Россия билан газ ҳамкорлиги, Ўзбекистон сиёсати ва матбуотидаги ташвиқот - Янгиликлар Dunyo Yangiliklar Gazprom

Олий мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев Россия билан ҳамкорлик тарафдори.
Сурат тагсўзи, Олий мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев Россия билан ҳамкорлик тарафдори.
Published

BBC Monitoring Podrobno.uz сайтига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон Олий мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев Россиянинг Газпром ширкатидан газ сотиб олиш Ўзбекистон учун "яхши қадам" бўлишини айтган.

"Бизга "ютамизми ё ютқазамизми" деган оддий саволга аниқ жавоб керак. Менинг ишончим комилки, табиий газга эҳтиёжимиз тобора ошаётган бир даврда, тасаввур қилинг, газда юрадиган машиналар сони ошаётганда ва бу заҳирани ишлаб чиқариш камаяётганда, биз барибир кимдандир газни сотиб олишимиз керак. Жаҳон бозорида мижозларини йўқотаётган Газпром қисматидан фойдаланиш - яхши қадам", - дея иқтибос келтирилади Тожиевдан.

Мақоланинг эслатишича, Россия Марказий Осиёда "истеъмолнинг ошиб бориши ва Хитойга экспорт қилиш мажбуриятлари" туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистонга газ етказиб бериш бўйича музокараларни олиб бормоқда.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мамлакатнинг газ инфратизилмаси Газпром назоратига ўтказилмаслиги ва икки томон нархлар борасида келишсагина келишув имзоланишини айтди.

Ўзбекистон ҳукумати Россия билан газ ҳамкорлиги мамлакат мустақиллигига таҳдид қилмаслигига ишонтиришга уриняпти.

Сурат манбаси, Gazprom

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон ҳукумати Россия билан газ ҳамкорлиги мамлакат мустақиллигига таҳдид қилмаслигига ишонтиришга уриняпти.

24 январда Газпром Ўзбекистон Энергетика вазирлиги билан "йўл харитаси"ни имзолагани маълум бўлди. Интерфаксга кўра, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон Россия газининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга етказиб беришни оширишга келишиб олганлар.

Бир кун ўтиб Газета.уз нашри ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Москва Марказий Осиё - Марказ қувуридаги оқимни ортга буриб Ўзбекистонга газ етказиб беришга уриниб келяпти.

"Россия томонининг асосий шарти Ўзбекистон газ узатиш тизимини бозор қиймати бўйича «Газпром» тасарруфига ўтказиш эди. Бундай талаблар ушбу шартларга рози бўлмаган «Qazaqgaz» миллий компаниясига ҳам қўйилган. Россия томони илгари сурган иккинчи шарт Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқидан воз кечиш эди. Яъни, «Газпром» шартномада Ўзбекистоннинг «UzGasTrade» компанияси ўрнига бўлишни таклиф қилган», - деб ёзди Газета.уз.

Келишув имзоланиши ва тафсилотлари очиқланмаслиги ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида кўплаб норозикларга сабаб бўлди. Бунинг ортидан чиқарилган Энергетика вазирлиги баёнотида шундай дейилди:

«Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда «Йўл харитаси»да Ўзбекистоннинг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда (бошқарув ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда) ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ.»

Бизда бошқа йўл йўқ, дейди Бахтиёр Эргашев.

Сурат манбаси, Screenshot/Podrobno.uz

Сурат тагсўзи, Бизда бошқа йўл йўқ, дейди Бахтиёр Эргашев.

Россия мавқеининг тарғиботи

Айни дамда BBC Monitoring кузатувларига кўра, Ўзбекистондаги Россияпараст матбуот "газ иттифоқи" ғоясини тарғиб қилишни кучайтирган.

"Улар Москванинг янги ташаббусларини тарғиб қилиб, Россияни минтақадаги қийинчиликлар манзарасидаги ягона ишончли шерик сифатида намойиш қилишмоқда", - дейилади мақолада.

25 январда Podrobno.uz сайти таҳлилчи Бахтиёр Эргашев фикрларига асосланган мақолани чоп этди. Унда Эргашев Ўзбекистонни Россия таклиф қилаётган газ иттифоқига қўшилишга ундади ва "бошқа муқобил йўл йўқ" эканини айтди.

"Маъно" тадқиқотлар маркази директори Эргашевнинг айтишича, совуқ ҳаво кириб келгани ва газ таъминотида узилишлар пайдо бўлганидан бери Россия таъсирига тушиб қолмаслик учун Россия газини сотиб олишга қарши бўлиб келганлар овози ўчиб қолган.

Бу эксперт Россия билан имзоланган "йўл харитаси" ортидан ижтимоий тармоқларда юзага келган норозиликлар ва бунинг ортидан Энергетика вазири аҳолини тинчлантирувчи баёнот билан чиққанини афтидан ҳисобга олмаган.

2022 йилда Газпром газ ишлаб чиқариш ва сотишда рекорд даражадаги йўқотишларни қайд қилди.

Сурат манбаси, Reuters/ANTON VAGANOV

Сурат тагсўзи, 2022 йилда Газпром газ ишлаб чиқариш ва сотишда рекорд даражадаги йўқотишларни қайд қилди.

Кремлга хайрихоҳ Спутник Узбекистан сайти ҳам 27 декабрда чоп қилган мақоласида Россия билан бу каби иттифоқнинг тузилиши Ўзбекистон учун жуда фойдали эканини ёзди.

Россиялик сиёсатшунос Александр Князев Россиянинг энергия ташаббуслари, хусусан Марказий Осиё билан газ иттифоқини тузишга қарши хавотирларни Ғарб келтириб чиқараётганини айтган.

"Бу масаланинг икки жиҳати бор. Бир томондан, маҳаллий элита ва аҳолида кўпдан бери ички комплекслар бор. Бу асоссиз комплексларни Фрейдча назария билан изоҳласа бўлади. Улар айтишади: "Биз мустамлака бўлганмиз ва бизга ҳалиям зуғум қилишяпти". Бошқа томондан эса, хорижий кучлар бу вазиятдан фойдаланиб қолишяпти. Америка ва европалик сиёсатчилар минтақа ва Россия ўртасидаги бу каби ижобий ҳамкорликни барбод қилиш истагини яширмаяпти", деган Князев 22 январда Россия давлатига тегишли Россия 24 каналида чиқиш қила туриб.

Князев айнан қайси ғарблик сиёсатчилар Россиянинг Марказий Осиё билан газ ҳамкорлиги ҳақида гапиргани ва нима дейишганига мисол келтирмаган.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek