Ўзбекистон: Афғонлар Термиздаги бозорга визасиз кирадими? Болалар ўлимида гумонланувчилар ДХХда, Умрага кетган ўзбекистонликлар омонми? Янгиликлар

Published
  • ДХХ: гумонланувчилар Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди
  • Ўзбекистон тиббиёти асролмаган болалар учун вазир узр сўради.
  • Саудияда ҳалокатга учраган зиёратчилар омонми?
  • Ўзбек-қирғиз чегараси бўйича нима янгилик бор?
  • Қайси давлат суд жазосини Ўзбекистонда ўташ мумкин?
  • Афғонлар ва ўзбеклар учун катта бозор очилди

Гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасида

Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги хизмати «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

ДХХ хабарига кўра, «Док-1 Макс» Ҳиндистон давлатининг «Marion Biotech Pvt. Ltd» компаниясига тегишли мазкур дори воситаcи мамлакатимизга «Quramax Medical» МЧЖ томонидан импорт қилиниб, савдога чиқарилган.

- «Ҳозирда ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан "Quramax medical" МЧЖ ҳамда "Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази" МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахслар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди», дейилади ДХХ ахборотида.

Алоқадор мавзулар:

Тиббиёт асролмаган болалар

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш ходимларини «Док-1 Макс» сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотни вазирликдан яширганликда айблади.

«Ушбу маълумотга эга бўлишимиз билан ўша куннинг ўзидаёқ махсус ишчи гуруҳи тузилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда жойига чиқиб ҳар бир ҳолат ўрганилди», —билдирди Беҳзод Мусаев.

Вазирнинг сўзларига кўра, болалар «Док-1 Макс» дорисининг меъёридан ортиқча истеъмоли натижасида дунёдан кўз юмган.

Шунингдек, Беҳзод Мусаев 18 нафар вафот этган болаларнинг яқинларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва барча тиббиёт ходимлари номидан ўзимизнинг таъзия билдирди.

«Яна бир бор ушбу фожиа ортидан ўз фарзандидан, жажжи болажонидан айрилган ота-оналар ва уларнинг яқинлари олдида уларни асраб қололмаганимиз учун ўзимизнинг узримизни билдирамиз», — деди вазир Беҳзод Мусаев.

Зиёратчилар ва чегара ахборотлари

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Саудияда йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ҳақида расмий маълумот берди.

«Жорий йил 27-декабр куни Саудия Арабистони вақти билан соат 09:15да «Al-Afaj» транспорт компаниясига тегишли «Mercedes-Benz» русумли автобус ҳайдовчиси "Жидда-Мадина" 160-магистрал ё'лида ухлаб қолиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Мазкур автобусда Ўзбекистондан борган 50 нафар юртимиз зиёратчиларидан 10 нафари жароҳатланган» - дейилади маълумотда.

Шунингдек, вазирлик жорий йилнинг 23-27-декабр кунлари Ўш шаҳрида Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини демаркизация қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини келишиш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматлари делегациялари ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтганини хабар қилди.

«Томонлар Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини демаркатсия қилиш бўйича ишларни тартибга солувчи ҳуқуқий ва техник ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрладилар», дея маълум қилди вазирлик.

Хабарга кўра, тадбир якунлари бўйича тегишли Баённома имзоланган ва навбатдаги учрашув Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб ўтиши билдирилган.

Жазони ватанда ўташ имконияти

Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ борасидаги битим маъқулланди. Бу ҳақда «Дунё» Ахборот агентлиги хабар қилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2022 йил 29 март) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди, дейилади хабарда.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, мазкур халқаро битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади, деб ёзади агентлик.

Шунингдек, ушбу ҳуқуқий ҳужжатга кўра, маҳкумлар қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ келишаётган томонларнинг мурожаатлари асосида берилиши маълум қилинган.

Мазкур Битим 2022 йил 30 март куни Туркия Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган эди.

Термизда ўзбек афғон бозори

Афғонистон-Ўзбекистон чегарасида Халқаро савдо маркази очилди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Тolonews нашри хабар қилди.

27-декабр Афғонистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган Термиз халқаро савдо марказининг биринчи қисми очилди, дейилади хабарда.

Савдо мажмуаси раҳбари Бахтиёр Рўзиоф (исм-насаб манбада Bakhtiar Roziof тарзида келтирилган, хато бўлиши мумкин - таҳр) нинг нашрга айтишича, қўшма бозор икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

Хабарга кўра, бозорда тўрт минг дўкон, соғлиқни сақлаш маркази, ресторан, шунингдек, ишлаб чиқариш ва логистика учун алоҳида майдон ва дўкон мавжуд. Ушбу савдо бозорининг барча қисмлари қуриб битказилиши билан Афғонистон фуқаролари ушбу бозорга визасиз кириб, ўн кунгача бўлиши мумкинлиги айтилган.

«Ушбу йирик лойиҳага камида 75 миллион доллар сармоя киритилди ва Афғонистон ва Ўзбекистондаги савдогарлар учун катта савдо имкониятлари яратилди», иқтибос келтирилган Савдо мажмуаси раҳбари сўзидан.

Шунингдек, бозорнинг иккинчи қисми 2023 йилнинг биринчи уч ойида савдогарлар учун очиқ бўлишини айтилган.

Нашр афғонистонлик сармоядорлар ҳам мамлакатга сармоя киритиш учун бозор яратиш муҳимлигини билдиришганини ёзган.

«Ўзбекистон расмийларининг айтишича, Ўзбекистонда камида 10 минг афғон истиқомат қилади ва уларнинг аксарияти савдо-сотиқ билан шуғулланади», дейилади хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek