Янгиликлар: Ўғли Қуръонни ёқишда айбланган йигитни калтаклагани учун Путин энди Рамзан Қодировни нима қилади? Rossiya Islom dini Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Skrinshot
Чеченистон раҳбари Путинга жиддий муаммо яратдими?
Алоқадор мавзулар
- Янгиликлар: Россия Қуръонни таҳқирламайдими, Путин Қуръонни нима қилмоқчи, Бағдоддаги элчихонага босқин ва элчи изоҳ берсин... - янги тафсилотлар
- Дин ва дунё: Қуръони Карим яна ёқилди
- Ўзбекистон ва Чеченистон: Мирзиёев Рамзан Қодировга Қуръон совға қилди, бунақаси бўлмаган
- Туркия: Ая Софияда 86 йилдан сўнг биринчи Жума намози ўқилмоқда
Рамзан Қодировнинг 15 ёшли ўғли Адам Қуръонни ёқишда айбланган йигитни қандай калтаклагани акс этган видеони эълон қилишига Россия юқори мартабали давлат мулозимларининг муносабат билдиришдаги сусткашликлари шу кунларда эътиборга тушди.
Мазкур воқеа ортиданоқ бу хусусда улардан тузук-қуруқ бир гап чиқмагани алоҳида бир хабар мавзусига айланди.
Би-би-си Рус хизмати суҳбатлашган юристлар эса, видеодаги калтаклашда иштирок этган шахсларни, шунингдек, уни шарҳлаб, тарқатган Рамзан Қодировни Россия қонунларининг камида 9 моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортиш мумкинлигини таъкидлашганди.
Россия президентининг матбуот котиби ҳам ўтган ҳафта ўзининг сешанба кунги матбуот анжуманини, "Қодировнинг ўғли билан боғлиқ воқеага изоҳ бермайман", деган сўзлар билан бошлади.
"Нима учун?", деган саволга эса, Дмитрий Песков, "Истамайман", деб жавоб берди.
Би-би-си Рус хизмати ҳуқуқ-тартибот идоралари, Вазирлар Маҳкамаси ва Россия парламенти ҳар икки палатасининг ҳам бу хусусдаги сусткашлигига ўзининг эътиборини қаратди.
Маълум бўлишича, асосан "Новые люди" партиясидан Россия Давлат Думаси вице-спиркери ва Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили бу масалада тезкорлик қилишган.
Аммо улар ҳам ўзларининг муносабатларида кўпи билан қонун устиворлигининг муҳимлигини айтиш билан чекланишган.
Дейлик, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг омбудсман сифатида энди нима қилмоқчи экани ноаён қолган.
Видео
Чеченистон раҳбари 25 сентябрь куни ўғли Қуръонни ёқишда айбланаётган Никита Журавелни калтаклаётгани акс этганини таъкидлаб, видео чиқарган.
Рамзан Қодиров ўшанда ўғлининг қилмишидан фахрланишини таъкидлаган.
"Бундай иғвогарлар ва хоинлар танадаги куйдириш лозим бўлган ўсимтадир", деб видеосига илова ҳам ёзган.
Аммо ўша пайтда видеодагилар ростдан ҳам Адам Қодиров ва Никита Журавеллар эканини мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.
"Жиддий муаммо"

Сурат манбаси, kremlin.ru
Россияда "хорижий агент" сифатида тан олинган сиёсатшунос Аббос Галлямовга кўра эса, ҳозир муаммо шундаки, Чеченистон раҳбари "Путинга жиддий муаммо пайдо қилган".
"Қуръонни ёқиб юборган волгоградлик қанчалик аҳмоқ бўлмасин, у барибир рус миллатига мансуб. Энди Путин бир русни чеченлар қўлига бериб қўядигандек чиқиб қолаяпти. Буни аксарият руслар жуда хушламасликлари тайин. Урушни қўллаб-қувватловчилар гуруҳининг асосини ташкил этувчи "рус ватанпарварлари"ни-ку, энди, қўяверинг", - деб ёзди у.
Видео эълон қилинишидан уч кун ўтиб эса, Россия президентининг Рамзан Қодиров билан учрашганига оид расмий хабарлар олинди.
Аммо Россия президентининг расмий веб саҳифасидаги хабар тафсилотларидан бу масаланинг Кремлдаги учрашув кун тартибига чиққан-чиқмагани ноаён қолди.
Мулоқотнинг асосан Чеченистондаги аҳвол, "махсус ҳарбий амалиёт" ва чечен жангчиларининг жанг майдонида қанчалик жонбозлик кўрсатишаётгани атрофида кечгани маълум бўлди.
Воқеаларнинг бу каби ривожи, бошқа томондан, Рамзан Қодировнинг "оғир хаста" эканига оид хабарлар манзарасида бўй кўрсатди.

Сурат манбаси, Rasmiy
Ариза?..
Маълум бўлишича, шу орада телебошловчи Ксения Собчак Рамзан Қодиров билан суҳбати ортидан, "ОАВ хабарлари асосида" ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза ёзишга ваъда берган.
Ксения Собчакнинг Telegram каналида маълум қилишича, ўтган душанба куни кечқурун Чеченистон президентининг ўзи унга видеоҳавола орқали телефон қилган.
Унинг сўзларига кўра, Қодиров ўғли ва тан қўриқчиси билан бирга Никита Журавелни кўрган "тергов изолятори"га борган.
Қодиров ўзининг "қонунга бўйсунувчи фуқаро" бўлгани учун унга "ҳеч нарса қилмагани"ни айтган.
Англашилишича, "Мен кейин хонадан чиқдим, Адам у ерда қолганини сезмабман. У ўзи билганини қиладиган бола. Кейин қичқириқларни эшитдим ва уларни ажратиш учун қўриқчини юбордим", деб айтган Чеченистон раҳбари телебошловчига.
Аммо бу ҳолатда калтаклаш воқеасини ким тасвирга олгани номаълумлигича қолмоқда.
Собчакнинг таъкидлашича, Қодировнинг ўзи ўша куни унга ариза ёзиш( афтидан, ҳуқуқ-тартибот идоралари назарда тутилган), пикетга чиқишни таклиф қилган ва бунинг учун "ўзига ҳеч нарса бўлмаслиги"га ваъда берган.
Ксения Собчакнинг буёғига қандай иш тутганига оид хабарлар ҳозирча имконсиз.

Сурат манбаси, Rasmiy
Бу йилги Қурбон Ҳайити ва Стокгольмда Қуръони Карим ёқилган куни Россия президенти Дербентдаги қадимий Жума масжидига қилган ташрифи чоғида "бу муқаддас китобга кўрсатилган ҳурматсизлик ўз мамлакатида қонунан жиноят саналиши"ни таъкидлаган.
Шундай деркан, Путин яна ўзларининг ҳар доим ушбу қонунчилик тартиб-қоидаларига риоя этишларига ҳам ишонтирган.
Ислом дини эса, Россияда иккинчи йирик дин саналади, мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил этади.
Россиядаги мусулмонларнинг сони турли манбаларда 10 миллиондан 25 миллионгача экани айтилади.
Жиноий иш
Никита Журавелга нисбатан жиноий иш эса, шу йил май ойида, интернетда Қуръон ёқиб юборилгани акс этган видео пайдо бўлиши ортидан очилган.
Хабарларга кўра, асли украналик бўлган 19 ёшли Никита Журавел Қуръонга ўт қўйиб, жараённи ҳам ўзи тасвирга олган.
Тергов маълумотларига таянилса, йигит сўроқ пайтида 10 минг рубль мукофот пули эвазига Украина махсус хизматлари кўрсатмаси билан Қуръонни ёқиб юборганини айтган.
Аммо Украина томони ҳалича унинг айни мазмундаги даъволарига бирор бир муносабат билдирмаган.
Қуръон ёқиб юборилгандан кейин диндорларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилишда айбланиб ҳибсга олинган Никита Журавелнинг май ойи охирида Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикиннинг шахсий буйруғи билан Чеченистонга олиб келингани айтилади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEKTelegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
































