Рамзан Қодиров ғазабда: Туркия паркларидан бири Жоҳар Дудаев номини олди Dunyo, Yangiliklar

Рамзан Қодиров

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Рамзан Қодиров
Published

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Туркия ҳукуматини террорчиликни қўллаб-қувватлашда айлаб чиқди. Бунга Истанбулдан 90 чақиримча узоқликда жойлашган Кўрфез шаҳрида Жоҳар Дудаев номидаги истироҳат боғининг очилиши сабаб бўлди.

Жоҳар Дудаев ўзини мустақил дея эълон қилган илк чечен республикаси, Ичкериянинг илк президенти бўлган. Россия уни террорчи ташкилот дея тақиқлаган ва у 1999 йилда якун топган.

Айни паркда 1996 йил апрелида ўлдирилган бошқа чечен лидерлари шарафига ҳам ёдгорлик очилди.

Бунга жавобан, Қодиров Грознийда Курдистон ишчилар партиясининг Туркияда террорчи дея умрбод қамалган асосчиси Абдулла Ожалан номини абадийлаштириш билан таҳдид қилди.

«Мавқеингизни аниқлаб олинг!»

Қодиров ўз Телеграм каналида очиқ баёнот билан Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғонга мурожаат қилди.

«Мавқеингизни аниқлаб олинг! Ё террорчиларни очиқча дастаклайдиган давлат мақомини оласиз, ёки Россиянинг орқасидан ўз қарашларингизни ўзгартирмай, Россия билан очиқ ва шаффоф муносабатлар тарафдори бўласиз», деди у.

«Туркияда ҳамон қидирувдаги бандитлар ва аҳмоқлар бошпана топар экан, улар минглаб тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган террорчилар исмлари билан паркларни номлаб, очиқчасига йиғинлар ўтказар эканлар, биз ҳам шу йўсинда жавоб беришга ҳақли бўлиб қоламиз», деди Қодиров.

Туркияда мунтазам равишда чеченларга қарши ҳужумлар ҳақида хабарлар чиқади.

Жоҳар Дудаев

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Жоҳар Дудаев 1996 йилда ўлдирилган

Октябрда Туркия матбуоти мамлакатда яшаётган чечен мухолифати фаолларига ҳужумни тайёрлаётган хорижликлар гуруҳи қўлга олингани ҳақида ёзди.

Кремль ўшанда бу вазиятдан бехабар эканини айтганди.

Кремль муносабати

Чоршанба куни журналистлар Кремль вакили Дмитрий Песковдан Қодировнинг Туркияга ҳамлаларини шарҳлашни сўрашди.

«Бу Россия ҳудуди раҳбарининг ўта эҳтиросли, лекин тушунса бўладиган реакцияси. Бу ҳудуд бир неча урушларни бошидан кечирган, бу урушлар Россиянинг шу ҳудудини қўлга олишга уринган террорчилар провокацияси билан бошланган», деди Песков.

Унинг айтишича, «бу террорчилардан бири қачонлардир Дудаев бўлган».

«Яқинда, афсуски, Туркия ҳудудларидан биридаги парк бу террорчи номи билан аталибди. Албатта, бу барча чеченлар учун жуда оғриқли қарор», деди Песков.

Песков Москвадан дипломатик каналлар орқали «биз, юмшоқ қилиб айтганда, буни қоралаймиз», дея Туркияга нома йўлланганини билдирди.

Туркияда бу хабарни эшитишдими?

Қодировнинг ғазабнок муносабати ҳақида Туркия ҳукуматига хайрихоҳ Daily Sabah нашри ёзиб чиқди. Yeni Safak ва бошқа сайтлар ҳам Дудаев номидаги боғ ва Қодиров таҳдиди ҳақида хабар беришди.

Аммо, Туркия ҳукуматидан ҳозирча расмий муносабат бўлгани йўқ.

Daily Sabah эслатишича, Туркия ва Россия бир қанча минтақавий масалалар, хусусан Суриядаги инқироз, Жанубий Қофқоз, ҳамда мудофаа саноатида яқиндан ҳамкорлик қиладилар. Мақолада Анқара Москвадан Россияда ишлаб чиқарилган С-400 аксил-ракета тизимларини сотиб олгани ҳам тилга олинади.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.