент тадбиркорларнинг оширилган солиқ ставкалари бўйича ҳисобланган 2 триллион сўмлик қарзларидан бутунлай воз кечиш таклифини билдирди.Тергов жараёнида тадбиркорнинг мол-мулкини хатлаб қўйишнинг асосли экани суд томонидан кўриб чиқилади, қарорни фақат суд қабул қилади.

•Президент ҳузурида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek