Дунё: Уҳанда яна бош кўтарган коронавирус, қайтиш истагидаги мигрантлар, карантин кучайтирилган Москва - янгиликлар O'zbekiston Ўзбекистон

Published

Коронавируснинг "ватани" бўлмиш Хитойнинг Уҳан шаҳрида яна коронавирус юқиши ҳолатлари пайдо бўлган.

Душанба куни шаҳарда беш коронавирус ҳолати аниқланган.

Мулозимларга кўра, бу кичик кластерлар бир минтақада бўй кўрсатган.

Хитой ўтган ҳафталарда чекловларни бекор қилишни бошлаган ва коронавирус тарқаш ҳоллари камайиб келаётганди.

Хориждаги ўзбекистонликлар ватанга қайтарилмоқда

10 май куни «Uzbekistan Airways» АЖ авиакомпанияси томонидан Тошкент - Деҳли - Тошкент ҳаво йўналиши ва Тошкент-Сеул-Тошкент йўналиши орқали махсус (чартер) рейс ташкил этилган.

Уларда Ҳиндистон ва Жанубий Кореяда қолиб кетган 390 нафар ўзбекистонлик фуқаролар Тошкентга қайтарилди.

Минск шаҳридан ҳам 150 нафар ўзбекистонликлар махсус чартер рейс билан Тошкентга олиб кетилди.

Аввалроқ, 8 май куни эса БААдан ўзбекистонликларни олиб кетиш учун чартер рейс ташкил этилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 7 май кунги видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонга қайта олмаган 11 мингга яқин хориждаги ватандошларни Россия, Туркия, Дубай ва бошқа давлатлардан олиб келинишини айтган эди.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида 2020 йил 30 июнга қадар бошқа мамлакатлар билан авиақатновлар тикланмаслиги хабар қилинган эди.

Шу билан биррга хорижда оғир вазиятларда қолаётган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтаришда эса чартер рейслар ташкил этилиши режалаштирилгани маълум қилинган.

Россиядан Ўзбекистонга қандай қайтиш мумкин?

Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтиш учун чартер рейсларга рўйхатдан ўтиш тартиби ҳақида мутахассис Ботиржон Шермухаммад маълумот берди.

Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари аввало чартер рейслар учун Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси рўйхатидан ўтиши ва ўз навбатини кутиши керак. Чартер рейс ташкил қилинганда элчихона ходимлари навбат бўйича ҳар бир фуқаро билан боғланади.

Чартер рейсларда энг аввало беморлар, ҳомиладор аёллар, кексалар ва ёш болалилар олиб келинади.

Фуқаролар чартер рейсларга уч хил тартибда рўйхатдан ўтишлари мумкин:

1. Чартер рейсларга рўйхатдан ўтиш формасини тўлдириш орқали.

2. Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасалари томонидан ташкил қилинган қуйидаги Telegram манзилларига маълумот юбориш орқали:

@UzKoRusCharts1

@UzKoRusCharts2

@UzKoRusCharts3

@UzKoRusCharts4

@UzKoRusBot

3. Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасаларига қўнғироқ қилиб боғланиш орқали.

Call-markaz:

+7 499 230-00-76

+7 499 238-36-20

Консулликнинг тезкор штаб рақамлари:

+79778061677

+79778061274

+79778061655

+79778061273

Хосписдаги ёнғинда 9 киши қурбон бўлган

10 майдан 11 майга ўтар кечаси Красногорскдаги хосписда ёнғин чиқди. Натижада 9 киши вафот этган, яна 9 киши куйиш оқибатида турли даражадаги тан жароҳатлари билан 1-шаҳар шифохонасига жойлаштирилган.

15 кв.м майдонли 3 қаватли мазкур бино «Қариялар уйи» бўлиб, ёнғин содир бўлган пайтда унда 37 киши бўлган. 8 киши пансионат хизматчилари ва қолганлари шу ерда яшаётган кексалар эканлиги маълум қилинган. Қарияларнинг ўнга яқини ётиб қолган беморлар бўлиб, уларнинг бир қисми ўт ўчирувчилар томонидан қутқарилган.

Ёнғин тунги соат 1 да ўчирилган. Ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси томонидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари бошланган. Илк маълумотларга кўра, пансионат биноси хусусий бўлиб, ноқонуний равишда фаолият олиб борган.

Ўтган хафта, 5 май куни Раменский туманидаги мигрантлар ётоқхонасида ҳам ёнғин чиқиб, 6 киши қурбон бўлган эди.

Москва ниқобланмоқда

Россияда сўнгги кеча-кундузда COVID-19 билан касалланганлар сони яна 11656 нафар кишига ортди. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш оператив штабининг маълум қилишича, бугунга келиб Россия бўйича коронавирус юқтирганлик ҳолатлари сони 221 344 та қайд этилган.

Шу тариқа Россия вирусга чалинганлар сони бўйича Британия ва Италияни ортда қолдириб, учинчи ўринга чиқди.

Коронавируснинг янги ҳолатлари Россиянинг 84 регионида эканлиги маълум. Энг кўпи пойтахтда - COVID-19 билан 115 909 киши касалланганлиги қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Россияда дам олиш кунлари ва ўзини яккалаш тартиби 31 майга қадар узайтирилган. Москвада рақамли пропусклар муддати ҳам автоматик равишда майнинг сўнгги кунигача давом эттирилади.

Москва шаҳар мэри Сергей Собянин буйруғига кўра,Москвада 12 май кунидан бошлаб жамоат жойларида мажбурий равишда ниқоб ва қўлқоп кийиш жорий этилмоқда. Ниқоб тартибига амал қилинмаганлик учун кўчада 4000 рубль, транспортларда 5000 рубль жарима қўлланилиши белгиланмоқда.

Россиядаги ўзбекларнинг ярми қайтмоқчи

Россиядаги ўзбекистонликлар 50 фоизи ватанига қайтишга тайёр. Москвадаги юрист Зарнигор Омониллаева муҳожирлар орасида ўтказган сўровномаси натижалари шуни кўрсатмоқда.

Мигрантлар муаммолари билан шуғулланувчи мутахассис ўзининг «ТАЯНЧ - TAYANCH» Телеграмм каналида «Чартер рейсларни кутаяпсизми?» саволи остида сўровнома эълон қилган.

300 га яқин Россиядаги муҳожирлар иштирок этган мазкур сўровномада 50 фоиз қатнашчи «Ҳа, уйга нима қилиб бўлса ҳам кетишим керак» деган жавобни белгилашган.

25 фоиз ўзбекистонликлар Россияда иши яхшилиги ва уйига кетиш режаси йўқлигини билдирган, яна 25 фоизи эса кетиш-кетмасликнинг фарқи йўқлигини қайд этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek