Ўзбекистон, Россия, Туркия табриклади, Исроил хавотирда, АҚШ эса, афсусда Eron dunyo yangiliklar

Иброҳим Раисий

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Иброҳим Раисий сайловда 62 фоиз овоз олди
Published

Иброҳим Раисийнинг Эрон президенти этиб сайланишига муносабат бир хил бўлмади. Табриклар баробарида ташвиш ва надоматлар ҳам янграмоқда.

Эронда президент сайлови жума куни бўлиб ўтган.

Унда аксарияти қаттиққўл анъанадор тўртта номзод беллашган.

Президентлик учун жами 600 одам даъвогарлик қилган.

Эрон Инқилоб Гвардиячиларининг махсус кенгаши якуний рўхатида эса, бор-йўғи тўртта номзод қолган.

Иброҳим Раисий президентликка даъвогар учта қаттиққўл анъанадор номзоддан биттаси бўлган.

Янги сайланган президент бунгача Эрон Олий судни бошқарган, раиси бўлиб ишлаган.

Ҳали сайлов арафасидаёқ номзодлар Иброҳим Раисий фойдасига танланганига оид танқидлар ҳам янграганди.

Бу галгиси Эрон тарихидаги сайловчилар энг кам иштирок этган президент сайлови бўлган.

Овоз беришга ҳақли сайловчиларнинг фақат ярмига яқинигина сайловга борган.

2017 йилда бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил этган.

Эронлик сайловчилар

Сурат манбаси, Reuters

Иброҳим Раисий сайловда 62 фоиз овоз олган.

Сайловдаги ғалабаси ортидан, Иброҳим Раисийни аксарият Марказий Осиё лидерлари ҳам расман табриклашган.

Шавкат Мирзиёев ўз табригида давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик "дўст Ўзбекистон ва Эрон халқларининг манфаатлари йўлида янада ривожланиши"га ишонч билдирган.

Ўзининг қаттий санкциялари остида бўлган Эрондаги президент сайлови натижасига расмий Вашингтон ҳам бефарқ бўлмаган.

АҚШ томони "эронликларга эркин ва адолатли сайловда ўзлари истаган лидерни танлаш имкони берилмагани"дан афсусда эканини айтган.

Владимир Путин эса, Иброҳим Раисийни биринчилардан бўлиб қутлаган хорижий давлат раҳбари бўлган.

Россия президенти ҳам ўз табригида ораларидаги "азалий дўстона ва яхши қўшничилик алоқалари"ни алоҳида таъкидлаб ўтган.

Иброҳим Раисий

Сурат манбаси, ATTA KENARE/AFP

Иброҳим Раисийни расман қутлаган Туркия, Ливан, Сурия, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликларининг табриклари ҳам ана шундай қўлловчи оҳангда бўлган.

Ғазо Бўлгасини назорат қилувчи Ҳамас Фаластин қуролли гуруҳи Эронга "тараққиёт ва фаровонлик" тилаб қолган.

Айрим нуфузли инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари эса, Иброҳим Раисий президент этиб сайланиш эмас, тергов ва жавобгарликка лойиқ бўлган шахс эканини даъво қилиб чиқишган.

Жумладан, Human Rights Watch ташкилотининг вакили Майк Пейж, "Эроннинг репрессив суд тизими раҳбари сифатида Иброҳим Раисий мамлакатнинг бу яқин тарихидаги энг даҳшатли жиноятлар устидан назорат олиб борган"ини айтган.

Иброҳим Раисий

Сурат манбаси, Reuters

Исроилнинг янги қудратга келган Бош вазири эса, халқаро ҳамжамият Иброҳим Раисийнинг Эрон президенти этиб сайланишига "ҳушёр" қараши кераклигини айтган.

Нафтали Беннет Эроннинг "шафқатсиз жаллодлар тузуми" ядровий қурол исташини даъво қилган.

Бу эса, расмий Теҳрон изчил равишда рад этиб келаётган иддаолардан бири бўлади.

Иброҳим Раисийнинг сайловдаги ғалабаси шанба куни расман эълон қилинган.

Ғалабасидан сўнг қилган баёнотида Иброҳим Раисий "халқнинг ҳукуматга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва бутун миллатнинг етакчиси бўлиш"га ваъда берган.

"Сидқидилдан ишлайдиган, инқилобий ва коррупцияга қарши ҳукумат тузиши"ни баён қилган.

Эрон Олий руҳоний раҳбари

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Сурат тагсўзи, Эрон Олий руҳоний раҳбарининг ишончли иттифоқчиси экани айтилувчи Иброҳим Раисий ҳозирданоқ унинг вориси сифатида ҳам тилга олина бошланган

АҚШ санкциялари остида бўлган ва ўтмишда сиёсий маҳкумларнинг қатлига алоқадор кўрилган Иброҳим Раисий август ойида Эроннинг янги президенти сифатида расман қасамёд келтиради.

Эрон Олий руҳоний раҳбарининг ишончли иттифоқчиси экани айтилувчи Иброҳим Раисий ҳозирданоқ унинг вориси сифатида ҳам тилга олина бошланган.

Расмий Теҳрон ядровий дастури ва амбициялари боис, ҳозир ҳам Америка Қўшма Штатларининг қаттиқ иқтисодий санкциялари остида.

Агар АҚШ санкциялари юмшаса, Эрон Марказий Осиё давлатларининг энг яқин иқтисодий ҳамкорларидан бирига айланиш потенциалига эга давлат сифатида кўрилади.

Эрон "очилса", бунинг бутун минтақа ривожига таъсири катта бўлиши ишонилади.

Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Эрон, Афғонистон ва Покистон орқали бундай имкониятга эга бўлишни орзу қилиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek