"Хоразмда пул тақчил, қарзга ботганлар кўп, нархлар эса ошмоқда"

Хоразмда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи фаол Ҳайитбой Ёқубовнинг ёзишича, вилоятда нақд пулнинг тақчиллиги ва бозордаги нархларнинг ошиб бораётгани туфайли ижтимоий ва иқтисодий муаммолар кўпаймоқда.
Жаноб Ёқубов ўз кузатувларини аҳолидан тушган ариза ва шикоятлар асосида олиб боради.
Унинг "Нажот" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти жорий йилнинг июль ойи давомида Хоразм вилоятида бозорларда ва бошқа дўконлардаги нарх-наво борасида ўзининг мониторинг кузатишларини ўтказган.
"Кузатишлар шуни кўрсатдики, Хазорасп, Гурлан, Хива, Шовот, Урганч туман ва шаҳар бозорларининг ҳар бирида нарх-наволар хилма хил кўринишга эга. Лекин айрим халқ истеъмоли моллари нархининг кўтарилиши барча бозорларда вужудга келган бўлиб, бу ҳолат кўплаб фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда", - дейилади ташкилот тарқатган ҳисоботда.
"Масалан, бозорларда гўшт ва гўшт маҳсулотларининг нархи 3-4 минг (тахминан 1 доллар)га ошган. Урганч ва Хива шаҳар бозорларида олдин бир кило гўштнинг баҳоси 20000-24000 сўм бўлса, эндиликда 24000-28000 сўмга чиқди. Вилоят аҳолиси палов ва бошқа таомларни пиширишда пахта ёғидан кўп фойдаланади. Мазкур ёғнинг икки литрли баклашкаси бугунги кунда 13-15 минг сўмга пулланмоқда. Ваҳоланки, бу миқдордаги ёғ бундан атиги 10-15 кун аввал 9 минг сўмдан бемалол сотилаётган эди."
Фаолга кўра, Хоразмда шоликорлик ривожланган бўлишига қарамай, гуручнинг ҳам нархи кун сайин ошиб бораяпти.
"Ўртача навли, яхши ош қилса бўладиган гуруч 7-8 минг сўм туради. Бозорда сабзи арзон ва мўл. Аммо гуруч қиммат бўлгач, уни сотиб ололмаган оддий халқ, сабзини нима қилсин", - дейди у.
Ёқубовнинг айтишича, бозорларда мева, сабзавот ва полиз экинлари мўл, лекин нақд пул муаммоси аҳолининг бу маҳсулотлардан тўла баҳраманд бўлишига тўсқинлик қилмоқда.
"Мамлакатимизда пластик билан савдо қилиш жорий қилинганига анча вақт бўлганига қарамай, ҳамон пластик карточкасидаги пулига бозордан ўзи истаган молни ололмай юрган, норозилик кайфиятидаги харидорларни кўрасиз. Бозорда асосан ҳамма нарса нақд пулга сотилади. Телевизорда эълон қилинаётган пластик карточкага оид тарғиботлар иш бермаётган кўринади. Бозор дўконларида терминал ишламаётганини баҳона қилиб, харид қилинган товарга нақд пул талаб қилиш давом этмоқда."
"Нажот" ташкилоти ўз ҳисоботида хоразмликлар дуч келаётган ижтимоий қийинчиликларни ҳам ёритади. Унга кўра, Оролбўйи минтақасидаги экологик фалокат туфайли аҳолининг кўп қисми турли касалликларга гирифтор бўлган, аммо даволаниш жуда қимматга тушмоқда.
"Касалхонада ётмай, уйида даволаниб, муоложа оладиган беморлар аптекаларда ўзларига керакли бўлган дори-дармонларнинг айримларини умуман тополмасдан сарсон-саргардон бўладилар. Айримларининг нархи ошиб кетганидан уларни сотиб олишга ҳар кимнинг ҳам қурби етмайди", - дейилади ҳисоботда.
Жаноб Ёқубов вилоятда давлат муассалари томонидан ёрдамга муҳтож оилаларга молиявий ёрдам бериш яхши йўлга қўйилмаганини айтади.
Нақд пул тақчиллиги яқинлашиб келаётган ўқув йили арафасида янада чуқурроқ сезилмоқда.
"Мактаб формаси ва мактабда ўқиш учун керакли анжомларни сотиб олиш керак. Аҳолида нақд пул йўқлиги туфайли уларни харид қилиш ҳам ўзига хос бир муаммога айланган. Халқда нақд пул кам. Қолаверса, ҳозир Россияга бориб ишлаб пул топаётганлар сони ҳам камайган. Шунинг учун истемолчилик ҳуқуқи поймол қилинаётган аҳоли нима қилишини билмасдан, бугунги ижтимоий ҳаётдан норози бўлмоқда", - дейди у.
Фаолга кўра, оддий аҳоли орасида кўпчилик "қарз ботқоғига ботиб кетган" ва фуқаролик ишлари бўйича судларда қарздорликнинг турли кўринишлари бўйича муаммолар купайиб бормоқда.
"Баъзи ҳолатларда фуқаронинг давлат божини тўлаш ва адвокатлик ёрдамини олишга қурби етмай қолмокда. Молия етишмовчилик ёш оилаларнинг бузилиб кетишга сабаб бўлмокда Ишсизлик сабабли алимент пуллари йиллаб тўланмай келмоқда. Аҳоли ўртасида пул учун имон-эътиқод йўқолиб, фирибгарлик жинояти купайиб бормоқда", - дейди у.
Ўз ҳисоботида якунида "Нажот" вилоятдаги бозорлар ва дўконларга масъул амалдорлар ва мутасадди ташкилотлардан бу муаммоларга эътибор билан қарашни, истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, аҳолини ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш бўйича давлат қонунлари ижросини таъминлашни сўрайди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio





























