Москвада Америка доллари яна қимматлади

Сурат манбаси, Reuters
Москвадаги биржада 1 АҚШ долларининг қиймати 72 рублдан ҳам кўтарилган.
Жаҳон бозорида нефт нархининг пасайиши сўнгги 11 йилдаги энг паст нуқтага яқинлашгани кузатилди, бу Россия миллий валютаси қадрсизланишининг асосий омили сифатида тилга олинмоқда.
Brent нефтининг баҳоси 1 баррели учун 37,13 долларни ташкил этган, WTI маркали нефт нархи 37 доллардан ҳам пасайгани кузатилган.
Жаҳон бозорида нефт хомашёси мўл экани, бу ОПЕК ташкилотига аъзо мамлакатлар ишлаб чиқаришни кўпайтиргани натижаси экани хабар қилинмоқда.
Жаҳон бозорида нефт нархининг тушиб кетаётгани иқтисоди нефт савдосига боғлиқ бўлган мамлакатларга салбий таъсир кўрсатмоқда.
2014 йил бошидан буён нефт экспортчиси ҳисобланган айрим мамлакатларнинг миллий валюталари жиддий қадрсизланиши кузатилди.
Россия рубли 53 фоиздан ортиқ қадрсизланди.
2015 йил ёзига келиб Қозоғистон тенгесининг бир ярим йил мобайнидаги қадрсизланиши қарийб 54 фоизни ташкил этди, август охирида Қозоғистон ҳукумати валютанинг "сузиб юрадиган курси"ни жорий этишга қарор қилди.
21 декабр куни Озарбайжонда 1 АҚШ долларининг қиймати 1,55 манатни ташкил этди.
2014 йил бошида 1 доллар 0,78 Озарбайжон манатига тенг эди.
Икки йил мобайнида манат қарийб 2 баробар қадрсизланиши ортидан Озарбайжон Марказий банки ҳам сузувчи валюта курсига ўтишга мажбур бўлди.

Ўзбекистон четга нефт сотмаса-да, иқтисодиёти ҳамон ташқарига пахта, газ ва олтин сотишга ихтисослашганича қолган, хориждан меҳнат муҳожирлари юбориб турган пул жўнатмаларига боғлиқ иқтисодиёт ҳисобланади.
Ҳукумат расман тан олмаса-да, айрим иқтисодий таҳлилчилар Ўзбекистонда мавжуд валютанинг "қора бозори"ни Ўзбек сўмининг ҳақиқий қадрини белгилаб берадиган бозор деб кўрадилар.
Шу йил октябрида Ўзбекистондаги "қора бозор"да 1 АҚШ долларининг баҳоси 6000 сўмга чиқиб кетди.
Бу Россия рублининг қадрсизланиши, жаҳон хомашё бозорида нархлар тушиши ва Россиядан меҳнат муҳожирларига оилаларига юбориб турган пул жўнатмаларининг камайгани таъсири деб кўрилди.
Ҳозир олинаётган хабарларга кўра, ҳукумат долларнинг "қора бозор"даги нархини сунъий пасайтириб туришга ҳаракат қилмоқда.
Одамлар орасида "Ўзбекистон кейинги йилдан Кореянингми-Хитойнингми пулига ўтармиш" деган овозалар тарқалган.
Бу қанчалар бемаъни овоза бўлмасин, айрим ўзбекистонликлар қўлидаги долларларини сотиб, бор жамғармасини сўм қилиб олгани бу овоза доллар нархини туширишда нақадар самарали восита бўлганини кўрсатади.
Шу кеча-кундузда "қора бозор"да долларнинг қиймати 5400-5500 сўмни ташкил этмоқда.
Долларнинг расмий курси ҳам 2800 сўмдан кўтарилиб, 28 декабр куни 2809 сўм 98 тийинни ташкил этган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio




























