Янгиликлар. Қозоғистон: Россия мушакларини кўрсатиб қўйди Qozog‘iston O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Vladimir Putin

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Россия ўтган бир йил ичида ядровий қурол қўллашгача бориши билан бир эмас, бир неча бор таҳдид қилган
Published

Россия қўрқитмоқчими?

Алоқадор мавзулар:

Нима гап?

Кечаётган ҳафтада Россия яна эътиборга тушди.

Қилган иши халқаро миқёсда сарлавҳаларга чиқди.

Россия ўзининг қитъалараро "илғор" баллистик ракетасини синовдан ўтказди.

Ракетаси Қозоғистондаги нишонга бориб "аниқ" зарба берганлигини баён қилди.

Putin

Сурат манбаси, ..

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Украина уруши манзарасида кузатилди.

Россия ўтган бир йил ичида ядровий қурол қўллашгача бориши билан бир эмас, бир неча бор таҳдид қилган.

Қонунчилиги давлатчилигига таҳдид туғилган тақдирда, Россияга бундай қилишига изн беради.

Янги синов эса, Россиянинг Америка Қўшма Штатлари билан ядровий қуролларни назорат қилиш тўғрисидаги сўнгги шартномадан ҳам чиқиб кетиши қароридан саноқли ҳафталар ўтиб амалга оширилган.

Путин қўшниси ва жорий пайтда постсовет ҳудудидаги энг яқин иттифоқчиси бўлган Беларусда тактик ядровий қуролларни жойлаштириш ниятини баён қилган бир манзарада кузатилган.

Россиянинг ҳар икки иши ҳам НАТО томонидан қораланган.

Бу қанақа ракета эди?

Sarmatni uchirish

Сурат манбаси, Russia Defense Ministry

Сурат тагсўзи, Ғарб таҳлилчилари томонидан "Шайтон-2", деб номланган Сармат бир нечта ядровий каллакларни олиб учишга қодир ва Россиянинг янги авлод ракеталари қаторига киради

Россия Мудофаа вазирлиги сешанба куни синовдан ўтказилган қитъалараро баллистик ракетанинг тури, русумини очиқламаган.

Аммо, вазирликка кўра, синовдан мақсад - "қитъалараро баллистик ракеталарнинг илғор жанговар жиҳозларини синаб кўриш бўлган".

"Синов эса, янги стратегик ракета тизимларини яратишда фойдаланилган схема ва техник хулосаларнинг тўғри бўлганлигини кўрсатган".

Путин февраль ойида янги турдаги қитъалараро баллистик ракеталари шу йил ичида шай бўлишини айтганди.

Ғарб таҳлилчилари томонидан "Шайтон-2", деб номланган Сармат бир нечта ядровий каллакларни олиб учишга қодир ва Россиянинг янги авлод ракеталари қаторига киради.

Уни Путин "енгилмас", деб таърифлаган.

Америка томони эса, бу қуролнинг яқинда синовдан ўта олмагани ҳақида хабар берганди.

"Муваффақиятли синов"

Astana

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Қозоғистон Марказий Осиёнинг Россияга чегарадош ягона давлати бўлади. Бу икки давлат ўртасидаги қуруқликдан ўтган чегара дунёдаги энг узуни ҳисобланади

Россия Мудофаа вазирлигининг баён қилишича, "жанговар экипаж сешанба куни қитъалараро баллистик ракетани Астрахань вилоятидаги Капустин Яр синов полигонидаги мобил ракета мажмуасидан муваффақиятли учирган".

"Ракетанинг синов каллаги Қозоғистоннинг Сари-Шаган ҳарбий полигонидаги сохта нишонга аниқ зарба берган".

Россиянинг бу полигондан ижара асосида фойдаланиб келиши айтилади.

Европадаги айрим нашрларнинг хабар беришларича, Қозоғистон Россиянинг бу синови ўзлари имзолаган ва ратификация қилган Ядро қуролларини тақиқлаш тўғрисидаги шартномага зид эмаслигини таъкидлаган.

"Қозоғистон ҳудудида ҳеч қандай ядро қуроли ёки ядровий портловчи моддалар (уларнинг ажралмас қисмлари) жойлаштирилмаслиги, синовдан ўтказилмаслиги ёки қўлланилмаслиги"ни айтган.

Россия дунёнинг саноқли ядровий қудратларидан бири бўлади.

Жаҳондаги энг кўп ядровий каллакка эга давлат саналади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002