Ўзбекистон: 'Кимки ўзбек тилининг латофатини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримиз алласини тинглаб кўрсинʼ - Шавкат Мирзиёев

President.uz

Сурат манбаси, President.uz

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Бугун - 21 октябрь куни - яқинда очилган Tashkent City ҳудудида жойлашган Congress Hall мажмуасида Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг 30 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди. Байрамда президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

«Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, Она Тилим!» номли мазкур байрамни Ўзбекистоннинг мустақиллик тарихи давомида ўзбек тилига бағишланган давлат раҳбари иштирокидаги илк расмий тадбир, дея аташ мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Байрам аввалида сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев Давлат тили тўғрисидаги қонун қабул қилинган 1989 йилнинг 21 октябрь санасини эслаш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

«Халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш биз учун осон кечмаган эди. Қонун лойиҳаси икки марта умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Унинг атрофида қанчалик қизғин баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтганини, ўйлайманки, кўпчилик юртдошларимиз яхши эслайди. Шахсан мен ҳам ўшанда бу тарихий жараённинг бевосита гувоҳи ва иштирокчиси бўлганман», хотирлайди президент Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёевга кўра, Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинишида зиёлилар, кенг жамоатчилик ва биринчи президент Ислом Каримовнинг сиёсий иродаси муҳим ўрин тутган.

Миллатни бирлаштирган тил

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Президент ўзбек тилини ўзбек миллатини бирлаштирган муҳим восита сифатида тасвирлайди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ўтган йиллар давомида ўзбек тили мавқейини яхшилаш эътибордан четда қолиб кетганини ҳам тан олди.

Шу муносабат билан у 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонга имзо чекканини маълум қилди.

Фармонга биноан 21 октябрь санаси Ўзбекистонда «Ўзбек тили байрами куни» ўлароқ нишонланиши ҳам эълон қилинди.

Президент Мирзиёев Ўзбекистон ва хорижда ўзбек тилини ўргатувчи ўқув марказларини кўпайтириш, лотин имлосидаги ўзбек ёзувини такомиллаштириш ва лотин ёзувига тезроқ ўтиш йўлида ҳали кўп ишлар қилиниши лозимлигига ҳам урғу берди.

Лотин алифбосига тезроқ ўтиш даъвати

BBCUZBEK.COM

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

«Бу ишлар учун молиявий ресурслар ва маблағларни асло аямаслигимиз керак», таъкидлайди президент Мирзиёев.

Бундан ташқари президент кўчалардаги ёзувларнинг бошқа тилларда битилганини афсус билан тилга олди.

"Бу масалада жуда кўп таклиф ва катта эътирозлар келиб тушмоқда. Ҳаммамиз буни биламиз ва, минг афсуски, билиб туриб, бу масалага эътиборимиз жуда кам, десак адолатдан бўлади. Афсуски жамоат жойларда, бинолар пештоқида топономик белгилар, турли лавҳалар ва рекламалар, кўпинча, хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилмоқда", таассуф билдиради Шавкат Мирзиёев.

«Бу давлат тили талабига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради», сўзлайди президент.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда истиқомат қилаётган бошқа миллатларнинг она тили ҳам ҳурмат қилиниши ва уларнинг ўзбек тилини ўрганиши йўлида етарли шароитлар яратилиши лозимлигини ҳам эслатиб ўтди.

Унинг фикрича, она тилига эътибор ҳар бир шахснинг ўзи, оила ва жамиятдан бошланиши зарур.

«Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин», дейди президент.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek