"Одамлар танк емайди". Уруш ва мобилизация Россия иқтисодига қандай таъсир қилди? Yangiliklar Dunyo

Сурат манбаси, SERGEI BOBYLEV/TASS
- Author, Ольга Шамина, Мария Киселева
- Role, Би-би-си рус хизмати
- Published
Уруш, сафарбарлик, санкциялар ва кўпларнинг чет элга оммавий кетиши - 2022 йилда бу воқеалар кўплаб россияликларнинг келажакка ишонч ҳиссини йўқ қилди. Бу ишончнинг йўқлиги келгуси йилларда иқтисодиётнинг ривожланишини белгилайди.
"Иқтисодиёт учун энг ёмон нарса - бу ҳали амалга ошмаган, лекин амалга ошиши мумкин бўлган қўрқувлар", дейди Иқтисодий сиёсатни ўрганиш маркази директори Олег Буклемишев Россиянинг 2022 йил охиридаги аҳволини тасвирлай туриб.
Унга кўра, бу қўрқув бартараф қилинмагунча вазият жиддий тарзда ўзгармайди.
Хўш, бу қандай қўрқув? "Бу январдаги сафарбарликдан қўрқув" дейди у. The Economist ҳарбий сафарбарликнинг иккинчи тўлқини бўлиши ҳақидаги турли миш-мишларни хабар қилди, аммо Кремль ва бошқа Россия расмийлари буни рад этишмоқда.
Лекин, бундай миш-мишларнинг мавжудлигининг ўзи ҳам иқтисодиётга зарар етказади, ҳамда истеъмолчилар ва бизнеснинг ўзига ишончини янада пасайтиради: биринчиси камроқ сарфлайди, иккинчиси эса ривожланишга сармоя киритишдан қўрқади. Бу икки гуруҳ ҳам сафарбарликнинг биринчи ва ҳозиргача ягона тўлқинидан шикаст еган.
У иккита асосий таъсирга эга. Биринчи таъсир тўғридан-тўғри. Буклемишев буни шундай таърифлайди: "Сиз одамларни саноатдан чиқариб оласиз, уларни унумдорлиги пастроқ муҳитга ўтказасиз ва бошқа ишни қилишга мажбурлайсиз".
Бизнеслар ҳақиқатан ҳам ишчиларининг бир қисми мобилизация қилинганидан шикоят қилади: ноёб мутахассислар ёки қишлоқ хўжалиги ходимлари олиб кетилганда муаммолар айниқса кескин сезилди.
Иккинчи таъсирни анча психологик деб аташ мумкин - бу умидлар, ҳис-туйғулар ва иқтисодиётга бўлган ишончга тегишли. Буклемешевнинг сўзларига кўра, буларнинг барчасига "жуда кучли зарба" берилди - ва у 2023 йилга "эмаклаб ўтиш"и мумкин.

Сурат манбаси, Getty Images
Қисман иккала таъсирни аллақачон статистикада кўриш мумкин. Инфляция секинлашмоқда, гарчи бундан олдин у ҳар доим йил охиригача тезлашган - бу аҳоли томонидан ҳам, бюджет томонидан ҳам катта харажатлар даври. Ноябрь ойи охирида инфляция 12 фоиздан пастга тушди. Октябрь ойида чакана савдо айланмаси йиллик ҳисобда деярли 10 фоизга камайди. Айрим бозорларда муаммолар чуқурлашди: масалан, кўчмас мулк савдоси пасайди, автомобиль бозоридаги пасайиш яна кучайди. Ҳа, руслар камроқ харид қилишни бошладилар - гарчи сафарбарликдан олдин ҳам уларнинг харажатлари кескин камайган эди.
"Локо-Инвест" компаниясининг инвестициялар бўйича директори Дмитрий Полевой ҳам бу оқибатларни санаб ўтади: истеъмол фаоллигининг пасайиши, инфляциянинг бостирилиши, ипотека кредитларига талабнинг пасайиши ва ишбилармонлик кайфиятининг ёмонлашиши.
Аммо бу ерда битта муҳим жиҳат бор: Россияда статистика тобора ёпиқ бўлиб бормоқда ва тўлиқ манзарини кўриш имконсиз. Иқтисодчилар том маънода ушбу манзарани алоҳида парча-парча маълумотлардан йиғишмоқда.
Умуман олганда, уларда ҳозиргача мавжуд бўлган хулоса ўхшаш: иқтисод урушдан баҳорда башорат қилинганидан яхшироқ чиқди, аммо сафарбарлик бу дадилликка янгидан зарба берди. Ҳозирча у бу янги зарбага дош бераётганга ўхшайди, аммо ноаниқликлар жуда кўп: қанча одам Россияни тарк этгани ва қанчаси қайтиши, қандай янги санкциялар жорий этилиши ва мобилизациянинг иккинчи тўлқин бўлиши борасидаги саволлар очиқ қоляпти.

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESHCHENKO/TASS
"Умумий тенденция шуки, иқтисоднинг пастга шўнғиши узоқ ва оғриқли бўлади", - дейди иқтисодчи Рубен Эниколопов. Яна бир хулоса қилиш учун етарли маълумотлар мавжуд: уруш бошланиши билан давлатнинг иқтисодиётдаги аллақачон катта бўлган роли ўсишда давом этмоқда.
Ўтган ҳафта Росстат учинчи чоракда ЯИМнинг 3,7 фоизга камайганини маълум қилди. Аммо баъзи тармоқлар ўсди - масалан, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, молия сектори, ҳамда давлат бошқаруви ва ҳарбий хавфсизлик билан боғлиқ соҳалар.
Борган сари ёпиқ бўлиб бораётган бюджет, шунингдек, турли хавфсизлик кучлари - армия, полиция, Росгвардия ва бошқа куч тизимлари учун каттароқ харажатларни ўз ичига олади.
Бу иқтисодиёт учун ёмонми? Иқтисодчилар ўртасида яхлит фикр йўқ. Бир томондан, ҳарбий харажатлар иқтисоднинг бизнес муаммолари фонида у қадар чуқур тушмаслигига ёрдам беради.
Аммо яна бир томони бор: "ЯИМ ҳақиқатан ҳам - ҳозир ва яқин келажакда - ҳарбий соҳани қўллаб-қувватлайди, лекин одамлар танк емайди", - дейди Эниколопов.

Сурат манбаси, SERGEI KARPUKHIN/TASS
Камроқ мажозий маънода буни қуйидагича таърифлаш мумкин: инқироз фонида одамлар камроқ истеъмол қиладилар, бизнес сармоя киритмайди, лекин давлат пул сарфлашга тайёр. Аммо бу харажатлар ўзига хос: ҳарбий техника ишлаб чиқариш ёки хавфсизлик кучларига сарфланган маблағлар иқтисодиётни олдинга силжитмайди ва одамлар ҳаётини яхшиламайди.
"Ҳозир фаол ишлаб чиқарилаётган барча металл буюмлар, бу металл буюмлар - одам уларни нонга суртиб ёя олмайди. Демак, улар ҳам истеъмолчи иқтисодиётни тарк этиб, маъмурий-бошқарув иқтисодиётига қўшилади", - дея изоҳлайди Буклемишев.
Санкциялар ва инқироз шароитида Россия уруш учун етарли маблағга эга бўлармикан?
Бу ерда иқтисодчиларнинг фикри ўхшаш: уларга кўра, ҳокимият органларининг бюджети ва иқтисодий прогнозлари сафарбарликни ҳисобга олмаган. Аммо ҳали аниқ муаммолар кўзга ташланмайди.
Маблағ ётарли ё етарли бўлмаслиги яна ўша иқтисодий саволларга боғлиқ бўлади: масалан, экспортга нима бўлади ва уни тезда бошқа манзилларга қайта йўналтириш мумкинми? Агар йўқ бўлса, унда сиз харажатларни қайта тақсимлашингиз мумкин: бюджетда қисқартирилиши мумкин бўлган нарса ҳамиша топилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























