Россия: Тиматининг рэп қўшиғи нима учун YouTube да энг "ёқимсиз" видео бўлди?

Тимати Путин билан тушган суратини 2017 йилда Instagram га жойлаганди

Сурат манбаси, Timati/Instagram

Сурат тагсўзи, Тимати Путин билан тушган суратини 2017 йилда Instagram га жойлаганди
    • Author, Том Геркен, BBC UGC & Social News
    • Role, Мария Корниенко, BBC Monitoring
  • Published

Тимати ва Гуфнинг рэп қўшиғи аслида YouTube нинг "чангини чиқариши" керак эди, ҳар ҳолда мақсад ҳам шу бўлган кўринади.

Аммо бу қўшиқ рус қўшиқлари орасида энг кўп "ёқмади" нишонига сазовор бўлди.

Тасаввур қилинг, қарийб бир ярим миллион одам то бу қўшиқ YouTube дан ғойиб бўлганига қадар, "ёқмади" тугмачасини босишган.

Қўшиқ Москва ва режимни олқишлаган, аксил-ҳукумат намойишларни қоралаб, гей парадлар ҳам қўшилмаганини пичинг қилганди.

Бу "ижод" маҳсули Москва куни саналмиш - 7 сентябрда YouTube га юкланган ва эртасига ўтадиган Москва Думасига сайловларни ҳам нишонга олганди.

Ана шу "тасодифлар" туфайли ижтимоий тармоқ жунбушга келган ва қўшиқчилар ҳукуматдан мўмайгина пул олган деган айбловларни урчитганди.

Аммо бу даъволар рад этилди.

"Москвадаги солиқ тўловчилар бу қўшиққа пул тўлашган ва мана уларнинг раҳмат айтгани", деб писанда қилган машҳур блоггерлардан бири.

A tweet in Russian, which is translated underneath this image

Сурат манбаси, @ilya_shepelin/Twitter

Бу блогерга кўра, Кремлнинг икки энг аҳмоқона стратегияси: "2. Одамларни таёқлар билан уриб ҳокимиятни ҳурмат қилдириш, 1. Тиматининг видеоси билан ҳокимиятни ҳурмат қилдириш".

Тимати аввалига бу "ёқмади"ларга жавоб берди. Уялмаслигини айтди. Видео учун пул ҳам олмаганман, деди. Кейинроқ бу изоҳ-жавобини ўчириб ташлади ва қўшиқдаги шеърлар "бироз бўрттирилгани"тан олди.

"Мен рекордни урдим, аммо буни истамагандим. Ҳеч кимни хафа қилиш ниятим йўқ эди".

"Мен шаҳримни севаман. 36 ёшдаман ва Москва ҳар қачонгидан гўзалроқдир... Шаҳримни гўзаллаштирганлардан беҳад миннатдорман. Менга бу машмаша ортиқча ва шунча салбий кайфиятни тўхтатиш учун ҳам видеони ўчирмоқдаман", деб ёзди Тимати.

Тимати президент Путиннинг тарафдоларидан саналади.

Бир эмас бир неча марта Путин билан суратга тушган.

Россия режимини қўллайди.

Айнан мана шу воқеилик манзарасида унинг режимпараст қўшиғидан аксарият жунбушга келган бўлиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek