Қозоғистон тенгесининг ‘Оврўпода тенги йўқ’

Сурат манбаси, Reuters
Агар, Украинадаги Forex Club таҳлилий марказининг хулосасига таянилса, қадрсизланиш бобида бу йил Қозоғистон тенгесига етадигани топилмаган.
Марказнинг янги рўйхатида юқори учликни тўлдирган қолган икки миллий пул бирлиги ҳам собиқ Шўро давлатлариники бўлиб чиққан.
Яъни, Беларус рубли ва Украина гривнаси Қозоғистон тенгесидан кейин йил давомида АҚШ долларига нисбатан энг кўп қийматини йўқотган миллий валюталар, деб топилган.
Марказ таҳлилчиларига кўра, кечаётган йилда тенге 85.2, Беларус рубли 54.3 ва Украина гривнаси 48.7 фоизга девальвация бўлган.
Бу ҳақда Қозоғистоннинг tengrinews.kz ахборот агентлиги Украинанинг айрим етакчи интернет нашрларига таяниб, хабар берган.
Forex Club таҳлилчиларига кўра, Хитой миллий пул бирлиги – юаннинг “заифлашиши” ва шу йил бошидан буён “Брент” маркали нефт қийматининг жаҳон бозорида ўттиз фоиздан ортиқроққа арзонлаб кетиши Қозоғистон иқтисодига жиддий таъсирини ўтказган.
Қозоғистон Миллий банкини август ойида тенгени эркин баҳода истеъмолга чиқаришга мажбур қилган.
tengrinews.kz ахборот агентлигининг маълумотларига таянилса, қозоқ тенгеси сўнгги кунларда “антирекорд” ўрнатишда давом этмоқда.
Дейлик, 18 декабр куни Олма ота ва пойтахт Остонадаги валюта айирбошлаш шохобчаларида 1 АҚШ долларининг қиймати ўртача олгандан 350 тенгега тенг бўлган.
Маҳаллий кузатувчиларга кўра, бунга ўхшаш ҳолат Қозоғистонда бу яқин йиллар ичида кузатилмаган.
Рўйхатдаги қолганлар...

Сурат манбаси, Getty
Марказнинг янги рўйхатида юқори ўнликни ҳам Туркия истисно фақат собиқ Шўро давлатлари тўлдиришган.
Қозоғистон, Беларус ва Украинадан сўнг рўйхатни Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон, Гуржистон, Туркия, Молдова ва Россия давом этдиришган.
Туркманистон шундоққина Россиядан кейинги ўринда келган бўлса, Марказий Осиё давлатлари орасидан ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан энг кам арзонлаган миллий пул бирлиги бўлиб чиққан.
Агар, хабарда илова қилинган жадвалдаги маълумотларга таянилса, жорий йилда ўзбек сўми 14.8 фоизгагина ўз қадрини йўқотган, холос.
Аммо...
Қанчалик барқарор экани борасида эса, собиқ Шўро давлатлари орасида Арманистон драмига етадигани топилмаган.
Яъни, арман драми жорий йил бошидан буён АҚШ долларига нисбатан бор-йўғи икки фоизча арзонлаган.
Марказ диққатига тушган барча давлатлар орасидан эса, Швейцария франки АҚШ долларини “умуман писанд этмагани” бўлиб чиққан.

Сурат манбаси, REUTERS
Миллий валюталари АҚШ долларига қаршисида деряли “миқ этмай туриб берган” қолган икки мамлакат Исландия ва Буюк Британия бўлишган.
Ўз ўрнида, Оврўпо миллий пул бирликлари орасидан энг кўп арзонлагани Норвегиянинг крони экани ҳам маълум бўлган.
Марказ таҳлилчиларига кўра, бунга жаҳон бозорида нефть ва газ баҳосининг бир тушиб, бир чиқиб тургани сабаб бўлган.
Ана сизга...
Хабарларга кўра, манатнинг кескин арзонлаб кетиши Озарбайжондаги савдо тармоқларида хорижий товарлар савдосининг чекланишига олиб келган.
Аён бўлишича, бунга ҳам Озарбайжон Миллий Банкининг 21 декабрдан бошлаб манат нархини эркин қўйиб қўйиш қарори сабаб бўлган.
Банкнинг қарори ортидан, асосан маиший техника билан савдо қилувчи кўплаб дўконлар ва дорихоналар вақтинчаликка ёпилишган.
Айрим хабарларга кўра, улар ўз товарлари қийматини қайта баҳолашга тушиб кетишган.
Озиқ-овқат дўконларида эса, чет элда ишланган маҳсулотларнинг тортилиб қолгани кузатилган.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, Озарбайжон Миллий Банкининг сўнгги қарори ортидан, манат АҚШ доллари, евро ва Россия рублига нисбатан қарийб 50 фоизга арзонлаб кетган.
Собиқ Шўро давлатлари орасидан миллий пул бирлигининг қадрсизланиши бобида биринчилардан бўлиб Россия рубли рекорд ўрнатишга борган.
Оврўпо Иттифоқи ва Ғарбнинг устма-уст иқтисодий санкциялари ва жаҳон бозорида нефть нархининг кескин тушиб кетиши ўтган йили Россия рублининг ҳақиқий инқирозини бошлаб берганди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio





























