Биринчи Шарқми ё Ғарб: Қадим форслар ўйлаб топган кондиционер қандай бўлган? Ўзбекистон ва дунё Eron dunyo yangiliklar

Шамол айлантиргич

Сурат манбаси, Alamy

Published

Бугун супермаркет, кўп қаватли уй ёки мактаб тепасида баланд, шамоллатиладиган минорани кўрганингизда, диққат билан қаранг - балки Эроннинг ажойиб шамол айлантиргичлари меросига қараётган бўлишингиз мумкин. Баъзилар таъкидлашича, айнан Эрон совутгич - шамол айлантиргичнинг ватани бўлган.

Алоқадор мавзулар:

Қадимги Мисрдан Форс империясигача, одамлар минг йиллар давомида уйни салқин тутиш учун шабададан фойдаланишнинг ақлли усулидан фойдаланиб келган. Уйни эмиссиясиз совутишда "шамол айлантиргич" яна ёрдамга келиши мумкин.

Марказий Эрон чўлидаги Язд шаҳри азалдан зукко бунёдкорлар маркази бўлган. Язд қадимий муҳандислик мўъжизалари макони эди, у ерда "яхчол" деб номланган ерости совутгич иншооти, "қанот" деб номланган ер ости ирригация тизими ва ҳатто АҚШдаги почта хизматларидан 2000 йилдан кўпроқ олдин "пиррадазиш", деб номланган курьерлар тармоғи мавжуд бўлган.

Язднинг қадимий технологиялари орасида шамол айлантиргич ёки форсча "бадгир" ҳам бор. Бу ажойиб иншоотлар Язддаги уй томлари устида кўтарилган оддий қурилмадир. У кўпинча тўртбурчак минора кўринишида бўлади, лекин юмалоқ, квадрат, саккизбурчак ва бошқа декоратив шакллилари ҳам бор.

Гарчишамол айлантиргичлар қадимги Мисрда пайдо бўлган бўлса ҳам, Яздни дунёдаги энг кўп шамол шамол айлантиргичи бор шаҳар дейишади. Шамол айлантиргичлар Язднинг зарурий қисмига айланган ва шу боис Эроннинг иссиқ ва қурғоқчил тоғларининг бу қисмида яшаш мумкин бўлган.

Шамол айлантиргич

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Минораларнинг тешиклари эсаётган шамолга қараб, уни ушлаб, қуйида жойлашган ички қисмга йўналтиради

Шаҳардаги шамол айлантиргичларнинг кўпчилигидан ҳозир фойдаланилмаса ҳам, тез исиб бораётган дунёда бу тузилмалар бизни қанчалик салқин тутиши мумкинлигини ўрганиш учун олимлар, архитекторлар ва муҳандислар ушбу чўл шаҳарга йўл олмоқда.

Шамол айлантиргични қувватлантириш учун электр энергияси талаб этилмагани учун у тежамкор ва экологик тоза совутгич ҳисобланади. Дунёдаги умумий электр энергияси истеъмолининг бешдан бир қисми анъанавий механик кондиционерларга тўғри келар экан, шамол тутгич каби эски муқобил воситалар тобора жозибадор бўлиб бормоқда.

Ҳавони ушбу қурилмалар орқали ва пастга ҳаракатлантирадиган иккита асосий куч мавжуд: келаётган шамол ва ҳароратга қараб ҳаво ҳаракатининг ўзгариши - иссиқроқ ҳаво совуқроқ, зичроқ ҳаводан юқорига кўтарилиши. Биринчидан, ҳаво шамол айлантиргичнинг тешигига кирганда, у минора бўйлаб пастга, одам яшайдиган жойга ҳаракатланади, ўзи билан олиб келган қум ёки чангни қолдириб, пастдаги турар-жойга йўналтирилади. Кейин ҳаво бинонинг ички қисмидан, баъзан эса ер ости сув ҳавзалари орқали ўтади. Охир-оқибат, исиган ҳаво кўтарилади ва бино ичидаги босим ёрдамида бошқа минора ёки тешик орқали ташқарига чиқиб кетади.

Миноранинг шакли, уйнинг жойлашуви, минора йўналиши, минорадаги тешиклар сони, маҳкамланган ички парраклар конфигурацияси, каналлар ва баландлик каби омиллар миноранинг шамолни кўпроқ ушлаб қолишини яхшилаш учун созланган бўлади.

