Ўзбекистон энергия тизими чанг ва лойга чидамсизми? Путин ҳамон Марказий Осиё ишларига аралашаяптими? Толибон нимадан хавотирда? 'Янги Тошкент' қаерда қурилади? O'zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
- Чанг ва лой Ўзбекистонни светсиз қолдириши мумкин;
- Путин қирғиз-тожик чегараси ҳудудида тинчлик учун ёрдам таклиф қилди;
- Афғонистонда янги хавф "Толибон"нинг тинчини бузган;
- 20 йилдан кейинги шаҳар «Янги Тошкент» режалари очиқланди;
Ёмғирда электрсиз қолиш мумкин
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Вазирлик матбуот хизмати юзага келиши мумкин бўлган вазиятни мамлакат ҳавосининг ёмонлашгани билан изоҳлади.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Тошкент дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳрига айланди. Ўзингизни қандай асрай оласиз?
- Остона. Янгиликлар: Эрдоған Қозоғистон суверенитети, ҳудудий яхлитлигини дастаклади, Тоқаев Эрдоғанга орден берди
- Мирзиёев Афғонистон борасида нима таклиф берди? Қиш қаттиқ келади, Ўзбекистон тайёрми? Ўзбекистон ва дунё
- Урушга мажбурланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкент Москвага нота юборадими?

Сурат манбаси, Getty Images
- «Бунинг сабаби шундаки, электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктлари қурилмаларида чўккан чанг ва лой ҳамда кучли ёғингарчилик электр қурилмаларида носозликни келтириб чиқариб, электр энергиясини узилишда техник муаммоларга олиб келади», - деб ёзади Вазирлик матбуот хизмати.
Хабарга кўра, электр таъминотидаги қисқа муддатли узилишлар Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг айрим туманларида кузатилиши мумкин.
«Ҳозирда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида жойларда махсус бригадалар шай ҳолатга келтирилган», таъкидланади хабарда.
Қирғиз-тожик чегара муаммосини Путинсиз ҳал қилолмайдими?
Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатда икки давлат чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди, деб хабар қилди Кремль матбуот хизмати.

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN/TASS
"Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг телефон орқали мулоқотида қирғиз-тожик чегарасидаги вазият муҳокама қилинди", — дейилади Кремль хабарида.
Россия раҳбари Қирғизистон ва Тожикистонни вазиятни янада кескинлашувига йўл қўймасликка ва вазиятни фақат тинч йўл билан ҳал қилиш чораларини кўришга чақирди.
Шунингдек, Путин Россияни қирғиз-тожик чегараси ҳудудида барқарорликни таъминлаш учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида йирик тўқнашувлар жума куни эрталаб бошланган. Икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги шиддатли жанглар чегаранинг деярли бутун периметри бўйлаб давом этди. Ўт очишни тўхтатишга фақат тунга қадар эришилди. Шанба куни эрталаб вақти-вақти билан тўқнашувлар қайта бошланди. Томонлар бир-бирини сулҳ битимини бузганликда айблади.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (Миллий хавфсизлик қўмитаси) Чегара хизмати матбуот марказининг ма'лум қилишича, якшанбага ўтар кечаси тинч, бироқ Ўш вилоятининг Чўн-Олай туманидаги давлат чегараси ва Ўзбекистон ҳудудидаги вазият Боткен вилоятида кескинлик давом этмоқда.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаролар томонларнинг айрим участкаларни делимитатсия ва демаркатсия қилиш жараёнини якунламагани туфайли мунтазам келиб туради.
Афғонлар нималардан жабр кўрмоқда?
Афғонистондан олинаётган хабарларга кўра, Толибон муваққат ҳукумати вакиллари Глобал иқлим ўзгариши ҳафталигидаги йиғилишда иқлим ўзгаришининг мамлакатга салбий таъсири ҳақида ўз хавотирларини билдирдилар.

Жумладан, Афғонистон бош вазири ўринбосари Абдусалом Ханафий глобал иқлим ўзгариши ҳафталигидаги йиғилишда иқлим ўзгариши туфайли Афғонистон шимоли ва ғарбида ёғингарчилик камайгани ҳақида гапирди.
«Мамлакатимиздаги иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан бири ёғингарчилик ва ўз вақтида ёғмаган қорларнинг мувозанатсизлигидир», - дейди Ҳанафий.
Ҳанафий сўзларига кўра, иқлим ўзгариши туфайли одамлар сув тошқинидан жабр кўргани, мамлакат ғарби, шимоли ва шимоли-ғарбидаги ҳудудларда ёғингарчилик камайганини айтди.
Мамлакатда йилига 2000 дан ортиқ одам нафас олиш тизими касалликлари ва иқлим ўзгариши оқибатида ҳавонинг ифлосланиши натижасида ҳаётдан кўз юмиши маълумоти келтирилди.
«Иқлим ўзгаришига қарши кураш бир қанча вақтдан бери давом этаётганига қарамай, бу борадаги саъй-ҳаракатлар ва ишлар ҳали ҳам зарур», — деди Атроф-муҳит миллий департаменти раҳбари Ҳафиз Азиз Раҳмон.
Йиғилишда ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай «Совет Иттифоқи, НАТО ва АҚШ» Афғонистонда атроф-муҳитга катта зарар етказган турли хил қуроллардан фойдаланганини айтди. У бутун дунёдан Афғонистонга бу соҳада ёрдам беришни сўради.
«Нафақат биз, балки бутун дунё биз билан бу соҳада ҳамкорлик қилишга масъулдир, чунки улар Афғонистон ҳавоси, фазоси ва атроф-муҳитига зарар етказишди ва дунё давлатлари бунга ҳисса қўшди», деди Станикзай.
Шунингдек, Халил Раҳмон Ҳаққоний мамлакатда атроф-муҳитга зарар етказувчи автомобиллар ва ташкилотлар фаолиятига чекловлар жорий қилишни таклиф қилди.
Расмийнинг айтишича, Кобул ҳавоси, айниқса, совуқ мавсумда ностандарт ёқилғилар, айниқса, кўмир, пластмасса ва бензин билан ишлайдиган автомобиллар туфайли янада ифлосланади ва аҳоли турли касалликларга чалиниш хавфи остида қолади.
20 йилдан кейин Тошкент қанақа бўлади?
Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси кўриб чиқилди, дея хабар берди Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Сурат манбаси, official
Хабарга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонасига бориб, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси билан танишган.
Шавкат Мирзиёев пойтахтни кенгайтириш зарурати ҳақида гапирган.
- Келажакни ўйлаб, стратегияни аниқ белгилаб олмасак, ўн йилдан кейин шаҳарда яшаш қийин бўлиб кетади. Қўшимча босимни инфратузилма кўтармайди. Энди хато қилишга ҳақимиз йўқ. Халқ учун яратилиши керак бўлган қулайликларни ҳисобга олиб, лойиҳани 50 йил олдин тўғри қилмасак, шаҳарнинг архитектураси ҳам, иқтисодиёти ҳам, экологияси ҳам бўмайди, - Президент сўзидан иқтибос келтиради матбуот хизмати.
Хабарда ёзилишича, айни пайтда Тошкент шаҳрининг ҳудуди 43 минг гектар, аҳоли сони эса 3 миллионга яқинлашган. Инфратузилма тармоқларига юклама ортган. Транспортлар ҳам кун сайин кўпайиб, йўл ҳаракати қийинлашиб бормоқда. Чанг, тутун экологияга салбий таъсир кўрсатмоқда.
«Шу боис Президентимиз бу масалани алоҳида эътиборга олиб, пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, келгусидаги қурилишларни шаҳар ташқарисида қилиш вазифасини қўйган эди», дейилади хабарда.
Президент.уз расмий сайтида бу борадаги режалар билан қисман таништирилган.
«Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси «Янги Тошкент» концепцияси билан мутаносиб тайёрланган. Бу янги шаҳар пойтахтимизнинг шарқий қисмида, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида барпо этилади. 500 минг аҳолига мўлжалланган бўлади» - хабар қилинади расмий сайтда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































