Ковид-19 вакцинаси сизга ковидни юқтирмайди, аммо нима қилади? Dunyo Covid-19 Vaksina yangiliklar

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Жаҳон бўйлаб коронавирус вакциналари билан эмлаш бошланар экан, уни қачондир сизга ҳам таклиф қилишлари мумкин. Кимлардир у кунни орзиқиб кутмоқда, лекин бошқалар ундан касалланиб қолишдан қўрқиб эмланишга иштиёқ билдирмаяптилар.

Келинг, бу вакциналар қандай ишлаши ва нега сизга Ковидни юқтирмаслигига қарайлик.

МРНК вакциналари вируснинг матрица РНКси номли генетик кодининг митти бўлагини қўллайди. Масалан, Pfizer/BioNTech ва Moderna вакциналари шундай яратилган.

Векторли вирус вакциналари эса коронавирус геномининг бир қисмини ўз ичига олган ДНКга эга. У сизни бетоб қилмаслиги учун заифлаштирилган ва зарари камроқ вирусга қўшилган.

Oxford/AstraZeneca вакцинаси ана шундай тайёрланади. Россиянинг Sputnik V вакцинаси ҳам шунга ўхшаш.

ДНК ёки мРНК ҳужайраларингизга кўплаб майда оқсил найзачаларини ишлаб чиқаришни буюради. Бу найзачалар одатда коронавирус сиртида бўлади, аммо ёлғиз ҳолда улар хавфсиз, ва ковидни сизга юқтирмайди.

Лекин, бу оқсил найзачалар сизнинг танангизни ковид юқтирганига ишонтиради ва кейинги ҳужумларга мудофаа учун маълумот беради.

Бошқа баъзи вакциналар таркибида коронавируснинг бир қисми, ёки CoronaVac ва Covaxin мисолида, бутун вирус бор.

Лекин, улар ўчирилган ва юқиш кучи йўқ. Эмлангандан кейин баъзи енгил асоратлар, масалан бошоғриқ ё юқори ҳарорат бўлиши табиий. Бу касалликнинг ўзи эмас, бу танангиз вакцинага яхши жавоб бераётгани - иммунитет ишлаб чиқилаётганидан дарак беради.

Миллионлаб одамлар аллақачон эмланди ва жуда кам одамларда жиддий реакция, ё аллергик реакция қайд қилинди.

Аммо, барча дорилар каби, хавф ҳар доим мавжуд. Шу сабаб муайян гуруҳдаги одамларга эмланмаслик тавсия қилиниши мумкин. Масалан, вакцинанинг бир таркибий қисмига аллергияси бор одамга бошқа вакцинани таклиф қилса бўлади. Маслаҳат ҳар давлатда ҳар хил, шундай экан ишончли манбадан маълумот олинг.

Дунё олимлари коронавирус вакциналари хавфсиз бўлиши йўлида тинимсиз меҳнат қилишди. Тобора кўпроқ одамлар ковидга қарши эмланар экан, нормал турмуш тарзимизга қайтиш имкони ошаверади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek