Ўзбекистон: Ўлдирилган аёл ва машинадаги майит - аслида нима бўлганди? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot/ijtimoiy tarmoq
Ўзбекистонда аёлларга қарши зўравонлик мавзуси яна диққат марказида.
Тошкент вилоятида эри тарафидан ўлдирилган икки болали ёш аёл тақдирига оид хабарлар Ўзбекистондаги аксар нашрлар ва ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди.
Маҳаллий нашрларга кўра, марҳума олдинроқ боғчада эри тарафидан калтакланади.
Шундан сўнг у отаси билан бирга маҳалладаги масъуллар ва участка инспекторига чиқади.
Аммо унинг отаси қизининг аризаси кўриб чиқилмаганини айтган.
"Дарҳақиқат, ўша куни айбдор ушланганда қизи фожиали тарзда ўлдирилмас эди. Лекин инспекторнинг "зарур" ишлари сабаб зўравон озодликда қолган" - деб ёзади kun.uz нашри бу борадаги ўз мақоласида.
Алоқадор мавзулар:
"Ўлса ҳисобми?"
Қуйи Чирчиқда олдин эри тарафидан олдин дўппосланиб, кейин пичоқланиб ўлдирилган аёл ҳақида ижтимоий тармоқдаги хабарни фаол ва блогер Ақида Ҳанум худди шундай савол билан бошлаган.
У марҳумага қарши ошкор бўлган илк зўравонлик ҳолатидан кейин чора кўрилмаганини эслатади.
"Биронта масъул ташкилотлар нимадир қилишдими? Қамаб қўйса бўларди. Бизда зўравонга ҳатто 15 сутка йўқ".

Сурат манбаси, Shahnoza Soatova/Facebook
"Аёлларимиз ҳамжинслари томонидан пассив (эрнинг аёл қариндошларидан дакки, босим, тақиқу таҳқирлар), эрнинг ўзи томонидан актив (куч ишлатиш) зўравонликка мунтазам дучор бўлмоқдалар, бу даҳшатли даражада, тасаввур қилолмайсизлар. Тасаввур қилиш учун холис бўлиш кифоя" - деб ёзди Адлия вазирлиги ходимаси ва блогер Шаҳноза Соатова.
"Онг ўзгармаса, ҳеч нима ўзгармайди. Тоқат бор жойда иллат яшайверади. Иллатга нисбатан тоқатсизлик керак!"
Тошкент вилоятидаги айни воқеа ижтимоий тармоқларда ҳам баҳс-мунозара қўзғамоқда.
Баъзилар бу фожианинг олдини олиш учун мутасадди ташкилот ва ё шахсларнинг етарлича ҳаракат қилмаганини айтишади.
Бошқалар эса жамиятда аёл кишига нисбатан мавжуд қарашлар ва босимларни ҳам тилга оладилар.
Машинадаги марҳума
Тошкент вилоятидаги фожиа атрофида баҳслар тинмасдан туриб, бошқа бир ҳолатга оид видео ҳамда хабарлар тарқалди.
Аввалига эр аёлини ўлдириб, жасадини икки кун машинасида олиб юрган, деган даъволар янгради.
Бош прокуратура айни хабар борасида текширувлар кетаётганини таъкидлади.
Ўзбекистондаги xabar.uz нашрининг Бош прокуратурадан иқтибос келтириб ёзишича, воқеа икки ярим ой бурун - 10 июнь куни содир бўлган.
"Яъниким, ўша куни пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи 25 ёшли Д. К. чап тухумдон кистаси ёрилиши натижасида ички қон кетишидан вафот этган. Экспертиза текшируви жараёнида марҳуманинг баданида тан жароҳатлари аниқланмаган" - расмийлардан иқтибосан ёзади нашр.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани ва ўлимга сабаб бўлган ҳолатларга янада аниқлик киритиш учун судга оид комиссиявий экспертиза тайинлангани ҳам хабар қилинган.
Ўзбек аёли ва зўравонлик
Сўнгги йиллари Ўзбекистонда аёлларга қарши зўравонлик масаласи тез-тез диққат марказига чиқмоқда.
Масалан, аёлларнинг ўз уйида, хусусан, эри тарафидан зўравонлик остида қолаётгани, баъзида расмийлар қўлида таҳқирланаётгани ва ҳатто бошқа аёллар тарафидан "самосуд" қилингани ҳолатлари бор.

Икки йил олдин Самарқандда Мустаҳкам исмли ёш аёлнинг эри томонидан аёвсиз калтаклангани уйидаги кузатув камерасига тушган ва бу видео тарқалганди.
Шундан сўнги фаоллар ва расмийлар ёш аёл тақдирига эътибор қаратишган.
Кейинроқ, Мустаҳкам Би-би-си билан суҳбатда узоқ вақт зўравонликка чидаб келганини айтганди.
Сўнгги ойларда эса Ўзбекистондаги тўйларда келиннинг куёв тарафидан дўппосланиши акс этган видеолар дунё бўйлаб тарқалди ва қатор мамлакатларда нашр этилди.
Ижтимоий тармоқларнинг оммалашуви ортидан кўплаб зўравонлик ҳолатлари аксланган видеолар тарқалмоқда.
Жамиятда аёлларга нисбатан мавжуд босимлар, қизларни эрта турмушга узатиш, уларнинг зўравонликка юз тутишини оддий ҳолат каби қабул қилиш ва кўплаб аёлларда зарур касб-ҳунар йўқлиги ҳамда иқтисодий мустақиллик етишмаслиги ҳам зўравонликларни тўхтатишга халақит берадиган омиллар сифатида тилга олинади.
Эслатма: Би-би-си ташқи ҳаволалардаги материаллар учун масъул эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































