Ўзбекистон мусулмонлари идораси: Россия-Украина урушида қатнашиш шаръан ҳаром - Украина, Россия

Сурат манбаси, Screenshot
Россия ҳукумати Украинадаги урушга меҳнат муҳожирларини ҳам жалб қилаётган бир вақтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мусулмонларнинг Украинага бориб жанг қилиши шаръан ҳаромлиги ҳақида фатво чиқарди. Фатвода айтилишича, ушбу урушга бориб одам ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳкор бўлади.
"Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда Россия ва Украина каби уруш кечаётган ерларда истиқомат қилаётган ватандошларимизга турли ваъдалар билан урушга тарғиб қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Айрим террорчи ташкилот вакиллари эса пайтдан фойдаланиб, "жиҳод" даъвоси остида турли хунрезликларга чақириқ билан чиқмоқда", дейилади фатвода.
Диний идора мусулмон киши ўз ватанини ҳимоя қилишдан бошқа хар қандай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши шаръан жоиз эмаслигини таъкидлаган.
"Бу ҳақда мазҳабимизнинг буюк олимларидан бири Имом Муҳаммад "Ас-Сиярул-кабир" китобида айтадилар: "Мусулмонлар ғайридинлар билан бирлашиб, бошқа ғайридин жамоага қарши урушиши жоиз эмас", деганлар".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу урушга "жиҳод" номини бериш жаҳолатдан бошқа нарса эмас, дейди.
"Чунки Ислом шариатида жиҳод учун белгилаб қўйилган ўзига хос шарт ва талаблар мавжуд. Агар шартлар топилмаса, у ҳеч қандай жиҳод ҳисобланмайди. Балки у Исломда ҳаром қилинган уруш бўлади. Бунда иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади".

Сурат манбаси, knews.kg
Фатвода айтилишича, одамлар бугунги кунда курашлар, зиддиятлар, дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлар авж олган бир вазиятда яшамоқда.
"Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Шунинг учун бугунги куннинг мусулмон кишиси ҳарқачонгидан кўра огоҳ ва хушёр бўлиши даркор. Хусусан, инсоният тараққиётига таҳдид солаётган турли бўхронлар ва нотинчликлар пайтида турли фитналарга аралашмаслиги лозим. Бу каби фитналарга аралашиш шаръан ҳаром ҳисобланади. Қолаверса, амалдаги қонунчилигимизда ҳам хорижий мамлакатларнинг ҳарбий тузилмалари, ноконуний диний ташкилотлар ва террорчи гуруҳлар таркибига аъзо бўлиш таъқиқланган".
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг айтишича, икки жамоа ўртасида уруш чиқса Ислом дини уларни тинчлантиришга чақиради.
"Хулоса қилиб айтганда Ислом дини икки жамоа ўртасида уруш бошланса, улардан бирига қўшилиб, уни алангалатишга эмас, балки тинчликка эришишга чақиради. Шундан келиб чиқиб, биз ватандошларимизни турли алдамчи тарғиботларга учмасликка, фитналардан йироқ бўлишга даъват этамиз".
Олдинроқ Ўзбекистондаги бир неча давлат муассалари ўзбекистонликларни Украинадаги урушга ёлланма аскар сифатида жанг қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари борлигидан огоҳлантирганди.
"Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади", дейилди Бош прокуратура томонидан чиқарилган хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























