You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Яна қаттиқ совуқ келмоқда – қишни ўтказишга масъул Бош вазир бу сафар нималар қилмоқчи?
Ўзбекистонда "аномал совуқ"нинг заҳри бироз пасайган бир вақтда Бош вазир Абдулла Арипов қаҳратонда қилинажак вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор ўтказган - фаоллар ҳукуматнинг қишга тайёргарлик йиғилиши жуда кеч ўтказилаётгани ҳақида ёзган бўлсада, расмийлар мамлакатда яна совуқ кунлар бошланишини маълум қилмоқда.
23 январь кеч соат 21:00 дан ўтганда, Бош вазир матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳидаётов Арипов мамлакатда давом этаётган аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказаётганини хабар қилган.
Айрим фикр билдирувчилар гарданига ўтган йилиёқ совуқ кунларга тайёргарлик кўриш вазифаси юкланган Бош вазир қарийб 10 кун давомида кузатилган йирик энергетика инқирозидан сўнггина йиғилиш ўтказаётганидан савол остига олган.
Бироқ ҳукуматнинг таъкидлашича, 23 январь кунги йиғилишда нафақат ҳозирги абгор вазиятни юмшатиш, балки кейинги куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш масаласи ҳам кўриб чиқилган.
Хўш, ҳукумат навбатдаги табиат синовидан қандай чиқиб олмоқчи?
Алоқадор мавзулар:
- Газ қаерда? Унга ким эгалик қилади? Нега инқироз такрорланаверади? Ўзбекистон энергетика вазири билан суҳбат - Видео
- Ўзбекистон: Мени кўп сўккансиз... Сўкяпсиз – ўзи “аномал совуқ” нима ва унга қандай тайёргарлик кўрилди? - Видео
- Ўзбекистон: Газ кескин камаяди, завод, фабрикалар газ ва токдан узилади, ҳокимлик норозиликка тайёргарлик кўряпти, Тожикистон светни узлуксиз беради
- Ўзбекистон, таҳлил: Сиёсий ислоҳотларсиз инқирозлар бундан ҳам кўпаядими? - Видео
Қишга тайёргарлик мартда тугайдими?
Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат раҳбарига ўтган йилнинг декабрь ойидаёқ электр ва газ муаммоларини ҳал этиш вазифасини топширган эди.
7 декабрда ўтган йиғилишда Бош вазир бошчилигида Ҳукумат ишчи гуруҳи тузилгани ва у мавжуд ҳолатни юмшатиш, тезкор чоралар кўриш, айниқса, республикада энергия тақчиллиги юзага келган вақт вазиятни "қисқа муддатларда чуқур таҳлил қилган" ҳолда камчиликларни бартараф этиш билан шуғулланиши маълум қилинган.
"Шунингдек, йиғилишда тизимга бириктилган барча мутасаддилар қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун керакли чораларни ўз вақтида ва тезкорлик билан ҳал этишга бирдек масъул экани таъкидланди", дея президент йиғилишидан хабар берган эди ЎзА.
Бироқ 9 январдан мамлакатга кириб келган "аномал совуқ" ҳукумат қаҳратонга тайёр бўлмаганини очиқлаб қўйди - ҳатто, пойтахт Тошкент ўн йиллардан буён аксар қишлоқлар яшаб келаётган шароитни тотиб кўрди, ҳудудларда мисли кўрилмаган энергетика коллапси кузатилди, ижтимоий ҳаёт қарийб фалажланди.
Одамлар юзага келган абгор вазиятда юқори лавозимдаги расмийларни айблади.
Бўйнига юкланган қишдан беталафот чиқиб олиш вазифасини бажара олмагани айтилган Абдулла Арипов, эндиликда, яна совуқ мавсумга тайёргарлик кўриш бўйича йиғилиш ўтказгани хабар қилинмоқда.
Йиғилишда ҳукумат қаҳратонда қилиниши лозим бўлган вазифаларни муҳокама қилган.
Баъзи фикр билдирувчилар Вазирлар Маҳкамаси "аномал совуқ" ўтиб бўлгандан кейин вазифаларни муҳокама қилаётганидан таажжуб билдирган.
"Айни дақиқаларда сиёсатга сал бўлса-да яқинроқ барча Телеграм-каналларда тарқалаётган шошилинч хабарлардан билдимки, Ўзбекистонда қишга тайёргарлик бошланибди", дея ёзган журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.
Журналист Шуҳрат Латипов эса киноя билан бу хабардан "қишга тайёргарлик мартга бориб якунланишини тушунгани"ни билдирган.
Бошқалар эса расмийларни "вазифаларни тинимсиз белгилаб олиш"да танқидга тутган.
"Шошилиб нима қилишади, бу йилга тайёргарликни 2023 йил декабрига режалашорсин", дея ёзган бир Facebook фойдаланувчиси.
"Тўғри хулоса чиқарамиз"
Бироқ душанба кунги расмий хабарга кўра, 23-27 январь кунлари республиканинг аксар ҳудудларига яна совуқ ҳаво массаси кириб келиб, ҳаво ҳарорати кечаси 5 - 18 даражага қадар совиб кетиши башорат қилинмоқда.
"Шунинг учун, ўтган 15 кун давомида амалга оширилган тадбирларни янада кучайтирган ҳолда штаблар фаолиятини давом эттириш топширилди", дея ёзган Бекзод Ҳидоятов.
Йиғилишда энерготизимда кузатилган муаммолар тармоқларнинг эскириб кетганига боғлиқ экани тилга олинган.
"Бугунги кунда жами тармоқларнинг қарийб 42 фоизи, шундан электр узатиш тармоқларининг 39 фоизи, подстанцияларнинг 51 фоизи ҳамда трансформатор пунктларининг 35 фоизи ишга тушган муддатлари 40 йилдан ошган", дея хабар қилган ЎзА соат 22.00 да ҳам давом этган ҳукумат йиғилишидан.
Маълум қилинишича, ҳудудлардаги электр тармоқларини барқарор ва узлуксиз ишлаши йўлида 299 та трансформатор, 124,7 километр турли хил кабеллар, 186 тонна трансформатор мойи етказиб бериш учун "тезкор равишда қарор қабул қилиниб", ишлар бошлаб юборилган.
Масъул идораларга 800 километрдан зиёд магистраль, 11 минг километр паст кучланишли тармоқлар ва 3 мингга яқин трансформатор пунктларини йил давомида янгилаш вазифаси топширилган.
Бош вазир Арипов йиғилишда ҳукумат бу қишда йўл қўйилган камчиликлардан "тўғри хулоса чиқарган ҳолда", келаси совуқ мавсумга тайёргарликни "мутлақо янгича ёндашув билан бугундан бошлаш" зарурияти ҳақида гапирган.
У Энергетика вазирлиги жорий йилда табиий газ ва электр энергияси, кўмир ва мазут импорти билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиши зарурлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга мамлакатнинг ўзида табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш имкониятлари муҳокама қилинган.
"Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажмини 56,3 млрд куб метрга етказиб (2022 йилда 51,7 млрд куб метр), ўтган йилга нисбатан 4,6 млрд куб метрга ошириш имконияти бор", дея ёзган йиғилишдан хабар бериб турган ЎзА.
Видеоселекторда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимларга 1991 йилга қадар қурилган 31 мингта уйнинг фасад қисмини иссиқ тутувчи базальт қопламага босқичма-босқич ўтказиш вазифаси ҳам топширилган.
Бир вақтнинг ўзида, эски уйларни муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, иссиқ сув ва электр билан таъминлаш чораларини кўриш ҳамда икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топшириғи берилган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek