Оренбургдан Тошкентгача: Россия энергетикасига қилинган ҳужумлар Марказий Осиёда қандай акс этмоқда

Сурат манбаси, Uzbekistan Airways
Украинанинг Россия энергетикасига берган зарбалари оқибатлари энди Россия ташқарисида ҳам сезилмоқда.
Оренбург газни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужумдан сўнг Қозоғистон мамлакатдаги энг йирик нефть-газ конларидан бирида қазиб олиш ҳажмини камайтирди, Қирғизистонда айрим маркадаги бензин танқислиги юзага келди, Ўзбекистоннинг миллий авиакомпанияси эса авиаёқилғи танқислиги ва нархи ошгани сабабли айрим рейсларини қисқартирди.
Марказий Осиё давлатларининг энергетика тизимлари ҳамон Россия инфратузилмаси билан чамбарчас боғланган. Шунинг учун ундаги ҳар қандай муаммо қўшни давлатлар учун иқтисодий йўқотишларга олиб келмоқда.
Энг кўп қарам давлатлар
Сўнгги ҳафталарда тобора кўпроқ россияликлар дуч келаётган бензин танқислиги бошқа давлатларга ҳам таъсир қилди.
Бишкекдаги ҳайдовчилар АИ-95 ва АИ-98 бензини танқислигидан шикоят қилмоқда. Бу энг оммабоп турлар эмас, аммо Қирғизистон ҳокимияти вазиятни етарлича жиддий деб баҳолаб, олти давлатга, жумладан Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистонга ёқилғини барқарор етказиб беришга кўмаклашиш илтимоси билан мурожаат қилди.
Қирғизистон ва Тожикистон Россия ёқилғисига энг кўп қарам давлатлардан ҳисобланади. Қирғизистон мамлакатда истеъмол қилинадиган бензин ва дизелнинг 90 фоиздан ортиғини Россиядан сотиб олади, Тожикистон эса нефт маҳсулотларининг 84 фоизини шу мамлакатдан импорт қилади.
Апрел ойи бошида Россия бензин экспортини тақиқлади. Бу тақиқ, агар муддати узайтирилмаса, июл ойи охиригача амал қилади.

Сурат манбаси, IGOR IVANKO / AFP VIA GETTY IMAGES
Қирғизистон, Тожикистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бошқа давлатлари бу тақиқдан мустасно қилинган, чунки улар Москва билан ёқилғи етказиб бериш бўйича ҳукуматлараро битимларга эга. Аммо Россиядаги бугунги танқислик шуни кўрсатмоқдаки, ҳатто бу битимлар ҳам юз фоиз кафолат бермайди: улар етказиб беришнинг тахминий ҳажмлари ва имтиёзли тартибини белгилайди, аммо амалдаги юклаб жўнатишларни кафолатламайди. Чунки бу Россия ишлаб чиқарувчиларида ёқилғи мавжудлигига боғлиқ.
«Менимча, Москва ички энергетика хавфсизлиги билан экспорт манфаатлари ўртасида танлов қилишга мажбур бўлса, қайси томонни танлаш борасида унда деярли ҳеч қандай иккиланиш бўлмайди», — дейди энергетика хавфсизлиги бўйича эксперт Франческо Сасси.
2025 йил кузида Россиядаги ёқилғи инқирози ҳукуматлараро битимлар мавжуд бўлишига қарамай, Тожикистон ва Қирғизистонга ёқилғи етказиб бериш узилиши ҳамда бензин танқислигига сабаб бўлган эди.
Агар ҳозирги узилишлар давом этса ва Қирғизистонда энг оммабоп АИ-92 бензини танқислиги юзага келса, бу юк ташиш соҳасига, ҳосил йиғим-терими пайтида қишлоқ хўжалигига ва натижада нархларга ҳам таъсир қилади.
Ҳозирнинг ўзидаёқ Тожикистонда бензин нархи кескин ошди. Душанбе шаҳрида уч ҳафта ичида АИ-92 бензинининг бир литри қарийб 8,6 фоизга — 10,4 сомонидан 11,3 сомонига (1,12–1,22 доллар), дизел ёқилғисининг бир литри эса қарийб 21 фоизга — 11 сомонидан 13,3 сомонигача қимматлади.

Сурат манбаси, EMIL LEEGUNOV/ANADOLU VIA GETTY IMAGES
Тожикистон ҳокимияти ёқилғи етказиб беришнинг муқобил йўлларини изламоқда. Масалан, маҳаллий нефтьни қайта ишлаш заводларида қайта ишлаш учун Эрондан хом нефть импорт қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда.
Энергетика хавфсизлиги бўйича эксперт, Methinks консалтинг компаниясининг катта ҳамкори Жон Робертснинг айтишича, назарий жиҳатдан Россиядан импортдаги танқисликни Хитой ҳисобидан қоплаш мумкин.
Бироқ иқтисодчи Нургул Акимованинг фикрича, қисқа муддатда Россиядан келадиган етказиб беришларга муносиб муқобил деярли йўқ. У «Радио Озодлик»нинг Қирғиз хизматига берган изоҳида бундай муқобиллар катта инфратузилмавий сармояларни талаб қилишини ва ҳозирги Россия таъминотига нисбатан қимматроқ бўлишини таъкидлаган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Қозоғистон қазиб олиш ҳажмини қисқартирмоқда
Қозоғистонда вазият бошқача. Мамлакат нефть ва газни мустақил равишда қазиб чиқаради, аммо ҳанузгача Россия инфратузилмасига маълум даражада қарам.
24 июнга ўтар кечаси Украина учувчисиз учиш аппаратлари Россиядаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланган Оренбург газни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Завод «Газпром»га тегишли бўлиб, бошқа манбалар қаторида Қозоғистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Қорачаганоқ конидан олинадиган хом газни ҳам қайта ишлайди.
Қорачаганоқ лойиҳаси мамлакат энергетика тизими учун стратегик аҳамиятга эга. Уни жаҳоннинг йирик нефть-газ компаниялари — Chevron, Shell, Eni, Россиянинг «Лукойл» компанияси ҳамда Қозоғистоннинг «ҚазМунайГаз» компанияси иштирок этаётган халқаро консорциум ишлаб чиқмоқда.

Сурат манбаси, VYACHESLAV OSELEDKO/AFP VIA GETTY IMAGES
У ерда қазиб олинадиган газнинг катта қисми қувур орқали Оренбург газни қайта ишлаш заводига етказилади. У ерда газ олтингугурт бирикмаларидан тозаланиб, тижорат гази, суюлтирилган углеводород газлари ва бошқа таркибий қисмларга ажратилади. Тижорат газининг бир қисми Қозоғистон ички бозорига етказиб берилади, қолган қисми эса экспорт шартномалари асосида сотилади.
Қорачаганоқ конининг ўзига хос хусусияти шундаки, у ерда нефть, газ ва конденсат бир вақтнинг ўзида қазиб олинади. Газнинг катта қисми қатлам босимини сақлаб туриш ва нефть қазиб олиш ҳажмини барқарор ушлаб туриш учун яна ер ости қатламига қайта ҳайдалади.
Ҳужумдан сўнг Оренбург газни қайта ишлаш заводи хом газ қабул қилишни қисқартирди. Натижада Қорачаганоқ конида ҳам қудуқлардан чиқарилаётган умумий оқимни камайтиришга тўғри келди — бу эса газ, нефть ва газ конденсати қазиб олиш ҳажмининг пасайишига олиб келди. Газ конденсати — углеводородлар аралашмаси бўлиб, қайта ишлашдан кейин бензин, дизел ва авиация ёқилғисини олиш мумкин.
Натижада Қозоғистондаги ушбу конида нефть ва газ конденсати қазиб олиш ҳажми тахминан чоракка — суткасига 34 минг тоннадан 25 минг тоннага тушди.
Шунга ўхшаш вазият 2025 йил кузида ҳам кузатилган — ўшанда ҳам Оренбург ГҚЗга қилинган ҳужум сабаб бўлган. У пайтда ҳам Қорачаганоқ қазиб олишни тахминан 25 фоизга қисқартирган. Энергетика хавфсизлиги бўйича эксперт Олжас Байдилдинов операторнинг эҳтимолий кунлик йўқотилган даромадини тахминан 4,4 миллион доллар деб баҳолаган. Бироқ ўша сафар Оренбург газ қабул қилишни уч кун ичида тиклаган бўлса, бу галги узилиш бир ҳафтадан ошди.

Сурат манбаси, KARACHAGANAK OFFICIAL
Ҳозир ҳукумат ички газ таъминотига зарар етмаганини таъкидламоқда. Лекин қазиб олишнинг қисқариши экспорт учун камроқ хомашё қолишини англатади. Агар Оренбургдаги чекловлар узоққа чўзилса, мамлакат экспорт тушумларидан ва нефт-газ соҳасидан тушадиган солиқлардан қисман маҳрум бўлиши мумкин.
Энергетика хавфсизлиги бўйича эксперт Жон Робертснинг айтишича, Қозоғистон учун асосий муаммо — Карачаганоқнинг ҳали ҳам асосан нефть экспортига боғлиқ эканидир. Унинг катта қисми Россия ҳудуди орқали экспорт қилинади.
Карачаганоқ нефть ва конденсати учун асосий экспорт йўли Каспий қувур консорциуми (КҚК) тизими ва Новороссийскдаги Қора денгиз терминали орқали ўтади. Бироқ Новороссийск ҳам Украина дронлари ҳужумларига учраган бўлиб, бу йўлнинг барқарорлигини хавф остига қўймоқда.
Май ойигача Қорачаганоқ нефтининг бир қисми Германияга ҳам етказиб берилган — аввал Атирау–Самара қувури орқали, кейин «Дружба» тизими билан Шведтдаги (Берлин яқинида) НПЗга. Бироқ 1 майда Россия Германияга «Дружба» орқали Қозоғистон нефти транзитини тўхтатди. Вице-премьер Александр Новак бу қарорни «техник имкониятлар» билан изоҳлаган.
Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов эса бу қарор Украина ҳужумларининг Россия инфратузилмасига таъсири билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтган. Financial Times эса юқори лавозимли қозоғистонлик манбага таяниб, бу қарор Россиянинг Европа Иттифоқи ва Германияга босим ўтказиш уриниши бўлиши мумкинлигини ёзган.
Астана Россия қайта ишлаш инфратузилмасига қарамликни камайтиришга анча вақтдан бери ҳаракат қилиб келмоқда. Июн ойи бошида Қозоғистоннинг асосий газ компанияси QazaqGaz Қорачаганоқ конида янги газни қайта ишлаш заводи қуриш лойиҳаси учун жанубий кореялик Hyundai Engineering компаниясини танлаган. Лойиҳага кўра, завод йилига 5 миллиард куб метргача газни қайта ишлаш имкониятига эга бўлади.
Бироқ бу яқин йиллардаги ечим эмас. Ҳатто ишга тушгандан кейин ҳам янги завод ҳозир Оренбург газни қайта ишлаш заводида қайта ишланаётган ҳажмдан тахминан икки баробар кам газни қабул қила олади: йилига 5 миллиард куб метр, ҳозир эса тахминан 9 миллиард куб метр. Демак, у Қозоғистоннинг Россия инфратузилмасига боғлиқлигини камайтиради, аммо Оренбургни тўлиқ алмаштира олмайди.
Ҳукуматлар шунингдек Боқу—Тбилиси—Жейҳон йўналишини Россия транзитига асосий муқобиллардан бири сифатида тилга олиб келмоқда. Бироқ энергетика хавфсизлиги бўйича эксперт Жон Робертснинг айтишича, Каспий денгизи орқали нефть ташиш учун танкерлар етишмаслиги сабаб бу йўналишнинг имкониятлари ҳозирча чекланган.
Шу билан бирга, Россиядаги ёқилғи инқирози Қозоғистон учун қўшимча даромад имкониятини ҳам яратмоқда. Reuters маълумотларига кўра, Москва ички бозордаги танқисликни қоплаш учун Қозоғистондан тахминан 50 минг тонна АИ-92 бензини сотиб олиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бироқ Қозоғистон ҳукумати ҳозирча Россиядан расмий сўров келиб тушмаганини билдирган.

Сурат манбаси, KARACHAGANAK OFFICIAL
«Сиёсий шартларсиз»
Ўзбекистон Россиядаги ёқилғи инқирозининг оқибатларидан Қирғизистон ва Тожикистонга қараганда яхшироқ, лекин Қозоғистонга нисбатан кўпроқ таъсирланади.
Мамлакатда нефть ва газ конденсати қазиб олинади, Бухоро ва Фарғона НПЗлари эса бу хомашёни бензин, дизел ва бошқа нефть маҳсулотларига қайта ишлайди.
Бироқ ички талабнинг ўсиши буни тўлиқ қопламайди, шунинг учун Ўзбекистон ҳали ҳам бензин, дизел ва авиация керосинини, жумладан Россиядан ҳам импорт қилади. 2026 йил январь–апрель даврида бензин импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробардан кўпроқ, дизел импорти эса қарийб 18 фоизга ошган.
Шу сабаб Россия етказиб беришларининг қисқариши Ўзбекистонни ёқилғидан бутунлай маҳрум этмаса ҳам, нархлар ошиши ва айрим турлар бўйича танқисликка олиб келиши мумкин.
12 июнь куни Uzbekistan Airways айрим йўналишларда Ўзбекистон шаҳарлари ва Россия ўртасидаги рейслар сонини қисқартиришини маълум қилди. Бунга авиация керосини танқислиги ва унинг қимматлашиши сабаб қилиб кўрсатилди. Ўзгаришлар Москва ва Санкт-Петербургга учишларнинг бир қисмига тааллуқли бўлди.

Сурат манбаси, NEFTEGAZ.RU
Авиакомпания вазиятни «ташқи омиллар» билан изоҳлади, аммо аниқ сабабларни очиқламади. Жаҳон бозорида керосин нархининг ўсиши Яқин Шарқдаги уруш ва Ҳормуз бўғози орқали етказиб беришдаги узилишлар билан боғлиқ. Россиядаги танқислик ва экспорт чекловлари ҳам бозорни қийинлаштирган бўлиши мумкин, аммо Uzbekistan Airways ҳам, Тошкент расмийлари ҳам Россия билан тўғридан-тўғри боғлиқликни тасдиқламаган.
Шунингдек, биржада АИ-92 бензини нархи кескин кўтарилиб, оммавий ахборот воситаларига кўра тарихий максимумга етган.
Ўзбекистон учун узоқ муддатли нуқтаи назардан энг муҳим масалалардан бири — газ муаммоси. 2026 йил биринчи чорагида мамлакатда табиий газ қазиб олиш ҳажми 15 фоизга камайган, четдан харидлар эса кескин ошган. Бу масала айниқса қиш мавсуми олдидан янада кескинлашади.
Осло университети тадқиқотчиси Франческо Сасси ўтган йили Ўзбекистон газ етишмовчилигини миллий хавфсизлик масаласи сифатида қабул қилишини айтган эди. Шу сабабли мамлакат бир вақтнинг ўзида «Газпром» билан ҳам мурожаат қилган, ҳам Қозоғистон ва Туркманистон билан музокаралар олиб борган. Унинг сўзларига кўра, Россиядан келадиган етказиб беришлар минтақага қисқа муддатли барқарорлик берса-да, иқтисодий ўсишни Москванинг сиёсий таъсирига боғлаб қўйиши мумкин.
Ўзбекистон бундай хавфларга тайёр эмас. 2022 йил декабрида Тошкент Москва томонидан таклиф қилинган Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон «уч томонлама газ иттифоқи»ни рад этган. Ўша пайтда энергетика вазири Журабек Мирзамахмудов келишув фақат тижорат ва техник масала бўлиши кераклигини, сиёсий шартлар бўлишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаган: «Биз ҳеч қандай сиёсий шартлар қўйилишига йўл қўймаймиз».
Ҳукуматлараро битимлар, ёқилғи захиралари ва юк оқимини қайта йўналтириш имкониятлари асосий ҳақиқатни ўзгартирмайди: минтақа давлатларининг энергетика тизимлари ҳали ҳам Россия етказиб беришлари, қайта ишлаш қувватлари, қувурлар, портлар ва нархларга чамбарчас боғланган. Россиядаги танқислик қанча узоқ давом этса, унинг оқибатлари минтақада шунчалик кучли бўлиши эҳтимоли ошади.
Франческо Сасси қўшимча қилади: «Дарҳол етказиб бериш тўхташи натижасида юзага келадиган инфляция Марказий Осиё давлатлари учун турли оқибатларга олиб келиши мумкин. Геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган дунёда (Эрондан импорт давом этаётган можаро сабаб зарар кўрмоқда, Хитой эса Ҳормуз бўғозининг узоқ муддатли ёпилиши оқибатларидан ҳали ҳам азият чекмоқда) Россия инқирози туфайли юзага келиши мумкин бўлган зарбаларга осон ечим йўқ».






