Биноларни совутиш учун шамолдан фойдаланиш тарихи одамлар иссиқ чўл шароитида яшаган пайтга бориб тақалади. Юта штатидаги Вебер университети тадқиқотчилари Крис Солберг ва Жули Ричнинг фикрича, шамолни тутишнинг энг қадимги технологияси Мисрда 3300 йил аввал пайдо бўлган. Бу ерда биноларнинг деворлари қалин, қуёшга қараган бир нечта деразаси бўлган, эсувчи шамолларнинг кириш ва бошқа томонда чиқиш жойи бўлган, бу араб тилида "малкаф" меъморчилиги деб аталади. Баъзилар Эроннинг ўзи шамол айлантиргич ватани бўлган, деб таъкидлайди.

Қаерда ихтиро қилинган бўлишидан қатъиназар, шамол айлантиргичлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада кенг тарқалган. Эрон шамол айлантиргичларнинг бошқача турларини Қатар ва Баҳрайннинг баржилларида, Мисрнинг малқафларида, Покистоннинг мунгасида ва бошқа кўплаб жойларда учратиш мумкин, дейди Малайзия технология университети ходими Фотима Жомезода ва унинг ҳамкасблари.

Шамол айлантиргич

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Узоқ вақтдан бери фойдаланилмаётганлиги сабабли, Эроннинг кўплаб шамол айлантиргичлар ишдан чиқиб қолган. Аммо баъзи тадқиқотчилар уларни ишлаш ҳолатига қайтаришмоқчи

Форс цивилизацияси шамол айлантиргични янада яхшироқ совутиши учун ўзгартирган, масалан, уни мавжуд ирригация тизими билан бирлаштириш ҳавони бутун уйга киришдан олдин совутишга ёрдам беради, деб ўйлашган. Язднинг иссиқ ва қурғоқчил иқлимида бу тузилмалар шу қадар машҳур бўлдики, шаҳар чўл шамолини тутадиган баланд безакли миноралар диёрига айланди. Тарихий Язд шаҳри 2017 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, бу қисман шамол тутқичларининг кўплиги билан ҳам боғлиқ.

Уйларни совутишдан ташқари, миноралар катта маданий аҳамиятга ҳам эга эди. Яздда шамол айлантиргичлар худди Зардуштийларнинг олов ибодатхонаси ва сукунат минораси каби уфқнинг бир қисмидир. Улар орасида Давлатобод боғларидаги шамол айлантиргич бор, у баландлиги 33 метр бўлган дунёдаги энг баланд шамол айлантиргич бўлиб, ҳали ҳам ишлаб турган кам сонли шамол айлантиргичлардан биридир. У саккиз бурчакли бинода жойлашган бўлиб, қатор-қатор қарағайлар ортида чўзилган фаввораларга қараб туради.

Бундай шамол айлантиргичларнинг эмиссиясиз совутиш самарадорлиги боис баъзи тадқиқотчилар улардан фойдаланиш керак демоқда.

Парҳам Хайрхоҳ Сангде Эроннинг Илам университетида шамол айлантиргичларнинг замонавий архитектурада қўлланилиши ва экологик маданиятини ўрганган. Унинг айтишича, ариқларга зараркунандаларнинг тушиши, чўлда тўпланган чанг ва қолдиқлар кўпчиликни анъанавий шамол айлантиргичлардан воз кечишига сабаб бўлган. Уларнинг ўрнини анъанавий кондиционерлар каби совутиш тизимлари эгаллади. Кўпинча, улар қазилма ёқилғида ишлайди ва атмосферага чиқарилганда кучли иссиқхона газларига айланадиган совутгичлардан фойдаланади.

Шамол айлантиргич

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Эроннинг шамол айлантиргичлари Европа, АҚШ ва бошқа мамлакатларда замонавий дизайнларни илҳомлантирди, чунки меъморлар совутишнинг пассив шаклларига мурожаат қилишади

Эронлик архитектура тарихчиси Элизабет Бизли 1977 йилда ёзганидек, замонавий совутиш технологияларининг пайдо бўлиши Эронда анъанавий усулларнинг урфдан қолишига сабаб бўлган. Доимий қаровсиз қолгани сабабли, Эрон пасттекисликлари қаттиқ иқлими шамол айлантиргичлардан тортиб муз уйларигача бўлган кўплаб иншоотларни йўқ қилди. Хайрихоҳ Сангде, шунингдек, шамол айлантиргичлардан воз кечиш жамоатчиликнинг Ғарб технологияларига қизиқиши билан қисман боғлиқ деб ҳисоблайди.

