You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Афғон уруши: Ўғилларим танаси парчаланиб кетди. Мен ҳам ўлсам бўлмасмиди... Video Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar
- Author, Йогита Лимае
- Role, Би-би-си, Қундуз, Афғонистон
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
БМТ Афғонистондаги издан чиқиб кетган вазият инсоний инқироз эканлигини айтди.
Мамлакатнинг ярим аҳолиси жонини сақлаш учун зудлик билан ёрдамга муҳтож. Аммо уни етказиш учун маблағ йўқ.
Хориж кучларининг чиқиб кетиши ортидан Афғонистон бўйлаб Толибон ва ҳукумат кучлари ўртасида кескин жанглар бошланиб кетди.
Би-би-си Афғонистон шимолидаги стратегик муҳим бўлган Қундуз шаҳрига борди.
Вилоят маркази Қундуздан ташқари барча туманлар аллақачон Толибонга таслим бўлган.
БМТ сўнгги бир ой ичида 35 минг одам қочиб келганини айтади:
Бир неча ўн йиллик азоб-уқубатлар. Аҳвол энди янада оғирлашди.
Толибон томонидан қамал қилинган Қундуз шаҳрида зўравонликлардан қочган ўн минглаб афғон бор. Улар ўқ ва бомбалардан қочишган.
Исёнчилар ва ҳукумат кучлари ўртасида, 45 даража жазирама иссиқда қолган қўрқув остидаги, оч ва бошпанасиз афғонлар.
Одамлар ўз бошидан кечирганларини айтиш учун биз томон ошиқади. Уларнинг йўқотганларини ҳисоблаш деярли имконсиз.
Нозбиби ўтган ҳафталарда турмуш ўртоғи ва ўғиллари дохил оиласининг 6 кишиси ўлдирилганини айтади.
"Жасад қолдиқларидан яқинларимизни таний олмадик. Толибон уйимизга кириб ҳукумат кучларига ўт очди. Кейин ҳукумат учоғи уйимизга бомба ташлади", дейди у.
Хориж кучлари чиқиб, Толибон ҳар куни янги ҳудудларни босиб оларкан уруш бутун мамлакат бўйлаб одамларни хароб қилмоқда.
Насиманинг эри ва 3 боласи уйларига оғир қурол бомбаси келиб урилгач ҳалок бўлишди.
"Аламдан ёняпман, ҳар куни уларни ўйлаб йиғлайман. Ёлғизман, ҳеч вақом қолмади", дейди у.
Неъматилло тўйиб овқатланмайди, дея сўзларида давом этади бу суҳбатдош.
Яна бир ўғли Жумахон зўрға гапиради. Жумахон яраланган ва юришга қийналади. Улар ҳаётлари учун бир неча маротаба қочишга мажбур бўлган юзлаб одамларнинг бир қисми.
Бинафша қишлоқ туманидан Қундузнинг Оқ кўприк мавзесига қочиб келган. Бу ерга ҳам бомба ташланди. Уч ўғлидан ҳам айрилди.
"Оғир жанг бўлди ва мен чиройли ўғилларимни йўқотдим. Таналари парчаланиб кетди. Мен ҳам ўлсайдим. Бу азоб билан яшай олмайман. Ўламанми, қоламанми, ҳеч кимнинг иши йўқ. Шунинг учун шу ерда ўтирибман. Қаерга ҳам борардим", дейди у.
Биз Бинафша қочиб келган Оқкўприкка бордик. Уруш асоратларини кўрдик. Ва шаҳарнинг бир қисми ортиқ мана бу аскарлар назорати остида эмаслигига гувоҳ бўлдик.
Ҳозир эса, Қундуз шаҳридамиз. Аммо сўнгги ҳафталарда бу ер уруш жабҳасига айланди. Одамлар хавфсиз жой излаб қочиши мумкин бўлган ҳудудлар кун сайин торайиб бормоқда.
Шаҳар марказига кетаётганимизда портлашдан сўнгги манзарани кўрдик. Бомба ёнилғи ташувчига ўрнатилганди.
Бу ҳужумда ҳеч ким жароҳатланмаган. Аммо атиги бир чақирим масофадан туриб ҳам у ерда нима бўлганини англаб етолмадик.
Ҳар куни соатлаб оғир қурол ва ўқ овозларини эшитяпмиз.
Яраланганларнинг кўпчилиги тиббий ёрдам ололмаяпти. Шундай бўлса-да Қундуздаги бош шифохона жонлантириш бўлимидаги ётоқларнинг барчаси тўлган.
Абдулраҳмон эчкиларига ем олиш учун кетаётганида портлаш остида қолди.
14 ёшли болакай қўлини йўқотди. Қорин ва оёғи жиддий жароҳатланди.
6 ёшли Марямнинг умуртқасига ўқ тиқилиб қолган. У отишма бошланган вақти оиласи билан уйига қочиб кираётганда ўқ еган.
У яшаб қолади, аммо энди юролмайди, дейди доктор Хайр Муҳаммад.
"Жанглар кучайган вақти бир кунда юздан ортиқ бемор келади. Бунча одамни эплай олмаяпмиз. Кўплар уйида ўлиб кетяпти. Бир неча кун олдин ҳатто шифохонага ҳам оғир қуроллардан ўт очишди", дея бугунги танг аҳволларидан шикоят қилади у.
Афғонистоннинг ярмидан кўп аҳолиси шунчаки яшаб қолиш учун зудлик билан ёрдамга муҳтож.
Кўпчилик ўзини мамлакатдан чиқиб кетаётган хориж кучлари ва Афғон ҳукумати томонидан ташлаб қўйилгандек ҳис қилади.
"Улар масъулиятсизларча ва кутилмаганда чиқиб кетишяпти. Ҳеч ким бизнинг ноламизни эшитмаяпти", - дейди Ҳумоюн.
Жамлоқ ташқарисига яна бир оила келди. Уларга бу ерда жой йўқ. Ҳатто мўрт хавфсиз бўлмиш оддий чодир топиш ҳам катта муаммо.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek