You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Янгиликлар. Ўзбекистон: Қулаган самолётми, портлаш хавфи бор модда ёки чақмоқ - Сергелидаги омборни нима портлатди? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar
Нималар маълум?
Фожеа оқибатлари бундан-да ёмон бўлиши мумкин эдими?
Алоқадор мавзулар
Сергелидаги омборни нима портлатди?
Масъуллар портлаш юз берган кечанинг ўзида ижтимоий тармоқларда янграётган ҳар уч фаразни ҳам устма-уст рад этишди.
Ўзбекистон президенти эса, портлаш сабаби тагига етиши учун махсус ташкил этилган ҳукумат ҳайъатига уч кун муҳлат берди.
Портлаш Шавкат Мирзиёев Германияга уч кунлик амалий ташрифини бошлаётган бир кунга тўғри келди.
Ўзбекистон президенти кеча, 28 сентябрь куни пойтахт Берлинга етиб борган.
Шавкат Мирзиёев у ерда экан, Марказий Осиё ва Германия етакчиларининг саммитида иштирок этиши, мамлакат Федерал Президенти ва Федерал канцлери билан музокаралар олиб бориши айтилган.
Вазирлар Маҳкамаси фармойиши билан ташкил қилинган 16 кишидан иборат ҳукумат ҳайъати раиси этиб эса, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов тайинланган.
Ҳодиса ортидан у ерга Ўзбекистон Бош вазири - Фуқаро муҳофазаси бошлиғи Абдулла Ариповнинг шахсан ўзи етиб боргани хабар берилган.
Кучли портлаш ва ёнғин Тошкент шаҳрининг "Қурувчилар" даҳасида жойлашган божхона омборида юз берган.
"Inter Logistics" МЧЖга қарашли 18,4 гектар ер майдонда жойлашган омборхонада тахминан 10 000 кв. м. майдонда ёнғин келиб чиққани айтилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ўт ўчирувчилар ёнғинни 8 соат давомида ўчиришган.
Талафотлар
Кеча, пайшанба куни ушбу ҳодиса оқибатида бир ўсмир боланинг қурбон бўлгани, 160 дан ортиқ киши яралангани, улардан аксариятининг жароҳати енгил экани айтилган.
Масъул идоралар ҳозирча қурбонлар ва жабрдийдалар сонига ортиқ янги маълумотлар билан чиқишмаган.
Соҳа расмийларининг айтишларича, даволанаётган беморлар орасида ўта оғир тан жароҳати олганлар йўқ. Улар барчасининг саломатлиги қониқарли.
Агар, расмий хабарларга таянилса, беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун хирург, травматолог, нейрохирург, невропатолог, юз-жағ жарроҳи, акушер-гинеколог каби мутахассислар жалб қилинган.
Ҳодисада тан жароҳати олганлардан қанчаси болалар ва аёллар экани ҳозирча маълум эмас.
Тошкент шаҳрининг ҳоким вазифасини бажарувчиси Шавкат Умурзоқов эса, Сергелидаги портлаш оқибатида 592 та хонадон, 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етганини расман тасдиқлаган.
Шунингдек, ҳудуддаги 24 та кўп қаватли уй ва 25 та ҳовлининг фасад, ойна-ром ва том қисми зарар кўрганини айтгани хабар берилган.
Gazeta.uz ўз мухбирларига таяниб, Тошкентдаги омборхонада юз берган портлашда янги машиналар шикастлангани ҳақида ҳам ёзган.
Ҳамдардлик
Президентнинг портлаш юз берган куннинг ўзида ташкил қилинган ҳукумат ҳайъатига топшириғига оид расмий хабар ортидан, унинг иккита ёрдамчисидан бири бўлган Саида Мирзиёева жабрланганларнинг оилаларига ўзларининг «чуқур ҳамдарликлари»ни билдирган.
Унинг айтишича, Ўзбекистон президентининг топшириғи билан фожиа оқибатларини тезда бартараф этиш учун барча имкониятлар ишга солинган.
Саида Мирзиёева "беминнат ёрдам қўлини чўзаётган барчага ўзининг миннатдорчилигини ҳам билдирган".
Агар ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаганда, "фожиа оқибатлари бундан-да ёмон бўлган бўлиши мумкин"лигини айтган.
Саида Мирзиёева "бундай кунлар бизни ҳам бирлаштиради, ҳам синайди", деркан, барчанинг мавжуд вазиятдан тўғри сабоқ чиқаришига ҳам умид қилиб қолган.
Ўзининг ижтимоий тармоқлардаги постига, "Юртимиз тинч бўлсин", деб якун ясаган, портлаш ва ёнғин сатҳидаги суратлар билан ҳам бўлишган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, юз берган фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинган.
Омборхонада юз берган фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш, кўрилган талафотларни бартараф этиш ва жабрланганларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор чора-тадбирларни амалга ошириши учун ҳукумат ҳайъатига 3 кун муҳлат берилган.
Шу соатларда Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам Сергелидаги ҳодиса оқибатида жабр кўрганларга ўзининг ҳамдардлигини билдирган.
Портлаш сабаби?
Мазкур ҳолат юзасидан кечанинг ўзида ИИВ Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми "а" ва "б" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Расмий хабарларга кўра, ҳозирда жиноят иши юзасидан тегишли идораларнинг мутахассисларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган.
Ёнғин келиб чиқиш сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тегишли экспертизалар тайинланган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Расмий хабарларга кўра, худди шу мақсадда Фавқулодда Вазиятлар вазирлигининг махсус лабораторияси ҳам ҳодиса жойида иш олиб бормоқда, ҳудудда ФВВ раҳбарлигида штаб ташкил этилган.
Ички ишлар бошқармаси воқеа тафсилотлари юзасидан ахборот бериб борилишини айтган.
Расмий идоралар бу хусусда ҳозирча бирор бир билдиришнома билан чиқишмаган.
"Зарар қопланади"
Масъуллар жабрланган уй эгаларига етказилган зарар қопланишини айтиб туришибди.
Хабарларга кўра, пойтахт ҳокимлиги жабрланган аҳолининг муаммоларини тезкор бартараф этиш мақсадида 1205 қисқа рақамли ишонч телефонини ҳам ишга туширган.
Маҳаллий нашрлар Шавкат Умурзоқовнинг, "Моддий зарар 2-3 кун ичида қопланади, бу муаммоларни ҳал қиламиз", деган сўзларидан иқтибос келтиришган.
Хабарларга кўра, Сергели тумани ҳокими, "аҳолининг зарари тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилиши"ни айтган.
Маълум бўлишича, ёнғиндан жабр кўрган аҳоли доимий назоратга олинган.
Уларга тиббий хизмат кўрсатиш билан биргаликда, 3 маҳал овқатлантириш ташкиллаштирилган.
Саломатлигини тиклашга ҳамширалар бириктирилган.
Бу Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилаётган илк кучли портлаш ҳодисаси эмас.
Ўтган йилнинг октябрида Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш юз берган.
Ўшанда ҳодисада йигирмага яқин кишининг яралангани, минглаб турар ва нотурар жойларга зиён етгани хабар берилган.
2021 йилда Сурхондарёнинг Денов туманидаги савдо мажмуасида юз берган кучли портлаш эса, у ерга Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатининг боришига ҳам сабаб бўлган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзининг расмий ахборотида чақнаш, деб атаган бу воқеа ўшанда икки кишининг умрига зомин бўлгани расман хабар берилган.
28 сентябрь тафсилотлар
Тошкентда кучли портлаш ва ёнғин. Бир инсон ҳаётдан кўз юмган
Ўзбекистон расмий идоралари хабар қилишларича, Тошкент шаҳри Сергели туманидаги Қурувчилар даҳасидаги омборхонада кучли портлаш ва ёнғин рўй берган. Оқибатда бир инсон ҳаётдан кўз юмган, 160 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Расмийларга кўра, портлаш Қурувчилар даҳасидаги "Inter Logistics" масъулияти чекланган жамиятига тегишли омборда тунги соат 2:43 да рўй берган.
Кузатув камераларига тушиб қолган видеоларда портлаш жуда кучли бўлганини кўриш мумкин.
Ички ишлар вазирлиги 2006 йили туғилган вояга етмаган фуқаро олган жароҳати оқибатида вафот этганини хабар қилди.
Тиббиёт мулозимларига кўра, 163 инсон жароҳатланган.
24 инсонни шифохонага ётқизишга тўғри келган.
Портлаш зарбаси ён-атрофдаги кўплаб шахсий хонадонлар, савдо ва бошқа бизнес иншоотлари, шахсий автомобилларга катта зарар етказган.
Ҳодиса жойида бўлган мухбиримизнинг айтишича, биноларнинг омборхонага қараган тарафида дераза ойналари қолмаган.
Портлашга нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқланмаган.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган "портлаш самолёт қулаши оқибатида содир бўлгани" ҳақидаги хабарларни рад этди.
Uzbekistan Airports Сергелидаги портлаш Тошкент аэропорти фаолиятига таъсир қилмагани, аэропорт чекловларсиз, одатий режимда ишлаётганини хабар қилди.
"Тошкент метрополитени" хабар қилишича, портлаш оқибатида ҳудудга яқин бўлган метрополитен ер усти халқа йўлининг "Қурувчилар" бекати меъморий қисмига енгил шикаст етган, лекин йўловчи ва поездлар ҳаракатига таъсир қилмаган.
Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар етиб борганлар. Ёнғинни бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам бериш ва зарарни қоплаш бўйича тезкор тегишли чоралар кўрилаётгани хабар қилинди.
Interlogistics корхонасига эгалик қиладиган Халқаро логистика маркази (United Cargo Center), портлаш рўй берган омборхонада портловчи ва ёнувчи моддалар бўлмаган, портлаш оқибатида омборхона ходимларидан ҳеч ким жабрланмаган, деб баёнот берди.
Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигидаги ушбу фавқулодда ҳодисани ўрганиш комиссияси тузилди.
Ички ишлар идоралари Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш бандлари бўйича жиноят иши қўзғатди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002