Украина: Интернетдаги расмлар ҳам уруш жиноятлари учун ҳужжат бўлади Rossiya Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, BULENT KILIC
- Author, Пол Пиготт
- Role, BBC News
- Published
Британиялик ҳуқуқшунослар фикрича, интернетда жойлаштирилган суратлар Украинадаги ҳарбий жиноятларни таъқиб қилиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Ҳуқуқ профессорининг таъкидлашича, уруш жиноятлари бўйича сохта суд жараёнида Ямандаги бомбалашлар тасвирланган видеоларидан фойдаланиш интернетда жойлаштирилган суратлар зўравонликларни ҳужжатлаштиришга қанчалик таъсир қилишини кўрсатди.
Онлайн тадқиқотчилардан бири уруш зонасидан олинган кадрлар орасида «жуда» фойдали ва текшириш мумкин бўлган маълумотлар борлигини айтди.
Бироқ, экспертлар воқеани ўз кўзи билан кўрган гувоҳларнинг маълумотлари эътибордан четда қолмаслиги кераклигини ҳам таъкидлашади.
Алоқадор мавзулар:
Украинада уруш жиноятларини содир этган шахсларга қарши қўзғатилган ишлар қотилликлар, жинсий зўравонлик ва қийноқлар ҳақидаги ижтимоий тармоқлардаги хабарларга боғлиқ бўлиши мумкин, дейди Суонси университетининг Инсон ҳуқуқлари бўйича очиқ манбаларни ўрганиш бўйича лойиҳа менежери профессор Ивон МакДермотт Рис.

Сурат манбаси, Getty Images/Fadel Senna
Унинг сўзларига кўра, очиқ манба маълумоти деб номланаётган материаллар "инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини аниқлаш йўсинимизни бутунлай ўзгартирди".
"Биз БМТнинг тергов комиссиялари, фактларни аниқлаш миссиялари ва ҳаттоки Гаагадаги Халқаро жиноят суди бундай далиллардан фойдаланганини тобора кўпроқ кўряпмиз", дейди у.
Профессор МакДермотт Риснинг айтишича, очиқ манба маълумотларидан швед ва голланд судларида Суриядан қайтган "Исломий давлат" аъзоларини жиноий жавобгарликка тортиш учун ҳам фойдаланилган.
Очиқ манбалардан олинган маълумотлар Интернетда эркин мавжуд бўлган маълумотлардир.
"YouTube ёки Facebook'да ёзиб олинган ёки эълон қилинган бош кесиш видеоси далилдир", дейди у ва шунга ўхшаш тасвирлар яқинда Британия судида фойдаланиш учун синовдан ўтказилганини қўшимча қилади.
2018 йилда Яман пойтахти Сана шаҳридаги президент идорасига қилинган ҳалокатли ҳаво ҳужуми оқибатларининг тасдиқланмаган лавҳалари "Twitter"да эълон қилинган эди.

Сурат манбаси, @AhmadAlgohbary/Twitter
Очиқ манбаларга таянувчи "Bellingcat" суриштирув веб-сайти ҳужумни ҳужжатлаштириш учун геолокация, сунъий йўлдош тасвирлари ва юзлаб тасвирларни таққослаган.
Кейин уларнинг гувоҳликлари уруш жиноятларида айбланган саудиялик хаёлий учувчи устидан сохта суд жараёнида тақдим этилди.
"Биз ушбу видеолардан бири Англия ва Уэлсдаги судда далил сифатида қабул қилинадими ёки йўқлигини кўрмоқчи эдик", дейди Ник Уотерс, "Bellingcat" суд ишлари бўлими раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, натижа "биз ҳозир Украинадаги воқеаларни тўплаш ва текширишда фойдаланаётган" методологиядир.

Сурат манбаси, MOHAMMED HUWAIS
Профессор МакДермотт Риснинг сўзларига кўра, муаммо шундаки, уруш пайтида кузатувчилар суд жараёни ҳақида камдан-кам ўйлайди.
"Улар ўзлари гувоҳи бўлган нарсаларни дунёга кўрсатиш ниятида бошқаларга етказади", деб тушунтиради у.
Йўлдан ўтаётганлар диққатга сазовор жойлар ва машҳур биноларда уруш жиноятлари тасвирларини суратга олишлари ва бунда Халқаро адвокатлар ассоциациясининг "eyeWitness" деб номланган мобил телефон иловасидан фойдаланишлари тавсия этилади.

Сурат манбаси, SOPA Images
"У метадата, вақт, сана, ушбу контент ёзилган жой каби нарсаларни сақлаб қолади", дейди у.
"Агар сиз бирор нарсани ёзаётган бўлсангиз, шунингдек, жароҳатлар, қурол-яроғларни кўрсатаётган бўлсангиз, фонда диққатга сазовор жойлар ёки биноларни кўрсатган маъқуллигини билиб олинг."
Унинг сўзларига кўра, инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳужжатлаштириш учун видеодан фойдаланадиган «Witness» хайрия ташкилоти гувоҳлар судларда фойдаланиш учун мақбул бўлган расмларни қандай тўплаши мумкинлиги бўйича кўрсатмаларни эълон қилган.
Уруш жиноятлари бўйича терговчилар, шунингдек, онлайн тасвирларга ишониш мумкин эмас деган кенг тарқалган эътиқод билан ҳам курашишига тўғри келмоқда.
"Бу эътиқод интернетда жойлаштирилаётган жуда кўп фойдали ва текширилиши мумкин бўлган маълумотларни эътибордан четда қолдиради", дейди жаноб Уотерс ва интернетда воқеаларни сохталаштириш қийин, чунки реал воқеалар бир нечта манбалардан олинган твитлар билан бирга келади.

Сурат манбаси, BULENT KILIC
"Ижтимоий тармоқлар ва смартфонлар пайдо бўлиши билан одамлар воқеаларни суратга ва видеога олишлари мумкин бўлган ақл бовар қилмайдиган даражада кучли ахборот тармоғига эга бўлдик", деб қўшимча қилди жаноб Уотерс.
Адвокат Дирбла Миноуг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хайрия ташкилоти «Global Legal Action Network» ва «Bellingcat» билан ишлайди.
Унинг сўзларига кўра, нима содир бўлаётгани акс эттирилган видеолар кимдир бу ҳақда гапириб беришидан кўра кучлироқ далилдир.
"Жорж Флойднинг ўлими ҳақида ўйлаб кўринг", деди Миноуг.
"Одамлар ҳақиқатан ҳам реал вақт режимида нима бўлаётганини, шу жумладан, ҳакамлар ҳайъати ҳам ўткинчи гувоҳ нимани суратга олаётганини кўриши мумкин.
Бу суд жараёни натижасига таъсир қилди, чунки бу энди бир кишининг бошқасига қарши шунчаки сўзи эмас эди".
Калифорния университети «Беркли протоколи» деб номланган очиқ манба рақамли материаллардан фойдаланиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқди.
Уруш жиноятлари бўйича прокурорлар олдида турган масала - судьяни видеонинг сохта ёки сиёсий мотивларга эга эмаслигига ишонтиришдир, дейди Миноуг хоним.
"Интернетда ҳаво ҳужуми оқибати деб кўрсатилган видео пайдо бўлса, биз айнан айтилгандек иш бўлганини қаердан биламиз?" дейди у.
"Бу саҳналаштирилмаган ёки сохта эмас ва Россия Бучадан олинган видеолар масаласида кўтараётган саволлар ҳам эмас."
Миноуг хонимнинг айтишича, маҳаллий судларда қўлланадиган одатий усул уни тасвирга олган шахсни судда гувоҳлик беришга чақиришдир.
"Аммо очиқ манбали маълумотларга келсак, агар уни ким тасвирга олгани номаълум бўлса, сиз у қандай тасвирга олингани, улар уни ўзгартирганми ёки бошқа биров шундай қилган бўлиши мумкинми, деб сўрай олмайсиз.
Видеодаги маълумотлардан фойдаланиш ва уни бошқа сунъий йўлдош тасвирлари ёки худди шу воқеани акс эттирувчи бошқа видеолар билан солиштириш орқали улар ушбу контентнинг барча қисмларини бирлаштириб, унинг ҳақиқий ёки сохталигини баҳолашлари мумкин."
Профессор МакДермотт Рис очиқ манба материаллар ишда асқатиши мумкин бўлса ҳам, "буларнинг барчасида инсон қатнашганини унутмаслик керак" деб огоҳлантирди.
Унинг сўзларига кўра, "Яманда бундай далиллар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, бу ННТлар томонидан тўпланган гувоҳликлар билан амалга оширилган эди".
Украинада, унинг сўзларига кўра, зўрлаш далиллари тирик қолганларнинг гувоҳликларида ҳужжатлаштирилган, "шунинг учун бу инсоний гувоҳликларнинг аҳамиятини камайтирмаслик жуда муҳим".
"Бу халқаро жиноятлар содир этилганда улар жазосиз қолмаслигини кўрсатишдир", дейди профессор МакДермотт Риз.
"Шунинг учун ҳужжатлаштириб, маълумот тўплаяпмиз ... биз бу судда тасдиқланиши ва адолат қарор топишини таъминлашимиз керак.
Ҳаммамиз Буча ва Украинанинг бошқа минтақаларидан келган хавотирга соладиган маълумотларни кўриб туриммиз ва, менимча, барчамиз адолат қарор топишини хоҳлаймиз."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























