Трамп яна Ҳўрмуз қамалини эълон қилди

АҚШ Президенти Трамп

Сурат манбаси, EPA/Shutterstock

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ Президенти Доналд Трамп яна Ҳўрмуз бўғозидан Эрон кемалари ўтиб қайтиши тўхтатилиши учун қамал бошлаганини эълон қилди.

Ўзининг Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Трамп шундай матн эълон қилди:

"Ҳўрмуз бўғози ОЧИҚ ва Эрон билан ёки Эронсиз ҳам ОЧИҚ бўлиб қолади. Биз «ЭРОН БЛОКАДАСИ»ни қайта жорий этмоқдамиз. Бу шундай номланган, чунки у фақат Эрон кемалари ёки уларнинг мижозларининг кириши ёки чиқишини тўхтатади. Барча бошқа мамлакатлар бўғоздан адолатли ва эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

"Шу пайтдан бошлаб АҚШ «ҲЎРМУЗ БЎҒОЗИ ҲИМОЯЧИСИ» деб аталади. Бироқ шу мақомда ва АДОЛАТ юзасидан, дунёнинг жуда беқарор ушбу қисмида хавфсизлик ва муҳофазани таъминлаш вазифасини бажариш учун зарур бўлган ҳар қандай харажатларни қоплаш мақсадида, ташиладиган барча юклар қийматининг 20 фоизи миқдорида ҳақ олади. Бу жараён ва унинг шакллантирилиши дарҳол бошланади."

Бу Трампнинг Ҳўрмуз бўғозидаги Эрон бандаргоҳларини қамал қилишга биринчи марта уриниши эмас.

Апрел ойида АҚШ ҳарбийлари Эрон соҳилларига қараб ёки у ердан ҳаракатланаётган кемаларни тўхтатиши ёки ортга қайтаришини маълум қилган эди.

Шу йил билан Америка Эроннинг нефт экспортидан даромад олиш имкониятларини чеклаш орқали мамлакатга босим ўтказишни мақсад қилган.

БМТнинг денгизчилик бўйича агентлиги — Халқаро денгиз ташкилоти (IMO) таъкидлашича, халқаро транзит учун фойдаланиладиган бўғозларда ҳеч бир давлат кема қатновини тўсиш учун қонуний ҳуқуққа эга эмас.

Ўша пайтда Трамп шундай деган эди:

«Биз Эронга ўзига ёққан мамлакатларга нефт сотиб пул ишлашига, ёқмаган мамлакатларга эса сотмаслигига йўл қўймаймиз».

Эрон эса бу ҳаракатни «денгиз қароқчилиги» деб атаган.

Икки давлат 17 июнда келишилган вақтинчалик битим — ўзаро англашув меморандуми доирасида блокадани бекор қилиш ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очишга келишилган эди.

Бу сафар Трамп, ушбу муҳим сув йўли орқали ташилаётган барча юкларга 20 фоизлик йиғим жорий қилди, аммо бу амалда қандай ишлашига изоҳ бермади.

Би-би-сининг Оқ Уйдаги мухбири Трампнинг янги блокадаси қандай амал қилишининг ўзи ҳозирча мавҳум бўлиб турганини айтди.

Эрон расмийлари Ҳўрмуз бўғозига кимдир бошқарувчилик қилишига йўл қўймаслигини айтдилар.

Ислом қўриқчилари корпуси Американинг ушбу амаллари жаҳон нефт ва газ бозорига жиддий салбий таъсир қилишидан огоҳлантирдилар.

Iqtibos

12 июлдан 13 июлга ўтар тунида АҚШ ва Эрон ўртасида ўзаро зарбалар алмашинуви давом этгани хабарлари тарқалди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) тун давомида Эроннинг бўғозда тижорат кемаларини нишонга олганига жавоб тариқасида сувости кемаси ҳамда Эрон кемаларига техник хизмат кўрсатиш объектига зарба берганини маълум қилди.

CENTCOM хабарида айтилишича, жанубий Эрондаги Бандар Аббос ҳарбий-денгиз базаси портига бир неча ҳужумчи дронлар зарба берган ва операция тасвирлари акс этган видео ҳам тарқатилди.

CENTCOM X тармоғидаги баёнотида қуйидагиларни қўшимча қилди:

"Кеча тундаги зарбалар Эроннинг тижорат кемаларига ҳужумларни давом эттириш қобилиятини сусайтирди».

MarineTraffic кемалар ҳаракатини кузатувчи сайти маълумотларига кўра, муҳим сув йўли орқали оз сонли кемалар ҳаракатланаётган бўлса-да, қатнов ҳали ҳам чекланганлигича қолмоқда.

Эрон Иордания, Баҳрайн ва Қувайтдаги АҚШ ҳарбий базаларини, шунингдек, Уммондаги радар тизимларини нишонга олгани ҳақида хабар берди.

Баҳрайн эса Эронни тинч аҳолини нишонга олишда айблади.