Япония атом бомбаси қурбонларини хотирламоқда - дунё, янгиликлар (видео)

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Япониянинг Хиросима шаҳрига Америка илк атом бомбасини ташлаганига 75 йил тўлди.

Коронавирус пандемияси туфайли хотира тадбирлари бу йил аввалгиларидан фарқ қилади.

1945 йил 6 августида Америка ташлаган атом бомбаси 140 минг инсонни қурбон қилганди.

Орадан уч кун ўтиб АҚШ Нагасакига иккинчи атом бомбасини ташлайди.

Икки ҳафта ўтиб Япония таслим бўлган ва иккинчи жаҳон уруши расман ниҳоясига етган эди.

Хиросиманинг 350 минг аҳолисидан қарийб ярми қурбон бўлади.

Нагасакида эса расман қурбонлар сони 74 000.

Аммо бугун Японияда миллатчи кайфиятдаги гуруҳлар оз эмас.

Би-би-си мухбири билан суҳбатлашган Ҳиротоми Игараши Япониянинг ўнг қанот миллатчиси.

У Япония учун атом бомбасини яратиш вақти келди, деб ҳисоблайди.

У бошчилик қиладиган гуруҳ Япониядаги 1000 га яқин ўта миллатчи ташкилотлардан бири.

Бу гуруҳлар урушдан кейин қабул қилинган тинчликпарвар бош қонун ва Америка билан иттифоқчиликка қарши...

Хотира

Орадан 75 йил ўтди ва бугун японияликлар яна ўн минглаб қурбонлар ёдини хотирламоқда.

83 ёшли Кейко Огурага ўхшаш ўша даҳшатни ўз кўзи билан кўрганлар сони озайиб бормоқда.

У хотиралар хиралашиб бораётгани ва Япониянинг атом бомба ишлаб чиқармаслик аҳди заифлашаётганидан хавотирда.

"Омон қолганлар жуда қўрқишади, чунки бизда кўплаб атом станциялари бор ва бу бомба яратиш учун заҳира борлигини англатади. Бизда плутоний бор, атом қуроли яратиш технологияси ҳам мавжуд... Бу жуда осон иш бўлиши мумкин", дейди у.

Мутахасисларга кўра, агар Япония истаса атом қуролини жуда тез ишлаб чиқариши мумкин.

Уларда 47 тонна плутоний заҳираси бор ва бу ҳар қандай атом қуролга эга давлатникидан кўпдир.

Урушдан кейинги тарихда илк бор Америка президенти очиқдан очиқ ва қайта - қайта Япония ўзини ҳимоя қилиш вақти келди, демоқда.

Хиросима фожеасидан кейинги 75 йил давомида Япония Америка ҳимояси остида эди.

Энди эса, айримлар Америкаликлар ростдан ҳам уйларига кетишганида нима бўлар эди деб ўйлана бошлаган.

Японияга алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek