Россия: Мени ва боламни отга боғламоқчи бўлишди - Rossiya dunyo yangiliklar

Екатерина Фролова

Сурат манбаси, EKATERINA FROLOVA

Сурат тагсўзи, Екатерина асраб олган ўғли билан бирга Россиянинг узоқ шарқида яшайди
    • Author, Ивана Давидович
    • Role, Бизнес масалалари бўйича мухбир, BBC News
  • Published

Россия: Мени ва боламни отга боғламоқчи бўлишди. Аралаш ирқдаги бола асраб олгани учун Екатеринанинг шодлиги даҳшатга айланди. У Telegram мессенжеридаги гуруҳларнинг ашаддий ҳужумларига рўпара бўлди. Telegram қандай қилиб аёллар ҳаётига хавф солувчи қуролга айланди?

Екатеринанинг ватанидаги етакчи мессенжер иловалардан бири фойдаланувчилари юборган ҳақоратлар сабабли шодлик билан бошланган нарса даҳшатга эврилди.

"Боланинг етимхонада олинган суратини кўрганимда унга жуда кулгили кийимлар кийдириб қўйишган эди", деб хотирлайди Екатерина Фролова.

"Ўша ондаёқ бола бу тизим ичида қолмаслиги керак, деб ўйладим. Етимхонада уни ҳеч қачон тушунишмайди."

Россиянинг узоқ шарқидаги вулқонга бой ярим ороли Камчаткадан бўлган бу сартарош аёл доим бола асраб олишни истарди. У ниҳоят бола билан учрашгандаёқ икковлон ўртасида дарҳол ришталар пайдо бўлди. Бола қўлларини кўтариб, Екатеринанинг қучоғига отилди, гўё уни эскидан танийдигандек.

Сўнг коронавирус хуруж қилди. Екатерина янги ўғлига бағишлаб Instagram да аккаунт очиб, ўз бахтини ўзгалар билан бўлишишни ва ёлғизлигини юмшатишни истарди.

Аммо у боланинг суратлари билан тўлдирган "қулай саҳифа" сабабли Telegram мессенжеридаги гуруҳларнинг ашаддий ҳужумларига рўпара бўлди.

Ҳужумчиларга кўра, унинг гуноҳи аралаш ирқдаги болани асраб олганидир.

Хурофот ва нафрат

Telegram ўзида ярим миллиард фойдаланувчини жамлаган бўлиб, унга россиялик қочқин Павел Дуров эгалик қилади. Асосий мақсади ўзаро ёзишмалар бўлса ҳам, унда "канал" очиб, чекланмаган аудиторияга мурожаат қилиш имконияти мавжуд.

Шу сабабли ва фойдаланувчилар маълумотларини ҳукуматга беришни истамаслиги Telegram ни Беларусдан, Эрону Гонгконгача, глобал норозилик ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун қулай бўлган иловага айлантириб қўйди.

Шунингдек, уни Исломий давлат ёки Капитолий тепалиги тўпалонларига алоқадор экстремистик каналларни тозалаш учун етарли иш қилмаётгани учун танқид қиладилар.

Шу йил бошларида Telegram дунёда энг кўп юклаб олинган ўйин бўлмаган иловага айланди.

Telegram дастури

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, WhatsApp ўз шартларини ўзгартирганидан кейин Telegram роса оммалашди

Аммо, у ўзининг ватанида, Россияда айрим мизогинистик - аёлларни камситувчи фойдаланувчилар қўлида аёллар ҳаётига хавф солувчи қуролга айланди.

Илованинг Дубайда жойлашган бошқарув гуруҳи ушбу масала юзасидан такрорий сўровларга жавоб бермади.

Сукут сақлаётган модераторлар

"Улар менга қора танлилар Россияда узоқ яшамаслигини айтишди", дейди Екатерина Telegram даги "Эркаклар давлати" канали аъзолари унга қарши қандай кампания бошлагани ҳақида гапирар экан.

Екатеринанинг айтишича, у ҳар куни юзлаб ҳақоратли хабарлар олади.

Улар мени ва боламни отга боғлаб судратиш ёки "икки машинага боғлаб, икки томонга ҳайдаб, бурдалаб ташлаш билан таҳдид қилишди", - дейди Екатерина.

Аммо қўрқинчли ҳолат унинг иш жойи ҳақидаги маълумотларнинг ошкора эълон қилингани бўлган.

Екатеринанинг тушунтиришича, "Эркаклар давлати" гуруҳи асосчиси қора танли ёки кавказлик эркаклар билан муносабати бор аёллар ҳақида постлар қўяди.

Гарчи у очиқчасига ирқчи ва мизогинистик мазмундаги постлар қўйса ҳам, Екатеринанинг айтишича, Telegram модераторларидан бу масаладаги сўровига битта ҳам жавоб олмаган.

Канал асосчиси Би-би-сининг ҳам интервью учун сўровига рад жавоб берди.

Екатерина русийзабон гуруҳлар Telegram дан фойдаланиб, ҳақоратли ва таҳдидли хабарлар юборадиган ягона аёл эмас.

Фаоллар ва моделлар, шунингдек, унча машҳур бўлмаган аёллар ўзларидан ахлоқ посбони ясаб олганлар ўлжасига айланмоқда.

Деярли тўрт йил давомида "Тери бозори" деган канал эскорт сифатида ишловчи аёлларнинг шахсий маълумотлари, жумладан, манзиллари, паспорт суратларини 250 мингдан ортиқ обуначисига мунтазам равишда тарқатган.

Гарчи шу йил бошида бу канал ўчирилган бўлса ҳам, аммо ушбу платформада улар кўп.

Москвалик феминист фаол Дариа Серенконинг уйи суратини Telegram гуруҳ тарқатган, кейин уни кузата бошлашган.

Дариа Серенко

Сурат манбаси, DARIA SERENKO

Сурат тагсўзи, Дариа Серенко ҳам Telegram даги зўравонликлар нишонига айланган

У аёл сиёсий маҳбуслар учун кампания бошлагани ортидан шахсий маълумотлари ёйинланган.

Серенко хоним ўзининг ҳолатини Алексей Навальнийни қўллаб ўтказилган январдаги намойишларда бошқа бир каналда маълумотлари эълон қилинган полиция ходимлариникига ўхшатади.

У маълумот уч кун ўтиб ўчирилган, дейди Дариа, "аёлларга қарши зўравонликка эса тоқат қилинмоқда".

Информацион хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Рафаэль Мимун Россияда аёлларни таъқиб қилиш учун фойдаланилаётган каналларни "ҳеч қандай жилови бўлмаган" "Ёввойи Ғарб" деб атайди.

Гарчи Telegram фойдаланувчилари сони АҚШда кўп бўлмаса ҳам, у ерда ҳам одамларни ўзига жалб қила бошлаган.

"Яширин гуруҳлар"

Профессор Меган Сквайрнинг шахсий маълумотлари АҚШдаги ўта ўнгчи Telegram каналларда чоп қилинди.

Шимолий Каролинадаги Илон Университетида Компьютер илмлари бўйича маърузачи бўлмиш проф. Сквайр ижтимоий медиадаги нафрат гуруҳлари ва юқумли феъл атворларни ўрганади.

Иш жараёнида у бу платформада турли активистларнинг уй манзиллари ва телефон рақамларини "бир неча марта" кўрганини айтади.

Профессорга кўра, ушбу ҳолатлар бўйича бир неча марта Telegram га хабар йўллаган, аммо жавоб олмаган.

У юридик жиҳатдан кўп иш қила олмаслигини ҳам тан олади.

"Бу илова бошқа бир давлатда бошқарилади. Гуруҳлар эса махфий. Буларнинг кўпи АҚШ Конституциясидаги биринчи ўзгартиш билан ҳимоя қилинади барибир."

Проф. Сквайрнинг айтишича, гарчи ҳар қандай катта платформа бу каби мазмундаги контентни магнитдек ўзига тортса ҳам, Telegram нинг бу борада "исталган нормал одам контент модерация деб атайдиган" тайинли чора кўрмагани одамнинг ҳафсаласини пир қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek