Дунё, янгиликлар: Очарчиликка юз тутаётган миллионлар ва Россияда санкциялардан ким зарар кўрмоқда?

Сурат манбаси, Corbis/Getty Images
Россия, санкциялар ва беш йил
Халқаро Валюта Фонди Россияга нисбатан беш йил муқаддам қўйилган санкциялардан кўрилган кўп томонлама зарарларни ҳисоблаб чиқди.
Берилган маълумотларга кўра, 2003-2008 йилларда ўртача 7,1 фоиз бўлган Россия иқтисодий ўсиши 2014-2018 йилларда бор йўғи 0,5 фоизни ташкил қилган.
Экспертлар фикрича, бунга Россиянинг иқтисодий қамал қилиниши ва жаҳон бозоридаги нефть нархининг тушиб кетиши асосий сабабдир.
Ўзаро савдо урушида 2014-2017 йиллар давомида Европа йўқотган экспорт миқдори $34,7 миллиардга баҳоланган.
Бунда, асосан, Россиянинг Европадаги энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланмиш Германия энг кўп зарарни ўз гарданига олган.
Шимолий Корея кибер ҳужумлар орқали $2 миллиард ўғирлаган

Сурат манбаси, Reuters
Тарқалиб кетган БМТ ҳисоботидан аён бўлишича, Шимолий Корея ўзининг қуроллар дастурини молиялаштириш учун кибер ҳужумлар ёрдамида $2 миллиард маблағ ўғирлаган.
Пхенян, асосан, банклар ва криптовалюталар айирбошланадиган биржаларни нишонга олгани таъкидланмоқда.
Би-би-си билан суҳбатлашган манба БМТ 35 кибер ҳужум бўйича тергов иши олиб бораётганини маълум қилган.
БМТ: Африкада миллионлар очарчиликка юз тутмоқда

Сурат манбаси, Getty Images
БМТнинг Зимбабведаги вазият бўйича фавқулодда мурожаатнома эълон қилди.
Унда билдирилишича, мамлакатнинг учдан бир қисм аҳолиси - беш миллиондан зиёд инсон - озиқ-овқат масаласи бўйича ёрдамга муҳтож.
Жаҳон Озиқ-овқат Дастури қурғоқчилик, тўфон ва иқтисодий инқироздан жиддий зарар кўрган Зимбабвени дастаклаш мақсадида $331 миллионга тенг маблағ йиғишни бошлаган.
Жорий йилда ушбу давлатда кескин қурғоқчилик кузатилиб, оқибатда, озиқ-овқат нархлари шиддат билан ошиб бормоқда.
Покистон Ҳиндистоннинг Кашмир бўйича сиёсатига қарши чиқмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Покистон Бош вазири Имрон Хон Ҳиндистоннинг ўз назорати остидаги Кашмир ҳудудидан автономия ҳуқуқини тортиб олиш қарорига қарши курашишга сўз берди.
Жаноб Хон ушбу қарор халқаро ҳуқуққа зид экани таъкидлаб, Ҳиндистон ҳудудда этник тозалов олиб бориши эҳтимолидан хавотир билдирган.
Покистон ва Ҳиндистон Кашмирнинг Ҳимолай минтақаси бўйича назоратни қўлга олишга даъво қилиб келади, бироқ ҳар икки давлат ҳудуднинг маълум қисмини бошқаради, холос.
Кашмирнинг Ҳиндистон бошқарувидаги қисмида ўттиз йилдан бери бўлгинчилик ҳаракати давом этиб келади. Бунинг оқибати ўн минглаб инсон ҳалок бўлгани айтилади.
Якшанба куни Ҳиндистон Кашмирга сезиларли мустақиллик берувчи махсус мақомни бекор қилиб, ҳудудни беркитиб қўйгандан бери у ерда вазият қандай экани номаълумлигича қолмоқда.
Curiosity Марсда - орадан етти йил ўтди

Сурат манбаси, NASA/JPL handout via Reuters
Curiosity марсоходи ўз фаолиятини бошлаганига етти йил тўлди. Бу вақт ичида аппарат қизил сайёранинг Гейла кратерида 21 километр масофани босиб ўтган ва Марс тўғрисида кўплаб қимматли илмий маълумотлар тўплаган.
Ядро энергия асосида ишловчи Curiosity, аввалига, икки йил хизмат қилади, дея ўйланган эди. 2012 йилда эса захиралари тугагунга қадар унинг хизматидан тўлиқ фойдаланишга қарор қилинган.
Curiosity ёрдамида 2013 йили Марсда қуриб қолган дарё излари топилган эди. Бу маълумотларга асосланган олимлар у ерда қачонлардир ҳаёт бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган, аммо ҳозирча бу назария ўз тасдиғини топмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek




























