Расмий Тошкент хавотирдами ёки Ўзбекистон нега бутун минтақанинг эътиборини ўзига қаратди? O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Сурат манбаси, kollaj
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, bbc.com/uzbek
- Published
- Ўқилиш вақти: 12 дақ
Ўзбекистон сўнгги ҳафталарда бутун минтақанинг эътиборини ўзига қаратди.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Россия Толибонни Ўзбекистон, минтақага қарши қўллаши мумкинми, толибларни ҳам Украина урушига ташлайдими ёки Путинга Толибон бугун нега керак? Подкаст
- Янгиликлар: Қозоғистон Россия қилмаган ишни қилди, расмий Москва ҳам жим турмади, Тоқаев 'демарши' ёки Қозоғистоннинг ‘суверен ҳуқуқи’. Подкаст
- Янгиликлар. Афғонистон: Толибон йўқолмаса, Ўзбекистон нима қилади? Дунё-чи? Видео
Нима гап?
Толибон ҳокимиятни қайта эгаллаган сўнгги уч йил ичида расмий ташриф билан Афғонистонга ўзининг энг юқори мартабали ҳайъатини юборган биринчи давлат бўлди.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳайъатнинг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга 17 август кунги икки кунлик расмий ташрифи худди ана шундай талқинда қатор етакчи Ғарб ахборот агентликларининг ҳам эътиборини ўзига тортди.
Ўзбекистон томони энг юқори мартабали ҳайъатининг кутилмаган расмий ташрифи Толибоннинг Афғонистондаги ҳукумати ҳали-ҳануз халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган бир манзарада, ҳаракат ўзининг қудратга қайтиши уч йиллиги санасини ҳам йирик ҳарбий параду катта тантаналар билан байрам қилган, ўзининг бугунги ҳарбий қудратини бутун дунёга яна бир бор намойиш этишидан саноқли кунлар ўтиб амалга ошди.
Томонлар ўртасида Толибон қудратга қайтиши биланоқ ўз пулига бўлса-да, қурилишига жадаллик билан киришган Қўштепа канали юзасидан расмий Тошкентнинг жиддий хавотирлари ҳануз аримаган, Афғонистон томони Марказий Осиё давлатлари билан чегараларини қайта кўриб чиқиш истагини расман изҳор этган, бу борада ҳатто ўзининг стратегиясини ишлаб чиққанини баён қилган, аммо унинг тафсилотларини ошкор қилмаган, бу ҳам етакчи минтақавий нашрларда сарлавҳаларга чиққан янгиликка айланган бир пайтга тўғри келди.
Толибон ҳукумати ўтган ой Қўштепа каналининг ярмидан кўпини қуриб битказганликларини маълум қилган.
Уларнинг худди шу баёноти манзарасида Афғонистондаги айрим маҳаллий нашрларда бўй кўрсатган хабарларда янги каналнинг ҳатто келаси беш йил ичида ишга тушажаги ҳақида ҳам сўз борганди.

Сурат манбаси, .
Сўнгги бир неча ўн йилнинг ичида Афғонистонни икки бор ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган ва мамлакатда икки бор ўзининг ҳукуматига асос солган Толибон ҳаракати яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналган.
Унинг сафидаги жангарилари ва тарафдорлари сони бир неча юз мингга нисбат берилган, қудратга қайтган қисқа вақтнинг ўзида эса, минтақада ўзининг энг йирик Қуролли кучларга эга бўлиш истагини ҳам расман ва ошкора баён қилган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи, бошқа томондан, Россия президентининг шу йил май ойида давлат ташрифи билан Ўзбекистонда экан, пойтахт Тошкентда Толибон ҳукуматини тан олиш масаласини минтақадаги дўстлари ва ҳамкорлари билан ҳам муҳокама қилишаётганини расман маълум қилиши ортидан кузатилди.
Бу янгилик ҳам ўшанда дунёнинг қолган бирор бир президенти мисолида кузатилмагани билан четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган, Путиннинг баёноти Россия ҳам Қозоғистондан кейин Афғонистон Толибон ҳаракатини ўзини "террорчи ташкилотлар" рўйхатидан чиқариш режасида эканини ошкор қилган бир манзарада янграганди.
Ўзбекистон Бош вазирининг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга расмий ташрифи яна айнан Украинага очган уруши сабаб Ғарбнинг устма-уст санкцияларига юз тутиб турган Россия глобал Жанубга юз тутган, Марказий Осиё давлатлари ҳам муқобил транспорт-логистика, транзит йўллари ва бозорлар топиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.
Афғонистон ва Марказий Осиё

Сурат манбаси, RASMIY
Афғонистон Марказий Осиёни Жанубий Осиёга боғлаш, айниқса, денгизга йўли икки карра бекиқ Ўзбекистонни ҳам жаҳон сув йўллари ва янги ноанъанавий бозорларга олиб чиқиш имкониятига эга давлат.
Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларига йирик транспорт йўллари билан узвий боғланган минтақа давлати.
Икки ўртада ҳам Афғонистон ва ҳам аксарият минтақа давлатлари иқтисоди учун муҳим ўрин тутувчи ва стратегик аҳамиятга эга йирик портлар ҳам жойлашган.
Аммо Толибоннинг қудратни куч билан эгаллаши, инклюзив ҳукумат бўладими ёки хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш - халқаро ҳамжамиятнинг асосий талабларини беэътибор қолдириши Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб долларлик активларининг музлатилиши, мамлакатга четдан бериб келинаётган катта миқдордаги йиллик молиявий кўмакларнинг тўхтатиб қўйилиши билан якун топган.
Бу эса, узоқ йиллик урушлар ва чуқур илдиз отган коррупция боис, шундоқ ҳам халқаро донор давлатларнинг миллиардлаб долларлик ёрдамларига таяниб қолган Афғонистон иқтисодининг таназзулга юз тутишига оид хавотирларни пайдо қилган.
Ўтган уч йил ичида ўн миллионлаб одамнинг очлик ёқасида қолиши, Афғонистон "Ер юзининг жаҳаннами"га айланишига оид баёнотлар, ҳатто, халқаро миқёсда янграган.
Афғонистондаги иқтисодий вазиятнинг издан чиқиб, мамлакатнинг бошбошдоқликка юз тутиши, катта миқдордаги қочқинлар оқимининг юзага келиши эса, воқеаларнинг барча минтақа давлатларининг бирдек ташвишларига сабаб бўлиб келаётган эҳтимолий ривожи бўлади.
Афғонистон минтақанинг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош аҳолиси энг йирик (норасмий ҳисоб-китобларда - 40 миллиондан ортиқ), шунинг баробарида, дунёнинг Ўзбеклари илова турли жангари гуруҳлар бошпана топган, яқин-яқингача жанг қилган ва ҳануз жон сақлаб келаётгани ишонилувчи давлатларидан бири бўлади.
Ўзбекистон Бош вазири бошчилигидаги юқори мартабали ҳайъатнинг пойтахт Кобулга расмий ташрифи, бошқа томондан, Афғонистонда ИШИД-Хуросон қанотининг фаоллашиб бораётгани, унинг минтақага таҳдиди ҳам ортаётганига оид хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Гуруҳ шу йил май ойида Россиянинг Москвасида уюштирилган ва 140 мингдан зиёд инсоннинг умрига зомин бўлган ва Россиянинг бу яқин тарихидаги энг қонлиси, деб баҳоланган ҳужумга масъул кўрилган.
Куни-кеча эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Марказий осиёлик диаспоралар ИШИД-Хуросон қанотини қўллашаётганидан хавотирда эканига оид хабарлар ҳам олинган.
Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи Афғонистонда экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган жангари гуруҳ бўлади.
Ўз вақтида Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи сафларида жанг қилган Марказий осиёликларнинг сони ҳам бир неча мингга нисбат берилган.
Ўша пайтда улардан кўпчилигининг этник Ўзбеклар эканликлари ҳам айтилган.
ИШИДнинг Яқин Шарқда мавҳ этилиши ва Толибоннинг Афғонистонда қудратга қайтиши фонида гуруҳнинг ўзи ва қаноти сафларида жанг қилган аксарият ўзбекистонликларнинг тақдирлари ноаён қолган.
Улардан қанчасининг қурбон ёки таслим бўлганликлари, ҳибсга олинганликлари ёки ортга қайтган-қайтмаганликларига оид ишончли маълумотлар ҳануз имконли эмас.
Орада эса, Яқин Шарқда жанг қилганларининг айнан Афғонистонга қайтишаётгани минтақавий экспертлар орасида хавотирларга ҳам сабаб бўлиб улгурган.
Толибон ўзининг Афғонистонда қудратга қайтишига йўл очган ва 2020 йилда расмий Вашингтон билан имзолашга муваффақ бўлган "тарихий" битим доирасида бирор бир жангари гуруҳнинг афғон тупроғидан туриб, учинчи бир давлатга ҳужум қилишига изн бермаслик шартига ҳам кўнган, ўтган уч йил ичида Ўзбекистонни ҳам унга амал қилишларига қайта-қайта ишонтириб келади.
Аммо айнан шу вақт оралиғида Ўзбекистон ва Тожикистон ўз мустақилликлари тарихида илк бор Афғонистондан ракета ҳужумига тутилишган, ҳужумларга масъулиятни эса, ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиққанди.
Ҳозир Афғонистонда бирор бир хорижий аскар қолмаган.
Алоқалар

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон Афғонистон Толибони билан ўз музокараларини ҳали ҳаракат қудратга келмасидан анча аввал бошлаган, ҳайъатлари ҳам бир неча бор пойтахт Тошкенту, ҳатто қадим Самарқандда ҳам бўлиб қайтган.
Ўзбекистон президенти мамлакати ва халқининг хавфсизлиги учун исталган томон билан мулоқотда бўлишларини расман маълум қилган.
Ўзбекистон сўнгги уч йил ичида каттаю кичик минбарлардан Толибонни яккалаб қўймасликка расман ва ошкора чақириб келаётган саноқли дунё давлатларидан бири ҳам бўлади.
Толибон қудратга қайтишидан кейин ҳам ўзининг Кобулдаги дипломатик ваколатхонасини ёпмаган, Ўзбекистон Бош вазирининг Афғонистонга ташрифи манзарасида эса, Толибон Ўзбекистонга ўзининг янги, шу йил ҳисобидан иккинчи элчисини тайинлагани ҳам эълон қилинган.
Худди шу ташриф фонида Ўзбекистон Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон билан савдо айланмасини яқин истиқболда 3 миллиард долларга етказиш истагида экани ҳам маълум бўлган.
Расмий ташриф ортидан эса, томонларнинг умумий қиймати қарийб 2.5 миллиард долларлик 35 та иқтисодий ва сармоявий битимларни имзолашганига оид хабарлар ҳам олинган.
Мазкур рақамлар ҳам нафақат қанчалар катталиги, балки-да, амалдаги Толибон ҳукуматининг халқаро ҳамжамият томонидан ҳали-ҳануз тан олинмаган бир манзарада янграётгани билан ҳам четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.
Шу соатларда эса, томонлар ўртасида Термиз халқаро Савдо маркази иш бошлаганига оид хабарлар ҳам олинган.
Айтилишича, марказни ҳам шахсан Ўзбекистон Бош вазири, Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчиси ва Озарбайжон Бош вазирининг муовини ишга туширишган.
Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, худди шу тантаналар чоғида янги марказнинг ҳам "минтақада савдо алоқаларини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим платформага айланишига ишонч билдирилган".
Сўнгги янгилик, бошқа томондан, Толибон ҳукумати АҚШ авиатехникасини Ўзбекистонда қолдириш бўйича расмий Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги битимга ўзининг эътирозини билдириб чиққан, ҳаракат қудратга қайтиши манзарасида 2021 йилда Афғонистондан Ўзбекистонга олиб ўтилган ўнлаб ҳарбий самолёт ва вертолётларни Кобулга қайтариш масаласида ҳамкорлик қилишни "қатъий тарзда" қилган тавсиясига эса, Ўзбекистоннинг муносабати ноаён қолаётган бир манзарада ҳам олинган.
Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги Ўзбеклар айнан Афғонистонда яшашади.
Бир неча ўн йиллик урушлар боис аҳолисини рўйхатга олиш имконсизлигича қолаётган эса-да, Афғонистондаги Ўзбеклар сони турли манбаларда миллионларга нисбат берилади.
Уларнинг кўпчилиги Афғонистоннинг асосан Марказий Осиёга чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий ҳудудларида зич яшаб келишади.
Бош вазир Абдулла Ариповнинг расмий ташрифи ортидан эса, Афғонистондан Ўзбекистоннинг шимолий Балх вилояти маркази Мозори Шарифда ўз пулига минг талабага мўлжалланган янги мадраса қуриб беражагига оид хабарлар ҳам олинган.
Агар, мазкур хабарларга таянилса, томонлар бу масалада ҳали шу йил бошида келишишган.
Айнан Балх Афғонистоннинг Ўзбекистонга чегарадош ягона вилояти бўлади.
Бошқа томондан, айрим етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, ҳозир ҳам транспорт-логистика ва ҳам ўз кун тартибларини шакллантириш нуқтаи назаридан Марказий Осиёда ЕвроОсиё ҳудудида муҳим ўйинчига айланиш, Украина уруши сабаб, Россиянинг минтақада кучсизланганидан фойдаланиб, баҳамжиҳатликда иқтисодий, сиёсий ва дипломатик жиҳатдан кучайиш имконияти бор.
Ислом Каримов Ўзбекистони узоқ йиллар давомида асосан хавфсизлик призмасидан қараб келган Афғонистон айнан Шавкат Мирзиёевнинг қайта-қайта халқаро миқёсда эътироф этилаётган янгича минтақавий сиёсатида муҳим ўрин тутувчи давлатлардан бири бўлади.
Ижтимоий тармоқлардаги муносабат ва қизғин баҳсу муҳокамаларидан расмий Тошкентнинг Толибон Афғонистонига нисбатан ташқи сиёсатига ўзбекистонликлар орасида муносабатнинг бир хил эмаслиги, аммо ёқловчиларининг озмунча эмаслиги кўрилади.
Шундай экан, Ўзбекистон томони юқори мартабали ҳайъатининг Толибон бошқаруви остидаги Афғонистонга бутун минтақанинг эътиборини ўзига тортган илк расмий ташрифию, бунинг ортидан кечаётган воқеаларнинг сўнгги ривожи нимани англатади?
Би-би-си Ўзбек хизмати шов-шувли ташриф манзарасида худди ана шундай савол билан бир қатор минтақавий экспертларга мурожаат қилди:

Доктор Довуд Аъзамий
Би-би-си Жаҳон хизмати муҳаррири
Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича эксперт
Янгича сиёсатми?
Довуд Аъзамий: Марказий Осиё-Жанубий Осиё энергетика лойиҳаси (CASA1000), Ўзбекистондан Афғонистон орқали Покистонга узанувчи темир йўл ва Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон газ қувури (TAPI) каби қатор минтақавий лойиҳалар узоқ йиллардан бери муҳокамада эди.
Аммо Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларида етарли даражада сиёсий ироданинг бўлмагани, Афғонистондаги беқарорликлар ва маблағ тақчиллиги бу лойиҳаларнинг амалга ошишига тўсқинлик қилди.
Ҳозир вазият ўзгармоқда ва Ўзбекистон бу борада етакчиликни қўлга олаётир.
Ўзидан олдингисидан фарқли тарзда, Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев эътиборини савдо-сотиқни ошириш ва минтақавий боғлиқликни кучайтиришга қаратган.
Ўзбекистон Афғонистонда қудратни эгаллаган 2021 йилнинг августидан буён Толибон ҳукумати билан иқтисодий ҳамкорлик ва икки томонлама савдо-сотиқ масаласига прагматик ёндашувни танлади.
Бошқа томондан, қолган Марказий Осиё Республикалари ҳам Толибон ҳукумати билан ўзаро иқтисодий ва тужжорий алоқаларини кучайтиришди.
Бу каби ёндашув эса, юқорида ҳам тилга олиб ўтганимдек, прагматизм ва миллий манфаатларга асосланди.
Денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий савдони кенгайтириш, ўзларининг давлат ва хусусий секторлари учун Афғонистондаги инвестиция имкониятларини кашф қилишни исташади.
Улар, бундан ташқари, Афғонистон орқали бошқа давлатлар билан ҳам савдо-сотиқ қилишмоқчи.
Шу боис ҳам, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо-сотиқ ва боғлиқлик кучайса, бу барча учун бирдек фойдали бўлади, бундан ҳамма ютади.
Афғонистонда Қўштепа каналини қуриш масаласи эса, ярим асрдан кўпроқ вақт давомида кун тартибида бўлган. Яъни, канал аслида бундан бир неча ўн йиллар аввал ишга тушиши мумкин бўлган. Аммо яна Афғонистондаги беқарорликлар ўша пайтда амалда бўлган афғон ҳукуматларининг мазкур лойиҳани ҳам амалга оширишларига имкон бермаган.
Янги канал қурилиши ғояси Афғонистоннинг халқаро меёърлар асосида Амударё сувининг фақат ўзига тегишли улушидангина фойдаланишини кўзда тутади.
Аммо, масаланинг мураккаб томони шундаки, Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида сувдан фойдаланиш бўйича расмий шартнома йўқ.
Толибон ҳукумати Қўштепа канали қурилишини бошлаган бўлса-да, охиригача етказиш учун ҳали уларга техник ёрдам ва маблағ керак.
Шу боис ҳам, канални қуриб, битказиш ишлари яна бир неча йилга чўзилиши мумкин.
Бу вақт эса, Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатлар учун ўзларининг қишлоқ хўжалик соҳаларини янги воқеъликка мослаштириш учун имкониятдир, чунки канал ишга тушгач, уларга сув оқими камаяди.
Савол: Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларининг иқтисод соҳасида бўладими ёки дипломатия, бугунги Афғонистон билан ўзаро ҳамкорликларини янада кучайтириш уринишларини, бошқа томондан, Толибон ҳукуматини расман тан олиш йўлидаги қадам ўлароқ баҳолаш қанчалик ўринли бўлади?
Довуд Аъзамий: Ҳозирча ҳеч бир давлат ва халқаро ташкилот Афғонистондаги Толибон ҳукуматини тан олмаган.
Аммо кўплаб давлатлар Толибон ҳукумати билан мулоқотда ва улар билан дипломатик алоқалар ҳам ўрнатиб бўлишган.
Кўпгина минтақа мамлакатлари расман тан олиш йўлида қадам ташлашдан аввал Толибон ҳукумати сиёсатида аниқлик ва изчилликни кўришни исташади.
Улардан айримлари эса, бунинг учун яна Толибон ҳукуматининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва АҚШ, Хитой, Россия каби йирик минтақавий ва халқаро ўйинчи давлатлар томонидан тан олинишини кутишмоқчи.
Савол: Айнан ҳали-ҳануз халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмай келинаётгани назарда тутилса, биргина Ўзбекистон мисолида айтганда ҳам, Толибон ҳукумати бугун қанчалик ишончли ҳамкор бўлиши мумкин? Уларга ишонса бўладими ёки ишониш қанчалик тўғри?
Довуд Аъзамий: Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг тан олинмагани кўплаб соҳалар, айниқса, халқаро савдо ва сармояга салбий таъсир кўрсатди.
Аммо Марказий Осиё Республикалари вақтни янада бой бериш ва нисбатан изоляцияда қолишни исташмаяпти.
Улар бу имкониятдан фойдаланиб, савдо-сотиқ ва ўзаро боғлиқликни кучайтиришни афзал билишаётир.
Минтақавий савдо ва алоқаларни кучайтиришга эса, бошқа томондан, қўшниларига қараганда ҳам Афғонистондаги Толибон ҳукуматининг ўзи кўпроқ иштиёқманд.
Бу Афғонистон иқтисодига кўмак қилади, Толибон ҳукуматига кўпроқ легитимлик беради ва уларга жуда зарур бўлган нақд пул келтиради.

Иқтисодий жиҳати
Савол: Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон бугун Ўзбекистон учун қанчалик муҳим савдо-иқтисодий ҳамкор бўла олади? Агар, бўла олса, нимаси билан муҳим, бугунги Афғонистон Ўзбекистонга нима таклиф қила олади? Ўзбекистоннинг Афғонистон, Афғонистоннинг Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтириши қай бир жиҳатдан муҳим ва нега керак?
Сапарбой Жубаев,
Минтақавий иқтисодий таҳлилчи, Қозоғистон
Афғонистон Ўзбекистоннинг жанубдаги энг яқин қўшнисидир.
Агарда, сўнгги йиллардаги ҳамкорликларига тўхталадиган бўлсак, Ҳайратон темир йўли ва савдо ҳажмини айта олишимиз мумкин.
Толибон ҳукумати бошқарувга келганидан кейин икки ўртада янги муносабатларга йўл очилди.
Савдо ҳамкорлиги
Ўзбекистоннинг дастурли экспорт товарлари: электр энергияси, буғдой, ун, пахта ёғи, текстиль маҳсулотлари, металл ва ускуналар.
Афғонистоннинг экспорт маҳсулотлари: кийим-кечак, пойафзал, мева ва сабзавот.
Яна Афғонистон орқали Покистон ва Эрон маҳсулотларининг ҳам Ўзбекистонга сотилиши.
Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик
Транспорт масаласи Ўзбекистон учун муҳим бўлиб, Афғонистон орқали Покистонга, ундан Ҳинд уммони портларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бор.
Термиз-Ҳайратон-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли режаси тўғрисида кўп йиллардан бери таклифлар бор.
Бундан ташқари, яна Ҳирот-Қандаҳор-Покистон (Спин Булдак) темир йўли режаси ҳам кун тартибида. Бу таклифни Россия ва Қозоғистон қўллаб, молиялаштириш ташаббусини берган.
Инвестицион лойиҳалар
Афғонистон нисбатан ерости бойликларида қидирув ишлари кам бажарилган ва ҳали очилмаган конларга бой ҳудуд ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда энг катта инвестицион лойиҳалар Хитой томонидан бажарилаяпти. Масалан, литий конлари.
Шу соҳада ҳам Ўзбекистоннинг тажрибасидан фойдаланиш таклифлари берилган.
Мис, темир, олтин, газ конларини ўзлаштиришда Ўзбекистоннинг молияси ёрдамида инвестиция жалб қилиш мумкин.
Сув масаласи
Энг мураккаб ва долзарб масала бу - сув масаласи.
Афғонистон ҳукумати Амударёдан қазилган Қўштепа канали орқали сувнинг 15-20 фоизчасини олиш имкониятига эга бўлади.
Шу боис ҳам, бу масалада ҳамма томонга кам зарар келтириш йўлида келишувлар ва ҳамкорлик қилиш таклифларининг кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўларди.
Гуманитар ва таълим соҳасида
Маданият ва таълим соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш Афғонистондаги Ўзбеклар билан турли тадбирлар ўтказиш имкониятини беради.
Алишер Навоий, Беруний мақбараларини таъмирлаш эса, Ўзбекистон аҳолисининг у ерларга турист бўлиб боришларига кенг қамровли имконият яратиш учун муҳимдир.

Досум Сатпаев
Минтақавий сиёсий таҳлилчи, Қозоғистон
Юридик жиҳати
Досум Сатпаев: Менимча, аксарият Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон, Қозоғистон ва қисман Туркманистоннинг Афғонистон билан ҳамкорлигининг асосий қирралари иқтисодий ва хавфсизлик масалалари билан боғлиқ. Бу икки омил бир-бири билан узвий боғлиқ. Яна бу Украинадаги уруш билан ҳам боғлиқ. Негаки, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дастлаб муҳокама қилинган асосий устувор лойиҳалардан бири ҳам Покистон денгиз портларига олиб чиқувчи трансафғон темир йўли лойиҳаси эди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан олганда, кўплаб давлатлар, шу жумладан, Ғарб ҳам Афғонистонда иш ўринлари яратиш ва маълум маънода хавфсизликни таъминлаш механизми ва воситаларидан бири Афғонистоннинг қўшнилари, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатлари билан фаол иқтисодий ҳамкорлиги эканини яхши тушунишади. Чунки айни ўринда Афғонистон аҳолисининг 20 миллиондан ортиғи очлик ёқасида экани ва қашшоқликда яшаши омилини назардан соқит этиб бўлмайди. Ғарб давлатларининг ўзлари эса, сиёсий сабабларга кўра, Афғонистон билан иқтисодий соҳада фаол ҳамкорлик қилолмасликларини яхши англашади. Улар Толибонни расман тан олишмаган ва ҳаракатни кўплаб инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларида айблашади. Бирлари авторитар ва бошқалари Афғонистоннинг қўшниси бўлган давлатлар эса, Толибон ҳаракати билан ҳамкорликда ўзларини у қадар чеклашмайди, шу жумладан, иқтисодий соҳада ҳам. Ғарб ҳам бунга анчайин бамайлихотирлик билан қарайди. Чунки улар учун энг аввало Толибон ҳаракатининг кимгадир таҳдид солувчи жангари тузилмадан кўра, иқтисодий ўйинчига айланиши муҳим. Бунинг учун эса, Афғонистонга қандайдир сармоялар келиши керак. Менимча, Ўзбекистоннинг иқтисодий соҳадаги фаоллиги ва савдо айланмасини оширишга қаратилган баёнотлари ҳам маълум бир маънода Афғонистон масаласида кўплаб мамлакатлар ўртасида шаклланган консенсусга ўхшаган бир нарсани ўзида акс эттиради. Улар қўшнилари билан савдо айланмаси бўлиши учун Афғонистон маълум бир иқтисодий жабҳада иштирок этиши, муайян даражада сармоя олиши лозим, деб ҳисоблашади. Ва худди шу нарса, менимча, нега Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Толибон ҳаракати вакиллари билан анчайин хотиржам ва очиқча учрашувлар ўтказишаётгани, савдо айланмасини оширишга оид баёнотлар билан чиқаётганликлари сабабини ҳам изоҳлайди. Менимча, улар бу йўналишда халқаро ҳамжамият томонидан ҳам сассиз маъқуллов борлигини қайсидир даражада жуда аниқ тушунишади.
Қўштепа канали масаласи
Досум Сатпаев: Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги сув ресурслари бўйича мавжуд келишмовчиликка келсак, менимча, Ўзбекистоннинг савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва инвестицион фаоллигини кучайтириш тўғрисидаги баёнотлари ҳам Толибон ҳаракати билан савдолашув элементларидан бири бўлиши мумкин. Яъни, биз сиз билан ҳамкорлик қилиш, сармоя киритиш ва савдо ҳажмини оширишга тайёрмиз, бунинг эвазига эса, сиздан ўша канални қуриш ва маълум сув ресурсларидан Афғонистон ҳудудига сув олишни кўпайтириш бўйича муросага боришингизни истардик, деган мазмунда. Чунки бу табиий равишда Афғонистоннинг қўшнилари, шу жумладан, Ўзбекистонда сув тақчиллиги муаммосига олиб келиши мумкин. Менимча, бу масала ҳозир Тошкент ва Кобул ўртасида шу йўналишда олиб борилаётган ўзига хос савдолашувнинг бир кўриниши. Яъни, ҳеч ким сув устидан ва Толибоннинг бу масаладаги хатти-ҳаракатлари юзасидан очиқча қарама-қаршиликка боришни истамайди. Менимча, худди шу нарса сув ресурслари бўйича кузатилаётган келишмовчиликлар фонида ҳам Ўзбекистоннинг нега Афғонистонни муҳим савдо шериги сифатида кўриш истагини намойишкорона кўрсатаётгани сабабини ҳам изоҳлайди.
Толибон ҳукуматини расман тан олиш йўлидаги қадамми?
Досум Сатпаев: Менимча, расмий ва қонуний жиҳатдан, табиийки, бу ишни на Ўзбекистон ва на Қозоғистон қилади. Улар доимо бу масалада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари ва умуман олганда, халқаро меъёрларга амал қилишларини айтиб келишади. Амалда эса, ҳа, иқтисодий соҳада Тошкент ҳам, Остона ҳам Толибонни очиқдан-очиқ тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида кўрмоқда. Ўрталаридаги яқин алоқалар, ҳар икки давлат вакилларининг доимий ўзаро ташрифлари уларнинг Толибон ҳаракатини моҳиятан норасман Афғонистонда узоқ муддатга қудратга келган, эътиборга олишлари зарур ва ҳозир ҳамкорликни кучайтиришлари керак бўлган куч сифатида тан олганликларига далолат қилади. Ва, менимча, бу катта эҳтимол билан шунчаки, вазият бошқача бўлмайдими, демак, ким бўлса, у билан ишлашимиз керак, деган мазмундаги бироз маънидан йироқ, бироз прагматик ёндашув принципига асосланади.
Хавфсизлик омили
Досум Сатпаев: Афғонистон ҳудудида ҳали ҳам Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдид солувчи турли террорчи гуруҳлар бор. Бу ҳақда ҳам доимо расман баён қилиб келинади. Табиийки, "душманимнинг душмани менинг дўстим" тамойилига кўра, Толибон ҳаракати билан алоқалари анчайин совуқ Тожикистондан ташқари, аксарият Марказий Осиё давлатлари мазкур масалага ҳам анчайин ўз манфаатларидан келиб чиқиб ёндашишади.
Толибон ҳаракати ҳам, айтайлик, "бенуқсон" ҳамкор эмас, лекин, ҳеч бўлмаганда, Марказий Осиёдаги вазиятни беқарорлаштириш истагини яширмай келаётган ИШИД ва унинг кўп сонли тармоқлари каби минтақа учун янада хавфлироқ бўлган террорчи гуруҳларни зарарсизлантириш орқали уларга ёрдам бериши мумкин.
Чунки бошқа янада радикал гуруҳлар билан қиёсланганда, Толибоннинг ўзи бундай баёнотлар бермаган.
Шу боис ҳам, хавфсизлик масаласида Марказий Осиё давлатлари Толибон билан қарама-қаршиликка бориб, минтақа хавфсизлигига таҳдидни янада кучайтиришнинг ўрнига, у билан ҳамкорлик қилган тузук, деб ҳисоблашади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002