"Ушбу технологиялардан фойдаланиш учун маданий муносабатларда баъзи ўзгаришлар бўлиши керак. Одамлар ўтмишни эслаб, энергияни тежаш нега муҳимлигини тушуниши керак, - дейди у. - Ҳаммаси маданий тарихни таниш ва энергияни тежаш муҳимлигини тан олишдан бошланади."

Хайрихоҳ Сангде Эрон шамол айлантиргичлари мавжуд биноларнинг энергия тежамкорлигини ошириш учун қўлланишига умид қилмоқда. Аммо у давом этаётган халқаро кескинлик, коронавирус пандемияси ва доимий сув танқислиги сабабли ўз ишида кўплаб тўсиқларга дуч келмоқда. "Эронда ишлар шу қадар ёмонки, [одамлар] кун тун бунга чидайди", дейди у.

Шамол айлантиргич

Сурат манбаси, Alamy

Сурат тагсўзи, Айтилишича, Язд дунёдаги барча шаҳарлар ичида энг кўп шамол айлантиргичларга эга

Шамол айлантиргич каби қазилма ёқилғисиз совутиш усуллари қайта жонланиши мумкин, аммо Эрондагидек ажойиб шаклда бўлмаса ҳам, кўплаб Ғарб мамлакатларида улар ҳозир бор.

1979-1994 йиллар мобайнида Буюк Британиядаги жамоат биноларига 7000 га яқин шамол айлантиргич ўрнатилган. Уларни Лондондаги Қироллик Чельси касалхонаси каби бинолардан тортиб Манчестердаги супермаркетларгача кўриш мумкин.

Ушбу модернизация қилинган шамол айлантиргичлар Эроннинг баланд иншоотларига деярли ўхшамайди. Лондон шимолидаги гавжум йўл ёқасидаги уч қаватли бинода кичик ёрқин пушти вентиляция миноралари пассив шамоллатишни таъминлайди. Дартфорддаги савдо маркази тепасида конуссимон вентиляция минораларидаги орқа қанотлар минорани шамол эсаётган томонга буриб шамолни ушлаб қолади.

АҚШ ҳам шамол айлантиргичлардан илҳомланган дизайнни иштиёқ билан қабул қилди. Бундай мисоллардан бири Юта жанубидаги Сион миллий боғидаги ташриф буюрувчилар марказидир. Иқлими ва топографияси бўйича Язд билан солиштириш мумкин бўлган ушбу боғ баланд чўл платосида жойлашган бўлиб, пассив совутиш технологиялари, жумладан, шамол айлантиргичдан фойдаланиш кондиционерга эҳтиёжни камайтиради. Олимлар кўплаб одамлар мунтазам ўтиб туришига қарамай, ташриф буюрувчилар марказининг ташқи ва ички қисми ўртасида ҳарорат фарқи 16 С эканлигини қайд этдилар.

Исиб кетиш муаммосига барқарор ечимлар излаш давом этар экан, шамол айлантиргични кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар мавжуд. Тадқиқотчилар иқлим ва шамоллари сабабли Сицилиянинг Палермо шаҳрига форс шамол айлантиргичлари кўпроқ мос келишини аниқладилар. Шу билан бирга, шамол айлантиргич жорий йилнинг октябрь ойида Дубайда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон кўргазмасида Австрия павильонида конуссимон иншоотлар тармоғи жойлаштирилди. Уларни Австриянинг "Querkraft" архитектура фирмаси шамол минорасининг арабча баржил версиясидан илҳом олган ҳолда яратган эди.

Хайрихоҳ Сангде каби тадқиқотчилар шамол айлантиргичлари уйларни қазилма ёқилғисиз совутиш учун кўпроқ ёрдам бериши мумкинлигини таъкидласа-да, бу ажойиб технология аллақачон дунё бўйлаб сиз ўйлагандан кўра кўпроқ тарқалган.

Кейинги сафар супермаркет, кўп қаватли уй ёки мактаб тепасида баланд, шамоллатиладиган минорани кўрганингизда, диққат билан қаранг - балки Эроннинг ажойиб шамол айлантиргичлари меросига қараётган бўлишингиз мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek