Россия, Коронавирус: Ковид ўлимлари сони расмий ҳисоботдагидан уч баравар кўп Koronavirus Rossiya

Сурат манбаси, EPA
Россия бош вазири ўринбосари Татяна Голикова эълон қилган рқамаларга кўра, мамлакатда ҳалокатли вирус оқибатида ҳаётдан кўз юмганларнинг сони расман эълон қилинганидан 80 фоиз кўпни ташкил этган.
Россияда расман 55827 инсон Covid-19 вирусини юқтиргани оқибатида вафот этгани хабар қилинган, аммо коронавирус билан боғлиқ ўлимлар сони 186000 дан ортиқ бўлиши мумкин.
Россия Бош вазири ўринбосари Татяна Голикова айтишича, 2020 йилнинг 11 ойи мобайнидаги ўлимлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,8 фоиз кўп бўлган.
"Росстат" статистика маълумотларига кўра, 2020 йилда мамлакатда 229700 ўлим қайд этилган.
Бош вазир ўринбосари баёнотидан 186057 ўлим бевосита ёки билвосита коронавирусга боғлиқлиги англашилади.
Бу "Росстат" тақдим этган коронавирусга боғлиқ 116030 ўлим рақамидан кўпдир.
Фақат АҚШ ва Бразилияда бундан-да кўп Ковид ўлимлари хабар қилинган.
Нега расмий ўлим рақамлари фарқ қилади?
Россия Covid-19га боғлиқ расмий рақамларга фақат ўлим ҳақидаги гувоҳномада коронавирус ўлимнинг асосий сабаби қилиб қилиб кўрсатилган ҳолатларни ҳисобга олади.
Бу дегани - инсон Covid-19 хасталиги туфайли ҳаётдан кўз юмган бўлса ва бу ўлимнинг асосий сабаби деб кўрилмаган бўлса, бу ўлим расмий статистик маълумотга киритилмайди.
Коронавирусга боғлиқ ўлимларнинг сони Россияда ноябрь ойида энг юқориси бўлди. "Росстат" маълумотларига кўра, ноябрда 35645, октябрда эса 24333 киши Ковиддан ўлган. Мамлакатда ҳалокатли вирусдан ўлган ҳар 10 одамнинг бири пойтахт Москвага тўғри келган.
Бош вазир ўринбосари Голикованинг таъкидлашишича, Россия ҳукумати ҳеч қачон ўлимлар сонини яширмаган. "Мен шу нарсага эътибор қаратишни истардимки, ўтган давр мобайнида 81 фоиз кўпайган ўлимлар сони Covid-19 ва вирус таъсирларига боғлиқ", деб айтган Голикова хоним.
Бош вазир ўринбосари сўзларига кўра, коронавирус билан боғлиқ аҳвол олдинги ойларга солиштирганда декабрь ойида ҳам худди ноябрдагидек ёмон бўлган.
Ўзи куз-қиш ойларида бошқа нафас йўллари хасталиклари кўпайиши ва бу коронавирус билан қўшилиб вазиятни янада оғирлаштириши эҳтимоли йил бошидан буён айтиб келинётган эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Россия Президенти Владимир Путин мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини мақтаган, вирусни жиловлашга ҳаракат қилаётган дунёнинг бошқа мамлакатларига таққослаганда тиббиёт тизими самаралироқ деганди. Аммо Россиянинг кўплаб чекка ҳудудларида беморлар сони кўпайиб кетганидан шифохоналарга босимлар оўиб кетди.
Коронавирусга қарши курашда Россия ўзининг "Спутник V" вакцинасига умид боғлаган. Европа Иттифоқи Дори воситалари агентлиги(European Union's Medicines Agency (EMA) маъқулламаган бўлса-да, Россия вакцинаси Беларусь, Аргентина ва Венгрияга экспорт қилинди.
Ўзбекистон ҳам Россия ва Хитой вакциналарини синовдан ўтказмоқда.
Европада коронавирус билан қуйидаги вазият юзага келган:
- Германияда коронавирусга боғлиқ ўлимлар сони 30 мингдан ошган
- Ўлимлар сони 50000 дан ошган Испанияга Pfizer-Biontech ширкатининг 369000 дозаси етиб борган
- Испания Соғлиқни сақлаш вазири Салвадор Илла вакцина олишдан бош тортган инсонларнинг рўйхати тузилишини эълон қилган
- Франция шарқидаги Нэнси шаҳри ҳокими Матью Клейн маҳаллий карантинга чақирган. "Ковид беморлари сони 50 фоиз ортгани оқибатида Нэнси шифохонасидаги вазият кескин ёмонлашди", деб айтган мэр.
- Нидерландия собиқ соғлиқни сақлаш вазири ҳукуматнинг вакцина стратегиясини шармандали деб танқид қилган. Мамлакат Европа Иттифоқидаги бошқа мамлакатлар орасида энг охиргиларидан бири сифатида эмлашни бошламоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























