Коронавирус ҳақида миш-мишлар ва ёлғон маълумотларнинг охири кўринмаяптими?

    • Author, Реалити Чек (Reality Check)
    • Role, BBC News
  • Published

Коронавирус ҳақида миш-мишлару ёлғонларнинг урчиши ҳамон давом этмоқда. Аммо уларга ишонадиганларнинг сони ҳам оз эмас.

Келинг, уларнинг айримларига назар ташлаймиз.

1. Вегетарианлик коронавирусдан ҳимоя қиладими?

Одатда кенг тарқаладиган хабарларда тўғри маълумотлар ҳам бўлади. Аммо қўшимча ўлароқ, ёлғон ва ҳатто зарарли маълумотлар ҳам илова қилинади. Афсуски, бу каби ёлғон маълумотларни назорат қилиш жуда мушкул.

Ҳиндистоннинг икки илғор тиббиёт институти ва мамлакатнинг энг кўзга кўринган шифокори яқинда WhatsApp гуруҳларида уларнинг "номидан" айлантирилаётган маълумотни рад қилишга мажбур бўлишди.

Айни хабарда узун рўйхат бўлиб, унда бир қатор фойдали маслаҳатлар берилган, масалан, масофа сақлаш ва шахсий тозаликка риоя қилиш...

Аммо қўшимча ўлароқ, вегетарианлик фойдали экани ва камару узук, қўл соати тақмаслик лозим экани уқтирилади.

Зотан, бу маслаҳатларнинг ҳеч бири сизни коронавирусдан ҳимоя қилмайди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти саломатлик учун нафақат сабзавоту мевалар, балки гўшт маҳсулотлари ҳам фойдали эканини маслаҳат беради.

2. Гриппга қарши эмланганмисиз? Коронавирус юқтириш эҳтимоли бу билан озаймайди ҳам кўпаймайди ҳам...

Бу муҳим бир масала, чунки унда ҳақиқий тадқиқот ҳақида сўз боради.

Аммо тадқиқотга доир чиқарилган хулоса чалғитувчи ва нотўғридир.

Facebook да жуда кўп улашилган постда гриппга қарши эмлаш коронавирус юқтириш эҳтимолини ошириши ҳақида даъво қилади.

Айни пост Америка ҳарбийларининг тадқиқотини далил ўлароқ келтиради.

Аммо бу тадқиқот 2019 йилнинг октябр ойида чоп қилинган ва унда Covid-19 га Sars-CoV-2 вирус сабабчи экани аниқланмаган, маълумотлар эса 2017-18 йил грипп мавсумига асосланганди.

Коронавирус гриппга қарши эмлаш олганларни кўпроқ "нишонга" олиши ҳақида бирор бир далилу исбот йўқ.

АҚШнинг Юқумли касалликларни назорат этиш маркази бу ҳақда шундай дейди: "Гриппга қарши вакцина олишингиз бошқа инфекцияларни юқтириш эҳтимолиши оширмайди".

3. Ниқоб (маскани) узоқ кийиб юриш соғлиққа зарар қилмайди

Яна бир нотўғри маълумот ниқоблар ҳақида...гўё узоқ муддат ниқоб тақиш саломатликка зарар эмиш.

Илк бор Испания онлайн нашрида пайдо бўлган бу мақола Жанубий ва Марказий Америкада роза улашилди.

Таржимаси инглиз тилида ҳам пайдо бўлди, турфа нашрларда бўй кўрсатди, Нигерия янгиликлар сайтининг Facebook саҳифасида 55 минг марта улашилди.

Мақолада гўё ниқоб тақиш билан карбонат ангидрид керагидан ортиқ равишда нафас йўли билан инсон организмига ўтиши, кислород етишмовчилиги пайдо бўлиши айтилади. Ҳар 10 дақиқада ниқобни ечиб туриш маслаҳат берилади.

ЖССТдан доктор Ричард Миҳигонинг Би-би-сига айтишича, бу даъволар ёлғон ва хатарли оқибатларга етаклаши мумкин.

Ниқоб тақиш лозим бўлган шароитда уни ечиш аслида заҳарли ёки зарарли ҳавони ўпкага кириш учун имконият яратади.

Аммо ниқобнинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлиши мумкин икки тоифа бор:

-Ҳали 2 ёшга кирмаган ва ўпкаси тўла шаклланмаган болалар

-Ўпка ёки нафас олиш йўллари касал бўлган одамлар

4.Чекиш вирусни "қувмайди"

Яна бир қайта - қайта кўзга тушаётган даъво - кашандаларга вирус тегмаслиги ҳақида афсона!

Коронавирус чекувчиларни чеклаб ўтаётгани ҳақида даъвога бирор асос йўқ.

Аммо худди шу даъво билан йўғрилган мақолалар жуда кўп.

Хуллас, чекиш вирусга қарши ҳимоя воситаси ҳақидаги мақола ёки "тадқиқот"га қаерда дуч келманг... ишонманг, айланиб ўтинг.

Тадқиқотчилар Шрути Менон (Деҳли) ва Питер Муаи (Найроби)

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek