Саудия Арабистони: Бойликларнинг таги кўриниб қолдими ёки ҳаммасига уруш сабабчими?

- Author, Sebastian Usher
- Role, Global masalalar bo'yicha muxbir
- Published
- Ўқилиш вақти: 10 дақ
Бир замонлар ўз қудрати чўққисига етган автократик подшоҳ ва қироллар амалга оширган мегалойиҳалар харобаларида уларнинг шон-шуҳратлари садоси қолган.
Бу монументал лойиҳаларнинг жисмоний изларини Яқин Шарқнинг унумдор текисликлари, тоғ ёнбағирлари ва чўлларидан топиш мумкин.
Аммо уларнинг бугунги энг кўзга кўринган издошларидан бирининг оламшумул ғояларидан фақат рақамли из қолиши мумкин.
Бундан ўн йил аввал Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ўз мамлакатини илмий фантастика оламидан ҳам ўтиб тушадиган қиёфасини яратиш ҳақида фармон берди.
Бу лойиҳа "Нигоҳ-2030" ("Vision 2030") деб номланди.
Ғаройиб монолит иншоотлар нафақат подшоҳлик, балки бутун дунё учун янги технологик мўъжизаларни яратишга ёрдам бериши керак эди.
Бу ғоялар дабдабали тарғиботларда ўз аксини топди.
Унда тасвирланган ақл бовар қилмас манзаралар ҳам ҳайрат, ҳам истеҳзо билан кенг ёритилди.
Лойиҳа Саудия Арабистонининг қарийб 1 триллион долларлик суверен бойлик фонди ҳисобидан амалга ошириладиган бўлди.
Асосан нефтдан келадиган бу бойликдан нефтсиз келажак учун пойдевор яратиш кўзда тутилган эди.

Сурат манбаси, NEOM
2030 йилга тўрт йил қолганида, кутилганидек, бир чекиниш юз берди.
Бунинг бир сабаби молиявий вазиятдир, чунки Яқин Шарқдаги охирги урушдан олдин нефт нархларининг кескин тушиб кетиши ҳатто Саудия Арабистонининг улкан бойлигига ҳам зарба берди.
Гарчи ҳозирда уруш туфайли нархлар кескин ошган бўлса-да, можаро келтириб чиқарган ноаниқлик Саудия даромадлари ва харажатларини чекламоқда.
Қолаверса, бу ўта қимматбаҳо ва улкан лойиҳаларга хорижий сармоя оқими саудияликлар умид қилган даражада амалга ошмади.
Хаёлотдан воқеликка
Энг кўзга кўринган лойиҳаларнинг баъзилари ҳозирда қисқартирилмоқда, вақтинча тўхтатилмоқда ёки ҳатто улардан бутунлай воз кечилмоқда.
Уларнинг бир нечтаси бир вақтлар ҳамма нарсани қамраб олган 500 миллиард долларлик "Neom" мегалойиҳаси доирасида эди.
Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбидаги 161 км.дан ортиқ ўзлаштирилмаган ерлар бўйлаб чўзилиб, Лондоннинг машҳур "The Shard" биносидан ҳам баландроқ бўлиши ва шаҳар ҳақидаги тасаввурни бутунлай ўзгартириши кутилган "The Line" лойиҳаси анча оддийроқ нарсага айланаётган кўринади.

Сурат манбаси, NEOM
Мамлакат шимоли-ғарбидаги тоғларда жойлашган "Trojena" қишки дам олиш маскани лойиҳаси ҳам чекланди. Саудия Арабистонини фақат саҳродан иборат деган тасаввурга зид ўлароқ, у ерда қор ёғади, лекин узоқ турмайди. Йил давомида ишлайдиган тоғ курорти ғояси ҳудудни сунъий дунёга айлантирди ва ҳозир бу ишлар мақсадга мувофиқ деб кўрилмаяпти.
У ерда километрлаб чанғи учиш йўлаклари, сунъий кўл, ҳашаматли меҳмонхоналар ва дўконларга эга тўлақонли чанғи шаҳарчаси – Арабистон тоғларидаги кичик бир Санкт-Мориц барпо этилиши керак эди. Лойиҳа 2029-йилги қишки Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш учун ўз вақтида тайёр бўлиши режалаштирилган эди, аммо бу бекор қилинди ва ўйинлар Қозоғистонда ўтказиладиган бўлди.
Ню-Йоркдаги "Empire State Building"нинг йигирматасини ўзига сиғдира оладиган, хонадон ва офислардан иборат улкан иншоот – "The Cube"дан эса бутунлай воз кечилди. Унинг қурилишига тахминан 50 миллиард доллар сарфланиши кутилаётган эди.
Яқинда эса подшоҳликнинг спорт оламида жаҳон етакчисига айланиш йўлидаги улкан интилишларининг энг ёрқин дурдоналаридан бири бўлган "LIV Golf " турнири ҳам қайта баҳоланди. Бугунги кунга қадар тахминан 5 миллиард долларга тушган бу лойиҳа на молиявий, на обрў-эътибор жиҳатидан фойда келтирган ўта қиммат ва самарасиз ташаббус деб топилди.
"Saudi, Inc.," китоби муаллифи Эллен Р. Уалд каби Саудия Арабистонини узоқ йиллардан бери кузатиб келаётган таҳлилчилар учун бу ҳолат янгилик эмас.
"Бу ўша эски сценарий, "The Line" билан боғлиқ вазият ҳам худди шундай. Биласизми, аввал "Биз мана бу улкан иншоотни қурамиз", дейишади. Кейин эса, "Йўқ, шошманг, биз уни анча кичрайтирамиз", дейишади. Бу қайта-қайта такрорланади, Муҳаммад бин Салмондан олдин ҳам шундай бўлган. Улар шов-шувли, катта эълонлар қилишади, аммо лойиҳа ё умуман қурилмайди, ё анча кичрайтирилган ёки "дастлаб режалаштирилгандан бошқача" тарзда қурилади".
Уалд 2000-йилларда аввалги подшоҳ Абдуллоҳ даврида қурилиши керак бўлган янги шаҳарларни эслайди.
"Иқтисодий шаҳарлар" дастури ҳам Саудия иқтисодиётини нефтга қарамликдан халос этишга қаратилган эди ва бу ўнлаб йиллардан бери подшоҳлик учун доимий зарурат бўлиб келган. Ягона табиий ресурсга деярли тўлиқ боғлиқлик анча кенг қамровли ва барқарор иқтисодиётни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ сифатида қаралган.
Миллиардлаб доллар сарфланганига қарамай, натижалар қониқарли бўлмади. Таклиф этилган шаҳарларнинг бир нечтаси қурилиши бошланмади, бошқалари эса камтарона корхоналарга айлантирилди. Энг йириги – Жидда шимолидаги Қизил денгиз соҳилида жойлашган 100 миллиард долларлик Подшоҳ Абдуллоҳ иқтисодий шаҳри қуриб битказилди, аммо унинг бизнес ва туризм марказига айланиш мақсади амалга ошмади.
Асосий умид йирик хорижий сармояларни жалб қилиш ҳамда Саудия Арабистонининг кўп сонли ва доим ўсиб бораётган ёш аҳолиси учун қотиб қолган давлат секторидан ташқарида ҳақиқий иш ўринларини яратиш эди. Аммо 2016 йилга келиб ҳам мамлакатда ишсизлик даражаси 12 фоиз атрофида бўлди.
Уалднинг фикрича, лойиҳалар ортидаги амалдорлар уларнинг миқёсига реал баҳо бера олмаяптилар ва бу жиддий камчилик. "Улар бозорни қаерда деб ўйлашди? Ким уларга буни иложи бор деб айтди? Бу ерда "бажарамизчилик" кайфияти кучли. Одамлар подшоҳга у эшитишни истаган гапларни айтади. Бу маслаҳатчиларга ҳам тегишли, чунки улар йирик шартномаларни қўлдан чиқаргиси келмайди. Шу сабабли, улар саудиялик мижозлари эшитишни хоҳлайди деб ўйлаган гапларни айтишади, натижада бу орзулар пучга чиқади".
Бу ҳолат ўнлаб йиллардан бери давом этиб келади: хорижий компаниялар ҳам ортиқча саволлар бериб, қўлга киритган мўмай даромадли шартномаларини хавф остига қўйишни истамайдилар.
Кескин ўзгаришлар
Баъзилар фикрича, Муҳаммад бин Салмон 2017 йилда подшоҳликнинг амалдаги ҳукмдорига айлангач, тубдан ислоҳ қилиниши керак бўлган тизимни мерос қилиб олган.
Саудия Арабистонидаги ўзгаришларни йиллар давомида кузатиб келаётган иқтисодий таҳлилчи Ғаним Нусайбанинг айтишича, Муҳаммад бин Салмон "замонавий дунёдан бутунлай узилиб қолган" ва "тўлиқ турғунликка юз тутаётган ижтимоий-иқтисодий тизимни" мерос қилиб олган.
"Нигоҳ-2030" дастури Саудия Арабистонини уч йўналишда: иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан ўзгартиришга мўлжалланган эди. "Улар учун энг қийин жиҳати шундаки, бу ўзгаришларни бир вақтнинг ўзида, уйғун шаклда амалга ошириш керак эди".

Сурат манбаси, Getty Images
Мамлакатнинг қудратли ва ўта консерватив исломий раҳбарияти ўрнатган ижтимоий назорат, Муҳаммад бин Салмон ва унинг маслаҳатчилари назарида, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти тўла рўёбга чиқиши йўлидаги асосий тўсиқ сифатида кўрилган. Муҳаммад бин Салмон давридаги сиёсий ўзгаришлар ҳокимият жиловини илк бор янада ғайратли, ёш авлодга топшириш сифатида тақдим этилди. Бироқ бу сиёсий муҳокамалар учун қандайдир янги макон яратилганини англатмас эди.
Дарҳақиқат, Нусайба тан олганидек, ўзгаришлар кўлами ва суръатига тўсқинлик қилган ҳамда Муҳаммад бин Салмон ҳукмронлигига узоқ вақт соя солиб келган баъзи муаммоларга унинг ўзи сабабчи бўлган.
У 2017 йилда амалда ҳукмдор бўлиши биланоқ, Ар-Риёддаги "Ritz-Carlton" меҳмонхонасида Саудия Арабистонининг юқори мартабали амалдорлари ва ишбилармонларини оммавий ҳибсга олишга буйруқ берди. Саудия ҳукумати буни коррупцияга қарши кураш дея таърифлаган бўлса, бошқалар товламачилик сифатида баҳолади. 2018 йилда саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг мамлакатнинг Истанбулдаги консуллигида ваҳшийларча ўлдирилиши эса валиаҳд шаҳзода обрўсига доғ туширди ва бу доғ вақт ўтиб бироз хиралашган бўлса-да, ўчмас бўлиб қолди.
Ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган академик ва инсон ҳуқуқлари фаоли Абдуллоҳ ал-Уда у ердаги ҳокимиятнинг ўзгача фикрловчиларга қандай муносабатда бўлишини ўз тажрибасида кўрган. Унинг отаси, таниқли саудиялик уламо Салмон ал-Уда 2017 йилдан бери "тартибсизликларни қўзғатиш" каби айбловлар билан қамоқда сақланмоқда.
Абдуллоҳнинг фикрича, "Ritz-Carlton"даги "тозалаш" каби воқеалар, гарчи ўша "олтин қафас"да ушлаб турилганлар тахминан 100 миллиард доллар тўлаган бўлса-да, "Нигоҳ-2030"ни молиялаштириш мақсадига зиён етказган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
"Узоқ муддатли истиқболда бу сармоядорларни чўчитиб юборди, – дейди у. – Қолаверса, барча бу зулмлар сармоядорларнинг Саудия Арабистонига бўлган қарашига ҳам таъсир қилди. Улар мамлакатни нобарқарор ҳукумат ва давлат сифатида кўра бошладилар. Барқарорлик бўлмаган жойда, бугун сармоядор бўлсангиз, эртага ўзбошимчалик билан ҳибсга олинишингиз мумкин. Буни ҳеч ким хоҳламайди".
"Нигоҳ-2030" дастури, шунингдек, 2016 йилдан бошлаб Саудия Арабистонида ўтказила бошлаган йирик спорт ва кўнгилочар тадбирлар мамлакат ҳақидаги тасаввурларни ўзгартиришга ёрдам берди ҳамда унинг ички воқелиги ва ташқи қиёфасини сезиларли даражада ўзгартирди.
Бу фақат юзаки ўзгариш эмас эди: ниҳоят аёлларга машина ҳайдаш ҳуқуқининг берилиши каби шов-шувли қадамлар Саудия Арабистони жамиятини ҳақиқатан ҳам силкитди. Ҳаттоки, АҚШда яшовчи таниқли саудиялик мода инфлуэнсери менга ҳар сафар ватанига борганида, саудиялик дугоналари унинг қарашлари замондан орқада қолганини айтиб, устидан кулишларини сўзлаб берди.
Бироқ инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ҳамон бу ўзгаришларга соя солиб турарди. Муҳаммад бин Салмон ва Саудия суверен жамғармаси бирин-кетин янги соҳаларга кириб боргани сари, "спорт орқали ювиш", "санъат орқали ювиш", "яшил иқтисод орқали ювиш" каби айбловлар кўпайди.
Спорт ва кўнгилочар дунёнинг кўплаб таниқли шахслари Саудия Арабистонига мамнуният билан ташриф буюрган бўлса, бошқалари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни сабаб қилиб, бундан бош тортди. Автопойга ва бокс каби тадбирларга минглаб мухлислар Ар-Риёдга оқиб келди, аммо бошқа эҳтимолий сайёҳлар подшоҳлик ҳақидаги салбий фикрлар туфайли бу ерга келишдан воз кечдилар.
Шундай бўлса-да, бу ҳолат кўплаб ёш саудияликлар учун Муҳаммад бин Салмоннинг интилишлари илҳомлантирувчи ва оммабоп бўлганини инкор этмайди.
"Нигоҳ-2030"ни сақлаб қолиш
Ташқи дунёга муваффақиятсизликни қисман тан олишдек кўринаётган энг дабдабали лойиҳаларга сарфланадиган маблағлар кескин қисқартирилиши Саудия ҳукумати томонидан имкон қадар ижобий талқин қилинмоқда.
"Ҳозирги ёндашувга кўра, улкан лойиҳалар ўрнига, асосан, у ер-бу ерда кичик ғалабалар, майда муваффақиятларга эришиш керак, – дейди Абдуллоҳ. – Масалан, Қизил денгиздаги Синдала ороли курорти улар тарғиб қилиши мумкин бўлган кичик бир ютуқ бўла олади. Бу анъанавий услубдаги курорт бўлиб, уни "The Line" ва "The Cube" каби лойиҳалар ўрнига, "Нигоҳ"нинг бир қисми сифатида тақдим этиш мумкин. Шундай қилиб, улар "булар "Neom"нинг асосини ташкил қилади, биз бутун лойиҳани тўлиқ амалга оширишимиз шарт эмас эди", дейишлари мумкин".
Бу расмийлар айтаётган гапларга мос тушади. Яқинда Давлат инвестиция фонди раҳбари Ёсир ар-Румайян янги беш йиллик режага кўра, жамғарма "мувозанатга эришиш ва молиявий ресурслар барқарорлигини таъминлаш мақсадида ўз стратегияси орқали харажатлар ва тўловлар самарадорлигини оширишга ҳамда бизнеслар фаолиятини барқарор баҳолашга эътибор қаратишини" айтди.
Баъзи таҳлилчилар учун бу янги йўналиш, аслида, Саудия Арабистони ҳукумати учун энг мақбул ечим ва "Нигоҳ-2030" дастурини сақлаб қолиш йўлидир.
Таниқли саудиялик тадбиркор ва бошқарув бўйича маслаҳатчи Самир Шокир буни бошқача изоҳлайди: "Биз гувоҳ бўлаётган нарса – улкан мақсадларга асосланган босқичдан ижрога йўналган босқичга ўтишдаги табиий эволюциядир. Ҳар қандай йирик миллий трансформация шундай нуқтага етиб келадики, унда устуворликларни белгилаш, вазифаларни кетма-кет бажариш ва ресурсларни тақсимлаш эълонларнинг кўламидан кўра муҳимроқ бўлиб қолади".
Ғоявий жиҳатдан унчалик фантастик даражада бўлмаган баъзи асосий лойиҳаларни ривожлантириш давом этади. Булар қаторига Ар-Риёддаги эски пойтахт Дирия шаҳрини қайта лойиҳалаш ва тиклаш ҳамда Саудия пойтахти яқинидаги улкан, замонавий "Six Flags Qiddiya City" истироҳат боғи киради. Шимолдаги, Петра билан рақобат қила оладиган Набатийлар ёдгорликлари билан машҳур Ал-Ула қадимий манзилгоҳининг муваффақиятли ривожлантирилгани бундай лойиҳаларни қандай амалга ошириш мумкинлигига яққол мисолдир.

Сурат манбаси, Getty Images
Подшоҳликнинг унутилган бурчагини мамлакатнинг янгиланган миллий ва маданий ўзлигининг асосий лойиҳасига айлантириш учун аллақачон миллиардлаб доллар сарфланди ва уни глобал туризм марказига айлантириш учун яна миллиардлаб маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бу, масалан, "the Line" лойиҳасига қараганда анча эришарли мақсаддир.
Албатта, спортда саудияликлар энг йирик ютуқлардан бирини – 2034-йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Шубҳасиз, Муҳаммад бин Салмон лойиҳалар дизайнида илғор қарашлар акс этишини таъминлашга ҳаракат қилади, бироқ харажатларни назоратда ушлаб туриш учун баъзи улкан ғоялардан воз кечилган кўринади.

Сурат манбаси, NEOM
Саудия расмийлари "Нигоҳ-2030" бўйича нисбий очиқликни ўтмишдаги яшириш ва чалғитишлардан воз кечиш сифатида кўрсатишга уринаётгани аниқ. Бундан улар хатоларини тан олиб, ўз йўналишларини тўғриладилар, деган тасаввур уйғонмоқда.
Форс кўрфазининг сиёсий ва иқтисодий динамикаси бўйича мутахассис Мате Шалайнинг айтишича, бу хорижий сиёсатчилар ва дипломатлар учун маълум даражада фойдали.
"Улар учун саудияликларнинг ўз хатоларини қисман бўлса-да тан олиши ва бу ҳақда гапираётгани, шубҳасиз, ижобий белги. Лекин, менимча, бу аксарият инвесторлар ва манфаатдор томонлар кутган даражада эмас".
Саудиялик тадбиркор Самир Шокир эса бу борада анча хотиржам: "Кўп ҳолларда пухта ўйланган устуворликлар, аксинча, инвесторлар ишончини ошириши мумкин… Халқаро миқёсда муҳокамалар "эълонлар қанчалик йирик?" деган саволдан "ижро модели қанчалик ишончли?" деган саволга тобора кўпроқ ўтиб бораяпти".
Молиялаштириш тўхтатилиши
"Нигоҳ-2030" дастурини қайта баҳолаш АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги урушдан аввалроқ бошланган эди. Мазкур можаро Форс кўрфази минтақасидаги мавжуд вазиятни ларзага солди ва БАА бошлаб берган дунёнинг савдо ва сайёҳлик марказига айланиш стратегиясига шубҳа уйғотди. Ваҳоланки, Саудия Арабистони бу стратегияга нафақат тақлид қилишни, балки ундан ўзиб кетишни ҳам истаган эди.
Шалайнинг айтишича, қайта кўриб чиқиш бошланганига бир неча ой бўлган бир пайтда, уруш "Нигоҳ-2030"нинг келажакдаги йўналиши борасида янада кўпроқ чалкашликларни келтириб чиқарди.
"Урушдан олдин саудияликлар кўпроқ сармоя киритмоқчи бўлган асосий соҳалар сунъий интеллект ва бошқа турли муҳим лойиҳалар – туризм, ишлаб чиқариш, тоғ-кон саноати ва айрим маҳаллий саноат тармоқлари эди. Аммо тоғ-кон саноатидан ташқари уларнинг барчаси урушдан жиддий зарар кўрди".

Сурат манбаси, Reuters
"Урушдан олдин асосий ғоя "Neom" сунъий интеллектга ихтисослашган саноат маркази сифатида қайта шакллантирилиши эди. Бу, албатта, уруш шароитида мантиққа тўғри келади, бироқ асосий ғоя ҳар ой ўзгариб бораётган кўринади. Бу эса маълум бир стратегик чалкашликдан далолат беради. Шу билан бирга, бу ижобий белги ҳамдир, чунки Саудия расмийлари янги режа ишлаб чиқишлари кераклигини тушуниб турибди".
"Нигоҳ-2030" дастури бошқача Саудия Арабистони юзага келишига ёрдам берди, бу эса баъзиларда олқишларга, бошқаларда эса танқидларга сабаб бўлмоқда.
Бироқ, бу трансформациянинг учта таянчи бўлган тақдирда ҳам, ҳали олдинда турган йўл анча олис.
Сиёсий жиҳатдан, ўзгача фикр аввалгидек қаттиқ жазоланмоқда.

Ижтимоий соҳада катта ўзгаришлар юз берди, натижада Ар-Риёд каби шаҳарда яшаш ҳисси бутунлай ўзгарди. Бу эса саудияликларнинг мамлакат ичида, 20 йил аввал умуман мавжуд бўлмаган турли хил кўнгилочар тадбирларга сарфлайдиган маблағини оширди.
Иқтисодий нуқтаи назардан, "Нигоҳ-2030" мегалойиҳаларида мамлакатни хусусий ва хорижий инвестициялар давлатнинг улкан нефт бойлигига тенглаша оладиган келажак сари етаклаши кўзда тутилган эди. Бу қисман амалга ошди, холос.
Саудия раҳбарияти учун эса, гарчи дастлаб мўлжалланган миқёсда бўлмаса-да, бу бир муваффақият қиссаси сифатида тақдим этилди. Муҳаммад бин Салмон ўзини ҳар қанча узоқни кўрувчи шахс сифатида кўрсатишга уринмасин, у ва унинг атрофидагилар зарур пайтларда амалиётчи ва прагматик кўринишни ҳам исташлари аён.
Улар, эҳтимол, энди фақат интернетда мавжуд бўлиб қоладиган лойиҳаларга сарфланган миллиардлаб доллар учун Саудия халқи олдида жавобгар эмас. Тахмин қилиш мумкинки, валиаҳд шаҳзоданинг ёш саудияликлар орасидаги обрўси ҳамон юқори. Бу эса "The Cube" каби мегалойиҳаларни гўёки кераксиз қоғоздек ахлатга улоқтириш имконини беради.
Спорт, кўнгилочар соҳа, санъат ва бошқа йўналишларда Саудия пулларига боғланиб қолган йирик иштирокчилар энди жўмракдаги сув томчилаб қолган янги воқеликка юз тутмоқда.
Эллен Р. Уалднинг айтишича, "LIV Golf Tour" каби баъзи лойиҳалар бошиданоқ ўзини оқламаганга ўхшайди. "Аслида уларнинг стратегияси қандай бўлган ўзи?... Яъни, улар бунча катта маблағни шунчаки пиар учун сарфламаган бўлса керак. Бу ақлга сиғмайдиган иш бўларди."
Мақоладаги дастлабки фото сурат: AFP/Getty





























